Ўзбекистон БМТнинг Амударё ва Сирдарё дарёлари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциясини маъқулламоқда

18:33 06 Июнь 2018 Жамият
346 0

Кеча Тошкентда ўз ишини бошлаган Марказий Осиё экология форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқишни фаоллаштиришни таклиф қилди.

Унинг фикрича, глобал исиш шароитида минтақада сув ресурсларига боғлиқлик фақат чуқурлашиб боради.

“Саъй-ҳаракатлар, билимлар, ресурслар кооперациясисиз мазкур таҳдидга қарши мос жавобни ишлаб чиқа олмаймиз”, деди ҳукумат вакили.

У Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 90 фоизидан зиёди бугун сунъий суғоришни талаб этаётгани, минтақа аҳолисининг қарийб 80 фоизи, яъни аграр соҳада банд бўлган 55 миллиондан зиёд инсон ҳаёти сувдан фойдаланишга тўғридан-тўғри боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб минтақада аҳоли сони 90 миллион кишига етади. Мазкур демографик ўсиш фонида сув танқислиги 25-30 фоизни ташкил этади. Боз устига, суғорма ерларда фойдаланиладиган сув ресурсларига бўлган эҳтиёж 2020 йилга келиб 30 фоиз ортади.

БМТ экспертлари ҳисоб-китобига кўра, Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланишдан олинадиган иқтисодий фойда минтақавий ички ялпи маҳсулотнинг 5 фоизи ёки тахминан 20 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши мумкин.

“Ўзбекистон минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда БМТнинг Амударё ва Сирдарё дарёлари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциясини биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда маъқуллаш ишларини фаоллаштиришни таклиф этади”, деди Н.Отажонов.

Бош вазир ўринбосари Орол ҳалокати нафақат бизнинг умумий экологик кулфатимиз, балки амалий ҳаракатлар талаб этадиган жуда жиддий вазифа эканлигини қайд этди. У Орол ҳалокати билан боғлиқ долзарб муаммоларни ечиш йўлида Марказий Осиё мамлакатлари ҳаракатларини фаоллаштириш ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигига урғу берди.

Нодир Отажонов Ўзбекистон маиший чиқиндиларни дунё стандартлари асосида бошқаришнинг мутлақо янги стратегиясини қабул қилмоқчи эканлигини ҳам билдирди.

Бугун дунё бўйича пластикдан фойдаланиш ҳажми 300 миллион тоннадан ошди. Мазкур муаммога жавобан Ўзбекистон раҳбарияти чиқиндиларни бошқариш бўйича ички сиёсатни тўлиқ қайта кўриб чиқди. Бунда ҳосил бўлишдан тортиб то тўлиқ утилизация қилиш ҳамда қайта ишлашгача бўлган барча занжирлар бўйича чиқиндиларни бошқаришга интеграллашган ёндашув қабул қилинди.

Н.Отажонов мамлакатда маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш бўйича кластерлар яратилаётгани ва тартибга солишнинг янги иқтисодий механизмлари жорий этилаётганини эътироф этди.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон инновацион технологиялар, илмий-техник ишланмаларни жорий этиш, энергия тежамкор асбоб-ускуналар ва қурилмаларни ишлаб чиқаришни кенгайтирш ва маҳаллийлаштириш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишда ёқилғи-энергетика мувозанатини диверсификация қилиш чора-тадбирларини қатъий кучайтирмоқчи эканлигига ҳам алоҳида урғу берган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар