Ўзбекистон боксининг узоқ йиллик раҳбари истеъфога чиқарилади

15:23 01 Февраль 2019 Спорт
1214 0

Ўзбекистон бокс федерациясининг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаб келган Шерзод Тошматов истеъфога чиқарилади. Бу ҳақда Go Sport нашри хабар бермоқда.

МОҚ хабарига кўра, 2 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Унда ташкилий масала кўриб чиқилади. Go Sport ушбу мажлисда Шерзод Тошматов вазифасидан озод қилиниб, бокс федерациясига янги биринчи вице-президент тайинланиши кутилаётганини билдирган.

Маълумот учун, Шерзод Тошматов 2014 йилнинг ноябрь ойидан федерацияда фаолият юритиб келади. Федерация президент Очилбой Раматов бир вақтнинг ўзида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбари, Ўзбекистон футбол федерациясининг президенти бўлгани боис, федерацияни асосан Тошматов бошқариб келган.

Тошматов даврида ҳаваскорлар бўйича Ўзбекистон терма жамоаси кўплаб муваффақиятларга эришган. Жумладан, 2016 йилги Рио олимпиадасида 3та олтин (жами 7та) медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган, 2018 йилги Осиё ўйинларида эса 5та олтин, 2та кумуш медаллари билан якунда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни, йил якунлари бўйича эса Осиёнинг энг яхши федерацияси номини қўлга киритган.

Шерзод Тошматов 2016 йилнинг 17 декабрида Осиё бокс федерацияси вице-президенти лавозимига ҳам тайинланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?