Ўзбекистон Буюк Британияга 20 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берди

09:20 07 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
294 0

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Самарқанд вилоятидаги "GardenCells« корхонаси билан Британиянинг »Vita Plus Ltd" компанияси ўртасида имзоланган шартнома доирасида Буюк Британиянинг пойтахтидаги “Western International Market” улгуржи бозорига ўзбек қуритилган меваларининг биринчи жўнатмаси етказиб берилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Қуритилган мевалар, қора майиз, нўхат, бодом ва жийда меваларидан иборат умумий ҳажми 20 тонна бўлган жўнатма Тошкентдан 19 август куни йўлга чиққан эди. Айни пайтда ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олган Британия компанияси қуритилган қовун, ўрик, гилос ва нок етказиб бериш орқали Ўзбекистондан маҳсулотлар экспорти ҳажмини янада кенгайтиришни режалаштирган.

"Vita Plus Ltd" компанияси бош менежери Шариф Рустамхаилнинг таъкидлашича, Ўзбекистон маҳсулотлари ўзининг юқори сифати билан ажралиб туради ва унинг компанияси ўзбекистонлик шериклар билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга тайёр.

«Умид қиламизки, қора узум, нўхат, бодом ва жийда каби олиб келинган маҳсулотлар харидорларимиз томонидан севиб ва харид қилинади. Компаниямиз Британия бозорига 70-80 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беради, уларни 1 минг 200 дан ортиқ корпоратив мижоз, шу жумладан ресторан, меҳмонхона, кафе, чакана савдо дўконлари ва бошқа мижозлар тармоғи орқали сотади. Биз ўз маҳсулотларимиз турларини Ўзбекистондан олиб келинадиган маҳсулотлар ҳисобидан кенгайтирамиз. Айни пайтда ушбу масалада шерикларимиз билан музокаралар олиб бормоқдамиз», деди у.

Ўз навбатида, "Vita Plus Ltd" асосчиси Навоз Рустамхаил Ўзбекистон маҳсулотларининг ўзига хос таъмини таъкидлаб, нафақат қуритилган маҳсулотлар, балки ҳўл мева ва сабзавотларни ҳам харид қилишга тайёр эканини тасдиқлади.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа мамлакатлари, шу жумладан Буюк Британия бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини фаол равишда ошириб бормоқда. Бунда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш ва Ўзбекистон компаниялари билан хорижий корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?