Ўзбекистон элчиси Ҳиндистон Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

10:51 09 Июль 2020 Сиёсат
249 0

2020 йил 8 июль куни Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Элчиси Дилшод Ахатовнинг Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковиндга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган суҳбат чоғида Ҳиндистон Президенти икки ва кўп томонлама шаклларда, шунингдек, CОВИД-19 тарқалишига қарши курашдаги самарали ҳамкорликни қайд этди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида инвестиция, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Ҳиндистон раҳбари 2021-2022 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига Ҳиндистон номзодини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистонга самимий миннатдорлик изҳор этди ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришга ишонч билдирди.

Рам Натҳ Ковинд Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган учрашувни самимий қайд этди ва давлатимиз раҳбарига чуқур ҳурмат ва энг яхши тилакларини изҳор этди.

Ҳиндистон Президенти Ҳиндистон ва Ўзбекистонни кўп асрлик умумий тарих, яқин ва дўстона ришталар боғлаб турадиган стратегик шериклар эканлигини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?