Ўзбекистон делегацияси “Атомэкспо-2019” XI форумида иштирок этади

18:51 08 Апрель 2019 Иқтисодиёт
276 0

Аввало таъкидлаш жоиз, “Атомэкспо” форуми ҳар йили “Росатом” давлат корпорацияси томонидан ташкил этиб келинади. Мазкур нуфузли тадбир атом тармоғининг бугунги ҳолати муҳокама қилинадиган, унинг замонавий тараққиёти трендлари шакллантириладиган халқаро кўргазма ва ишбилармонлик майдони ҳисобланади. Анжуман 15-16 апрель кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтади ва “Атомэкспо” — “Яхши ҳаёт учун атом технологиялари” унинг бош мавзуси этиб белгиланди.

Эътиборлиси, бу галги форум ишчи дастури биринчи марта Халқаро дастурий қўмита томонидан шакллантирилган. Унинг таркибидан эса Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳузуридаги Ядро энергияси агентлиги бош директори Уильям Магвуд, Жаҳон ядро ассоциацияси бош директори Агнета Ризинг, Жаҳон атом электрстанцияларидан фойдаланувчи ташкилотлар ассоциацияси собиқ раиси Жак Регальдо, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳузуридаги Ядро энергияси агентлигининг собиқ бош директори Луис Эчаварри каби соҳанинг нуфузли вакиллари жой олган.

Форум иштирокчилари углеродсиз энергетика тараққиёти, экология ва табиий ресурсларга масъулият билан муносабатда бўлиш, “яшил” инвестициялар, барқарор ривожланиш йўлидаги халқаро ҳамкорлик каби глобал масалаларни кўриб чиқишади.

Кўргазмаларда дунё атом индустрияси ва унга яқин тармоқларнинг етакчи компаниялари ўз инновациялари, илғор атом технологияларини қўллашнинг кенг йўналишлари, янги маҳсулотлари ва ечимлари билан иштирок этади. Кўргазма экспозицияси майдони 13000 метр квадратдан зиёддир.

“Атомэкспо-2019” доирасида иккинчи бор “Atomexpo Awards” халқаро мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтади. Ушбу соврин инсоният фаровонлиги йўлида атом технологияларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишга ҳисса қўшганларга берилади. “Ўзатом” агентлигининг хабар беришича, унга даъвогарлик қилаётган 25 та давлат ичида Ўзбекистон томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳам жой олган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, ўтган йилги “Атомэкспо” X юбилей форумига дунёнинг 68 мамлакатидан 4000 дан зиёд делегат ва меҳмонлар келган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 65 та, 2016 йилда 55 тани ташкил қилганди. Кўриниб турибдики, иштирокчилар сони йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Бу эса сайёрамизда экологик жиҳатдан тоза энергетикага бўлган қизиқиш ортиб бораётганини англатади.

Ўз навбатида 2018 йилда тадбирда 600 та компания ҳозир бўлган. Унда ҳамкорлик ва шерикликка оид 39 та келишув ҳамда бошқа ҳужжатлар, жумладан, савдо битимлари имзоланган. Аҳамиятлиси, юбилей форумда Ўзбекистон ҳам Россия билан тинч атом соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда атом технологияларини республика бўйича ривожлантириш мақсадида илк бор иштирок этганди. Жорий йилда мамлакатимиз делегациясининг мазкур форумдаги бўлажак иштироки дастури янада кенгроқ миқёс касб этади. Зеро, унинг таркибидан Энергетика вазирлиги, “Ўзатом” агентлиги, Фанлар академияси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакиллари жой олган. Форум доирасида шериклар ва бошқа компаниялар билан Ўзбекистонда АЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик истиқболлари бўйича учрашувлар ҳамда музокаралар ўтказилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019