Ўзбекистон 121-мамлакатга айланди

11:01 12 Сентябр 2019 Иқтисодиёт
273 0

Навоий вилояти ҳокими дунёнинг 120 мамлакатида фаолият кўрсатаётган “DT World” ҳамда “DP World” компаниялари ижрочи директори Маҳмуд ал Бастаки билан музокара олиб борди.

Музокаралар мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган Навоий халқаро аэропорти базасида “Навоий қуруқлик портини ташкил этиш” вазифалари ижроси доирасида ўтказилди.

- Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини ошириш, Республикамизни Марказий Осиё минтақасидаги трансконтинентал транспорт коридорларининг муҳим таркибий қисмига қўшиш вазифаси белгилади,- дейди вилоят ҳокими К.Турсунов. – Бунинг учун “Навоий” халқаро аэропорти ва халқаро мультимодал логистика маркази базасида барча имкониятлар мавжуд.

Таъкидлаш жоиз Бирлашган Араб Амирлигининг “DP World” компанияси 1974 йилда ташкил этилган бўлиб, глобал савдо-сотиқ ва юк ташиш хизмати бўйича жаҳондаги энг катта етакчи компания ҳисобланади. Яъни,  компаниянинг 120 та давлатдаги тузилмаларида 50 000 нафар мутахассис ходим меҳнат қилади.

Шунингдек,“DP World” транспорт коммуникацияси соҳасида кўплаб корхона ва ташкилотларни бевосита бошқаради, жумладан, денгиз ва ички терминаллардан тортиб, денгиз хизматлари, логистика, қўшимча хизмат турлари ва савдони амалга ошириш учун керакли технологик чора-тадбирларгача таъминлайди.

Компания 40 та давлатнинг 150 та портида фаолият олиб боради. Ҳар йили 70 000 та кемага хизмат кўрсатиб, бир кунда 190 000 та контейнер ташувларини амалга оширади.2018 йилдаги компаниянинг савдо айланмаси 71.4 млрд долларга тенг бўлиб, даромади 5.6 млрд долларни ташкил қилган.

- Мен Ўзбекистон замини ва айнан Ғарб ва Шарқ мамлакатларини боғлайдиган кўприк вазифасини ўтаётган, айтиш жоиз бўлса, қуруқлик транспорт порти учун жуда қулай ҳудуд Навоий вилоятига ташриф буюрганимдан жуда ҳам мамнунман. Бугунги кунга қадар дунёнинг бир қатор давлатларида амалга оширган логистика йўналишидаги ишларимиздан орттирган тажрибамизни сизнинг юртингизда ҳам қўлламоқчимиз. Ишонаманки, бошланажак ҳамкорлигимиз келгусида ўзининг ижобий самарасини беради, - дейди, Маҳмуд ал Бастаки.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019