Ўзбекистон экологик партиясини тузиш масаласи муҳокама қилинди

18:52 14 Ноябрь 2018 Сиёсат
319 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев/"Халқ сўзи"

Пойтахтимизда экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускорлар мажлиси бўлиб ўтди. Унда экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар, олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар томонидан экологик сиёсий партиянинг таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, унинг аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съездини чақириш вазифаларини амалга оширувчи ташкилий қўмитани тузиш, шунингдек, ташкилий қўмитанинг таркиби, жойлашган манзили ва таъсис сеъздини чақириш муддати ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Маълумки, ўтмишда атроф-муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизи қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви,биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммоларни пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу муаммолар бугунги иқлим ўзгариши кузатилаётган бир шароитда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлаётир. Шундай экан ҳозирги кунда Ўзбекистон учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалаларини янада долзарб қилиб қўймоқда.

Бинобарин, мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида муайян тажриба орттирилди. Бироқ соҳадаги вазифаларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Бу эса давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этяпти.

Республикамизда ўтган даврда ушбу вазифалар ижроси юзасидан муайян ишлар қилинди. Бу борада илк қадам сифатида жамоат ташкилотлари ташаббуси асосида Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилди. Мазкур фуқаролик институтига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан 15 та депутатлик ўрни учун квота ажратилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар ўз навбатида атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш имконини берди.

Президентимиз ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаб ўтганидек, “...2008 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган даврда чинакам сиёсий кучга айланди. Аммо тан олиш керак, Ҳаракат вакиллари парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади”.

Ташаббускорлар мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партияни ташкил этиш зарурати вужудга келгани, экологик сиёсий партиянинг асосий эътибори эса атроф-муҳитни муҳофаза қилишни мамлакат ҳар бир фуқаросининг умумий ишига айлантиришга қаратилиши зарур эканлигини қайд этиб ўтдилар.

Таъкидлаш жоизки, хорижий давлатлар амалиётида экология соҳасидаги сиёсий партиялар жамият ҳаётида муҳим ўринга эга. Жумладан, дунёда 100 яқиндавлатларда экологик партиялар фаолият олиб боради. Бугунги кунда кўплаб экологик партиялар мамлакатлар сиёсий майдонининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида вакиллик органларида ўринлар эгаллаш вазифаларини ўз олдига қўйган. Улар ўрин олгач, парламентда ўз олдидаги муштарак мақсадларни давлат сиёсати даражасида илгари сурадилар.

— Сиёсий куч сифатида экологик партия тузиш бўйича илгари сурилган ташаббуснинг қўллаб қувватланишини катта хурсандчилик билан кутиб олдик, — дейди Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган ташаббускорлардан бири Айсанам Бегимова. — Сабаби, мазкур ғоянинг рўёбга чиқарилиши Оролбўйидаги мураккаб экологик вазиятни юмшатиш, бу борада самарали дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишда ҳам давлат органлари қатори фуқаролик жамияти вакиллари, умуман, барчамизнинг зиммамизга юксак масъулият, шарафли вазифа юклайди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, ташаббускорлар томонидан бир овоздан Ўзбекистон фуқароларининг бугунги ва келажак авлодларини қулай шароитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар саломатлигини сақлашга йўналтирилган тизимли ўзгаришларга жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга даъват қиладиган сиёсий куч — экологик сиёсий партия тузиш таклифи маъқулланди.

Шунингдек, мажлисда атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хайрихоҳ бўлган кенг жамоатчилик вакилларидан ташкил топган экологик сиёсий партия тузиш бўйича Ташкилий қўмита шакллантирилди. Унга партияни ташкил этиш “йўл харитаси”ни, таъсис ҳужжатларини тайёрлаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий жараёнларни амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Ҳар томонлама муҳокамалардан, таклиф ва мулоҳазалардан сўнг йиғилиш иштирокчилари томонидан партияни Ўзбекистон экологик партияси, деб номлаш юзасидан қарор қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар