Ўзбекистон — АҚШ: Фаровон келажак учун янги имкониятлар

23:43 16 Май 2018 Сиёсат
1265 0

“Халқ сўзи” махсус мухбири Шавкат ОРТИҚОВ Вашингтондан хабар қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида икки давлат вазирлик ва идоралари, компаниялари ҳамда ишбилармонлари ўртасида ҳамкорлик бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Тузилган шартномаларнинг аҳамияти ҳақида мухбиримизга иштирокчилардан айримлари қуйидагиларни гапириб берди.

Русланбек ДАВЛЕТОВ, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири:
— Адлия вазирлиги ўтган йили уч-тўртта йирик юридик компания билан ҳамкорликни йўлга қўйганди. Мана, бугун нафақат АҚШ, балки дунё миқёсида жуда катта нуфузга эга “Baker McKenzie” халқаро юридик компанияси билан келишув имзоладик.
Бу орқали Ўзбекистонда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда ушбу компаниянинг иштирокини таъминлаш кўзда тутилган. Яъни бизга жуда катта тажриба ҳамда малакага эга бўлган экспертларни жалб этишда айнан “Baker McKenzie” ёрдамлашади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда замонавий юридик мутахассислар, тижорат, арбитраж, халқаро тижорий ҳуқуқ йўналишларида малакали кадрлар тайёрлашга яқиндан кўмаклашади.
Фақат битта бу компания эмас, биз Америка, Европа давлатларидаги бугунги кунда энг илғор юридик компаниялар билан ҳам келишувимизни давом эттирамиз.
Малака ошириб, жаҳон тажрибасини ўрганган, юридик соҳадаги тенденцияларни билган мутахассисларнинг, албатта, юртимиздаги ислоҳотлар жараёнидаги бевосита иштироки кучаяди.

Алишер МИРСОАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси:
— Президентимизнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида қатор лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, “Ўзмиллийбанк” АҚШ экспорт-импорт банки билан қиймати 100 миллион долларлик кредит шартномасини имзолади. Бу нимани назарда тутади? Айтиш жоизки, юртимиз тадбиркорлари қайта ишлашни йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш бўйича айнан АҚШ молия муассасаси кредити асосида Америкадан янги, замонавий технологиялар, асбоб-ускуналарни сотиб олишлари мумкин бўлади.
Очиғи, мазкур нуфузли банк билан анча йиллар давомида алоқаларимиз узилиб қолганди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи муносабати билан ушбу ҳамкорлик қайта тикланди. Бундан икки томон ҳам мамнун.

Баҳодиржон СИДИҚОВ, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари:
— Нефть-газ соҳаси бўйича еттита лойиҳани ҳаётга татбиқ қилиш юзасидан ҳужжатлар имзоланди. Асосий мақсад АҚШнинг илғор технологияларини Ўзбекистон нефть-газ саноатига олиб киришдир.
Энг йирик лойиҳаларимиздан бири, бу — газдан метанол, метанолдан олефинлар олиш лойиҳаси бўлиб, уни “Honeywell” компанияси билан биргаликда амалга ошираяпмиз. Лойиҳани юртимизнинг учта ҳудудида рўёбга чиқариш имконияти мавжуд. Иқтисодий жиҳатдан инфратузилмани ўргангач, ҳамкорлар билан биргаликда уни қайси ҳудудда амалга ошириш бўйича келишиб олиб, якуний бир тўхтамга келамиз.
Бундан ташқари, биз мамлакатимизда газ транспорт тизимини модернизациялаш бўйича “General Electric” корпорацияси билан ишлаяпмиз. Шу мақсадда мазкур корпорация билан ҳамкорлик битими тузилди. “General Electric”нинг Ўзбекистонда сервис марказларини очиш кўзда тутилган.
Яна бир асосий имзолаган лойиҳаларимиздан бири, бу — Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини қисман модернизация қилиб, ёқилғи-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш саналади. Буни “Exxon Mobil” компанияси билан биргаликда амалга оширамиз. Биласиз, ушбу компания мой ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринларда туради. Мақсад истеъмолчиларга сифатли маҳсулот етказиб беришдан иборат.
Қисқаси, жуда кўп истиқболли лойиҳалар бор. Уларни амалга ошириш юртимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дэн ПЕТТЕРСОН, “SilverLeaf International” компанияси президенти:
— Биз Ўзбекистоннинг “BMB Trade Group” компанияси билан 2019 йилда Жиззах вилоятининг Арнасой ҳамда Мирзачўл, 2020 йилда Пахтакор ва Дўстлик туманларида агрокластер ташкил этиш бўйича келишувга эришдик. Шартноманинг умумий қиймати 350 миллион долларга тенг. Яъни бу ерда пахтани етиштиришдан тортиб, то унинг асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишгача бўлган барча тизимни қамраб олиш кўзда тутилган. Кластерлар доирасида жами 30 мингга яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
2020 йилдан лойиҳа дастлабки мевасини беришни бошлайди ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, жумладан, жинси, чойшаблар ишлаб чиқарилиб, ташқи бозорга сотилади.
Айтиш жоизки, биз мазкур келишувдан олдин Ўзбекистон вакиллари билан тўрт ойдан ортиқ вақт мобайнида музокаралар олиб бордик. Аввало, мамлакатингизда яратилган қулай инвестициявий муҳитни, лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган ҳудудларнинг ер шароити, сув таъминотини ўргандик. Имкониятлар билан танишдик. Ҳар томонлама маъқул келгандан кейин ишлашга келишдик. Ўйлаймизки, бу ҳамкорлик юксак натижалар беради.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар