«Ўзбекистон бундан кейин ҳам тинчлик жараёнига кўмаклашади»

10:29 29 Март 2018 Сиёсат
641 0

Исматилла ИРГАШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили:

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан Афғонистон бўйича Президентнинг махсус -вакили институти таъсис этилганига ҳадемай бир йил тўлади. Бу мамлакатимиз ташқи сиёсатида Афғонистон устувор аҳамият касб этишининг яна бир яққол тасдиғи бўлди.

Шуни комил ишонч билан айтиш керакки, бугун Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳамкорлик орқали хавфсизликни мустаҳкамлаш тамойилига асослангандир. Буни 27 март куни Афғонистон бўйича бўлиб ўтган Тошкент конференцияси ҳам яққол тас-диқлайди. Мухбиримиз конференция якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла ИРГАШЕВдан интервью олди.

— Ўтган даврда Президентимизнинг янги ташқи сиёсат концепцияси туфайли Марказий Осиёнинг барча мамлакати билан дўстлик ҳамда яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Афғонистон мазкур концепциянинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Илгарилари биз ушбу мамлакатдан чиқаётган таҳдидлардан қўрқиб, унга нисбатан “ёпилиб” олган эдик. Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барчани Афғонистонга таҳдид сифатида қараш эмас, балки бу мамлакатда тинчликни тиклаш учун шароит яратиш имкониятини беришга чақирди. Айнан шундан сўнг мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқалари кескин фаоллашди. Бошқача айтганда, давлатимиз раҳбари Афғонистонни дунё иқтисодий-хўжалик муносабатларига, минтақавий ҳамкорликка фаол жалб қилиш жараёнида самарали иштирок этган ҳолда, ушбу қўшни мамлакатни минтақанинг ажралмас қисмига айлантириш таклифини илгари сурди. Шундай ёндашув туфайли икки томонлама алоқаларимизни кенгайтириш ҳамда афғон муаммосини ҳал қилишга кўмаклашиш борасида жуда кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан жорий йилнинг 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференцияси бўлиб ўтди. Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф ўани томонидан қўллаб-қувватланган мазкур ташаббус кенг халқаро ҳамжамият хайрихоҳлигида уюштирилди. Мазкур форум биринчи марта шундай шаклда ўтдики, унда БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари, ШҲТ иштирокчи-мамлакатлари, минтақадаги йирик давлатлар, Хитой, АҚШ ҳамда Россия сингари катта таъсирга эга мамлакатлар вакиллари қатнашди. Кўплаб делегациялар юқори мартабали раҳбарлари қайд этганидек, уларнинг мазкур форумдаги иштироки улар нафақат афғон муаммосига, балки Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатда ва Марказий Осиё минтақасида олиб борилаётган мислсиз ислоҳотлар жараёнига катта қизиқиш билан қараётганини кўрсатади. Юртимиз минтақадаги ўзаро алоқаларни, дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлашнинг локомотивига айланмоқда. Нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Европа иттифоқи давлатимизнинг янги ташқи сиёсат стратегиясини тўла қўллаб-қувватлаяпти. Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини конференцияда Марказий Осиё бўйича Самарқанд анжуманидан сўнг тўрт ой ўтиб, Ўзбекистонга иккинчи марта келганини алоҳида таъкидлади. Бу нафақат афғон муаммосини ҳал қилишга бўлган интилиш, балки Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги кенг кўламдаги ўзгаришларни тўла қўллаб-қувватлашининг яққол тасдиғидир.

— Афғонистон билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришда қандай аниқ қадамлар ташланди?

— Яна бир бор қайд этиш керакки, Афғонистон билан ҳамкорликнинг янги ёндашувлари ҳаётга татбиқ қилиниши туфайли икки томонлама муносабатларда сезиларли ўзгаришларнинг уддасидан чиқилди. Масалан, давлатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида мақбул темир йўл ҳамда бож тарифлари жорий этилди. Афғонистонлик тадбиркорларга бизнес мулоқотини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Афғонистон билан чегарада замонавий “Termiz kargo” экспорт маркази очилди. У ерда турли товарларни катта ҳажмда сақлаш имконияти яратилди. Шунингдек, бу ерда юкларни тезкорлик билан расмийлаштириш учун божхона ва банк хизмати фаолияти йўлга қўйилди, темир йўл ётқизилди. Мамлакатларимиз ўртасида юклар транзити тўғрисида битим имзоланиши савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишда муҳим қадам бўлди. Кобул ҳамда Мозори Шарифда савдо уйлари очилди.
Тошкент конференциясида давлатимиз раҳбари Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқаро фонд ташкил қилиш юзасидан янги ташаббусни илгари сурди. Бу ниҳоятда долзарб ташаббусдир. Негаки, Афғонистонга бугун малакали кадрлар керак. Бошқа тарафдан, таълим олмаган ёшлар турли террорчилик ва қуролли тузилмалар учун енгил ўлжага айланаяпти, уларнинг ижтимоий базасини мустаҳкамлаётир. Мазкур фонд маориф орқали экстремизм ҳамда радикализм ғояларига қарши курашишга ёрдам беради. Бу куч ишлатишдан кўра бирмунча самаралироқ усул ҳисобланади. Шу боис ҳам мазкур ташаббусни нафақат конференция иштирокчилари, айни пайтда афғонлар ҳам қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон ушбу йўналишда кўплаб ишларни амалга ошираяпти. Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолияти йўлга қўйилди. Мен хизмат тақозоси билан Сурхондарёда кўп бора бўлиб, мазкур марказда қўшимча ўқиш ва тураржойлар қурилишини назорат қилиб бораман. Ва албатта, ҳар доим марказда таҳсил олаётган ёшлар билан мулоқотда бўламан. Уларга Ўзбекистон томонидан афғон халқи ҳамда ушбу мамлакатда тинчликни қарор топтириш йўлида бажарилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб бераман. Йигит-қизлар сиёсатга, иқтисодиётга жуда қизиқиши кўзга яққол ташланади. Уларнинг нигоҳлари ёниб туради. Шундан ҳам улар қисқа даврда анча улғайганини, ўзгарганини сезиш мумкин. Улар Ўзбекистон Президенти ва халқидан миннатдор. Келажакда ўқитувчи бўлиб фаолият юритганда, ўз ўқувчиларига меҳмондўст ўзбек халқининг ёрдами ҳақида сўзлаб беришларини қайд этишади.

Афғон ёшларини яқин истиқболда мамлакат учун бошқа муҳим ихтисосликлар — шифокорлар, темир йўлчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисликлар бўйича ҳам  тайёрлашга киришамиз.
— Экспертлар темир йўл ҳамда электр тармоғи қурилишини ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида эътироф этишмоқда. Бу лойиҳаларнинг истиқболлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Жуда қисқа вақт ичида Афғонистон билан ҳамкорликда иккита катта аҳамиятга эга иқтисодий лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Улардан бири темир йўлни Мозори Шарифдан Афғонистон ўарбидаги Ҳирот шаҳригача давом эттириш лойиҳасидир. Шуни қайд этиш керакки, бу Афғонистонни иккита қўшни давлат — Ўзбекистон ва Эрон билан боғлайдиган ягона темир йўл линияси ҳисобланади. Унинг фойдаланишга топширилиши натижасида минглаб афғонлар ишли бўлади, мамлакат юклар транзитидан катта даромад олишни бошлайди. Бундай юклар ҳажми яқин келажакда йилига 10 миллион тоннадан ортиқни ташкил қилиши мумкин. Ўйлайманки, ҳатто “Толибон” ҳаракати тимсолидаги мухолифат ҳам мамлакатда бундай муҳим инфратузилма лойиҳалари рўёбга чиқарилаётганини кўриб, қуролли қарама-қаршиликни давом эттириш мантиқсизлиги ҳақида ўйлаб кўради. Чунки бу каби иқтисодий лойиҳалар, авваламбор, афғон халқига наф келтиради. Одамлар турмуш даражаси ўзгарганини чинакамига ҳис қилишади. Шуни қайд этиш керакки, лойиҳа нафақат Афғонистонга, балки Марказий Осиё мамлакатларига ҳам фойдалидир. Биз илгари трансафғон йўлаги ҳақида кўп гапирар эдик. Эроннинг денгиз портларига олиб чиқадиган бу йўлак бугун ҳақиқий воқеликка айланаяпти. Ушбу темир йўл ишга туширилиши билан минтақа Бандар-Аббос, Чабаҳар ва Гвадар портларига чиқиш имкониятига эга бўлади. Темир йўлнинг якуний йўналиши белгилаб олинди. Мутахассислар иш жараёнида у 100 километрдан кўпроққа қисқартирилди. Йўналиш ҳаводан кузатилди, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёрланмоқда. Ўзбекистон ҳамда Афғонистон халқаро консорциум ташкил этиб, халқаро молия институтларига ушбу лойиҳани молиялаштириш учун мурожаат қилди. Мамлакатимиз раҳбари масаланинг якуний қарорини кутиб ўтирмасдан, лойиҳани жадаллик билан амалга ошириш мақсадида уни Ўзбекистон томонидан молиялаштириш бўйича қарор қабул қилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан Сурхондарё вилоятидан Пули Хумри ҳудудигача электр узатиш линиясининг қурилиши Афғонистоннинг, шу жумладан, пойтахт Кобул шаҳрининг ўткир муаммоларидан бири — энергия муаммосини сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Мазкур лойиҳа катта салоҳият ва имкониятларга эга. Сурхон — Пули Хумри янги электр тармоғи Афғонистонга Марказий Осиёнинг ягона электр энергияси тизимига қўшилишига ёрдам беради, келажакда эса электр энергиясини мазкур мамлакат ҳудуди орқали Покистонга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари, биз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, энергетика соҳаларида қўшма корхоналар барпо этишни режалаштираяпмиз. Ҳозирги пайтда ушбу лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Афғонистон Ислом Республикасига автомобилларимизни етказиб бериш устида ишлаяпмиз. Тез ёрдам машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникалари шулар жумласидандир. Яқин истиқболда биз Афғонистон тарафи билан 350 тага яқин автомобилларни етказиб бериш бўйича шартнома имзоланишини кутаяпмиз. “Ўзавтосаноат” компанияси билан музокараларда бу борада тегишли келишувга эришилди. Афғонистон ҳудудида автомобилларимиз эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича заводлар қуриш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш кўзда тутилаётир. Ўзбекистон тарафи афғонистонлик ҳамкорларига ўз таълим муассасаларида соҳа учун кадрлар тайёрлашда ҳам ёрдам беради.

Фармацевтика, тиббий хизмат соҳасида катта ишлар бажарилди. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқаролари учун кўп тармоқли тиббиёт муассасаси фаолият юрита бошлайди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилиб, икки мамлакат пойтахтлари ниҳоят яна ўзаро боғланди. Ҳаво қатновлари ҳар ҳафтада амалга оширилаяпти ва яқин келажакда уларнинг сони яна ошиши кутилмоқда. Виза масалаларини енгиллаштириш учун ҳам барча шароит яратилаяпти. Мамлакатдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, афғонлар Самарқанд ҳамда Бухоро сингари тарихий шаҳарларимизга ташриф буюришга катта қизиқиш билдиришмоқда. Умид қиламизки, ҳадемай, ушбу мамлакатдан сайёҳларни қабул қила бошлаймиз. Буларнинг барчаси Афғонистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларнинг бир қисми холос.

— Сизнинг назарингизда, Тошкент конференциясининг асосий натижалари нималардан иборат?

— Тошкент конференциясининг катта муваффақият билан ўтишида унга қизғин тайёргарлик кўрилгани муҳим ўрин тутди. Бунда кўп сонли музокаралар ўтказилди, форум концепцияси ва кўриб чиқиладиган ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди. Бу жуда ҳам мураккаб жараён бўлганини айтиш лозим. Гап шундаки, музокаралар столига афғон муаммосини ҳал этишнинг айрим жиҳатлари борасида турли жиддий қарама-қарши фикрларга эга бўлган томонлар таклиф қилинган эди. Аммо кўриб турганингиздек, конференциянинг барча иштирокчиси жафокаш Афғонистон заминида тинчлик жараёнига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда бу йўналишда барча саъй-ҳаракатни бирлаштириш юзасидан якдил фикрда бўлди. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “уруш олови” афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу — унинг танлови эмас”, деган сўзларини ёдга олиш ўринли бўлади. Тошкент конференциясининг муҳим натижаси шундаки, анжуман қатнашчилари қуролли мухолифатга, шу жумладан, “Толибон” ҳаракатига кўп йиллик можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасида тарихий имкониятни қўлдан чиқармаслик лозимлиги ва муаммони ҳарбий йўл билан ечишнинг имкони йўқлиги юзасидан аниқ ҳамда қатъий ишорани бердилар.

Албатта, биз Афғонистон тинчлик музокаралари эртагаёқ бошланади, дейишдан йироқмиз. Ушбу мақсадга эришиш учун вақт, яна анча сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар керак бўлади. Ўзбекистон ушбу анжуманни бир марталик тадбир сифатида ўтказмади. Бинобарин, Тошкент Афғонистонда миллий ярашувга эришиш бўйича бутун жараённинг қисми бўлишни ният қилган. Биз афғон дўстларимиз билан мазкур мураккаб ишни давом эттирамиз. Энг асосийси, афғонистонлик биродарларимиз Ўзбекистонга ишонишмоқда. Улар саъй-ҳаракатларимиз самимийлигини теран ҳис қилишади ҳамда қатъий аминдирларки, Ўзбекистон ушбу жафокаш заминда тинчлик ва осойишталик ўрнатишдан бошқа бирор-бир мақсадни кўзламайди. Анжуман иштирокчилари бўлажак тинчлик музокаралари доираси, шакли ҳамда жойи афғонларнинг ўзлари томонидан белгиланиши кераклигини аниқ баён этишди. Халқаро ҳамжамият эса бу жараёнга кўмаклашади, холос. Агар Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати музокаралар жараёнига кўмаклашишни сўраб мурожаат қилса, биз бўлғуси тинчлик музокаралари учун мулоқот майдонини ажратишга тайёрмиз. Тошкент ҳар доим нафақат нон, балки тинчлик шаҳри ҳам бўлган. 1966 йилда айнан пойтахтимизда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий можарога нуқта қўйилганини кўпчилик яхши эслайди. Ўшанда икки мамлакат етакчилари — Муҳаммад Аюбхон ва Лаъл Баҳодир Шастри айнан Тошкентда тинчлик бўйича келишувга эришган эди.

Қобил ХИДИРОВ 
суҳбатлашди.


 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар