Ўзбекистон — АҚШ: Савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада ривожланади

14:30 12 Май 2018 Иқтисодиёт
563 0
Фото: president.uz

Хабар қилинганидек, жорий йил 15 — 17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Музокаралар чоғида қатор долзарб масалалар билан бирга, амалий шерикликни кенгайтириш ва ўзбек иқтисодиётига АҚШ сармоялари ҳамда технологияларини жалб этиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Ушбу муҳим воқеа арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги Ўзбекистон — Америка савдо алоқаларининг замонавий ҳолати ва истиқболларини таҳлил этди.

Америка Қўшма Штатлари кўпгина иқтисодий ҳамда бошқа кўрсаткичлар бўйича сайёрамиздаги етакчи мамлакат бўлиб қолмоқда: масалан, 2017 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот 18 триллион доллардан ошди. АҚШ дунёнинг энг диверсификациялашган постиндустриал иқтисодиёти бўлиб, унда юқори ишлаб чиқариш кучига эга инновациялар тармоғи устун аҳамиятга эгадир. Мамлакат илмий-техникавий тараққиёт натижаларини индустрияга татбиқ этиш, ўз кашфиётларига лицензияларни экспорт қилиш, ихтиро ҳамда энг янги ишланмалар борасида етакчи давлат саналади. Америка ялпи ички маҳсулотининг катта қисми бир неча йиллардан буён хизмат кўрсатиш соҳаси тармоқлари ҳисобидан шаклланиб келаяпти.

Ўз навбатида, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, минтақанинг барча мамлакати ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон изчил ўсувчан иқтисодиёт ҳамда катта истеъмол бозорига ва табиийки, барча қўшни давлатлар бозорига чиқиш йўлига эгадир. Арзон, бироқ юқори малакали ишчи кучи ҳамда жадал ривожланаётган инфратузилмага эга бўлган республика ўта истиқболли сармоявий шерик ҳисобланади.

Шунинг учун Тошкент ва Вашингтон ўзаро муносабатларда савдо-иқтисодий алмашувларни кучайтиришга устувор аҳамият бермоқда. 1993 йилдан буён савдо муносабатларида энг қулай шароит яратиш режими амал қилаяпти. 2006 йили имзоланган АҚШ — Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ва сармоялар бўйича доиравий битим (United States — Central Asia Trade and Investment Framework Agreement, TIFA) ҳам ўзаро амалий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашаётир.

2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ бизнес доиралари вакиллари билан қатор самарали учрашувлар ўтказгани баробарида, Американинг юздан зиёд етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистон — АҚШ бизнес форумида ҳам қатнашди. Тадбир якуни бўйича АҚШ компаниялари билан нефть-газ ва нефть-кимё жабҳаси, машинасозлик, электротехника саноати ҳамда фуқаро авиацияси соҳаларини қамраб олган, умумий қиймати 2,6 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами имзоланди. 2017 йил февралда худди шундай бизнес форуми Тошкентда ҳам ўтказилган эди.

Қўшма дастурлар ва турли жабҳалардаги лойиҳаларни илгари суришда Америка — Ўзбекистон савдо палатасининг ҳиссасини алоҳида айтиб ўтиш жоиз. 1993 йили ташкил топган мазкур ассоциация икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ишончли кўприк вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларига, халқ ҳунармандчилиги ва тўқимачилик буюмларига океанортида катта талаб бор. Ушбу йўналишда кўламли ишларни йўлга қўйиш мақсадида ўтган йили Нью-Йоркда Ўзбекистон — Америка савдо уйи очилди. У ишбилармон доиралар вакилларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, мамлакатимиз тадбиркорлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар экспортини кўпайтиришни кўзда тутади.

Маълумки, Ўзбекистон дунёнинг камсонли давлатлари қаторида ўзининг автомобилсозлик саноатига эга. Республикамиз “General Motors” корпорацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. У 2007 йилдан буён юртимиз бозорида фаолият кўрсатмоқда. Шу ўринда 2011 йили “General Motors Powertrain Uzbekistan” заводи ишга туширилгани, унда енгил автомобиллар учун двигателлар ишлаб чиқарилаётганини ҳам эсга олиш ўринли бўлади.

Жаҳон авиасаноатининг гиганти ҳисобланадиган “Boeing” мамлакатимиз учун замонавий фуқаро ҳаво кемаларини етказиб берадиган йирик шериклардан ҳисобланади. Яқинда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси парки иккита “Боинг-787-8 Dreamliner” билан бойиди. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат байроғи ранглари туширилган “орзу лайнерлари” дунёнинг узоқ масофадаги нуқталарига бетўхтов қатновларни амалга оширмоқда.

“General Electric” корпорацияси ўзбек иқтисодиётининг нефть-газ ва авиация жабҳаларидаги дастурларни ҳаётга татбиқ этишда қатнашаяпти, соғлиқни сақлаш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқишдаги лойиҳаларни молиялаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг дам олиш индустриясидаги салмоқли имкониятлари ҳамда республикамизда сайёҳлик бизнеси учун яратилган қулай шароитлар “Hyatt” корпорациясининг эътиборини тортди. Бугунги кунда ҳашаматли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси Ўзбекистон пойтахтини безаб турибди. Ҳозирги пайтда компания Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларда меҳмонхоналар тармоғини очишни кўзламоқда. Бошқа йирик корпорация — “Hilton” ҳам Ўзбекистон бозорига кириб келишни мўлжаллаяпти.

Сўнгги пайтларда валюта сиёсатини либераллаштириш, солиқ режимини соддалаштириш, сармоядорлар учун қўшимча қулайлик ҳамда имтиёзлар яратиш бўйича тизимли чора-тадбирларни кўраётган республикамиздаги ишбилармонлик муҳити АҚШнинг етакчи фирма ва компаниялари эътиборини тортаётгани, айниқса, аҳамиятлидир.

Шубҳа йўқки, Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳозирги даражаси томонлар салоҳияти ва интилишларига тўла жавоб бермайди. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболда асосий хорижий шериклар билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришдаги устувор йўналишларда бу борада бир қатор аниқ-равшан чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Хусусан, ўзбек иқтисодиётини модернизациялаш, кадрлар тайёрлаш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш, жумладан, АҚШнинг сармоявий ва маслаҳат кўмагини жалб этиш йўли билан республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши масалаларида Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган.

Халқимиз ҳамда келгуси авлод фаровонлигини таъминлаш йўлида миллий иқтисодий тизимни сифат жиҳатидан янгилаш, тармоқларни жадал ва барқарор ривожлантириш, айниқса, иқтисодиётни юқори технологиялар асосида равнақ топтириш бўйича Ўзбекистон кўзлаган режалар назарда тутилганда, буларнинг барчаси нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги яққол аён бўлади.

Шаҳриёр ТУРҒУНБОЕВ,
«Жаҳон» АА.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар