“Ўзбекэнерго” АЖ: Ўзбекистонда йилига 1,8 миллиард кВт/соат электр энергияни тежаш мумкин

18:10 19 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
669 0

Фото: “Ўзбекэнерго” АЖ Матбуот хизмати

Электр энергия таъминоти дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этмоқда. Халқаро энергетика агентлигининг маълумотига кўра, ҳозирда жаҳонда 1,3 миллиардга яқин аҳоли электр энергия билан таъминланмаган. 2,6 миллиард одам овқат тайёрлаш учун анъанавий ёқилғи — ўтин, кўмир ва бошқалардан фойдаланади. 2035 йилга бориб жаҳонда энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда.

Дунёда электр энергиядан оқилона фойдаланиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўпгина ривожланган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш баробарида мавжуд ресурслардан тежамли ва самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган “2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжуманида атрофлича тўхталиб ўтилди, дейилади “Ўзбекэнерго” АЖ Матбуот хизмати хабарида.

“Электр энергия ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, агар унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул. Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач, токдан узиб қўйилмайди. Гарчи, улар ўчирилган бўлса-да, ток линиясига уланган ҳолда турарса, электр энергия истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагични олайлик. У токка уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт/соат, йилига 18 кВт/соат энергия сарфлайди. Шу боис мамлакатимизда ҳам хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда”, – дейди “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев.

Мутахассисларнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда юртимиздаги ҳар бир хонадонда бир йилда ўртача 400 кВт/соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича 1,8 миллиард кВт/соатга айланади.

Таққослайдиган бўлсак, ушбу тежалган энергия билан аҳолиси ўртача бўлган бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мумкин. Демак, ҳар бир инсон ўз хонадонида электрнинг беҳуда исрофгарчилигига чек қўйиш йўли билан чироқ етиб бормаётган қанча-қанча хонадонларга ёруғлик улашиш имкони мавжуд экан. Бу ҳам савобли, ҳам фойдали ишдир.

“Электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб улуш қўшиш мумкин. Мисол учун, 1 кВт/соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,6 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 метр куб ис гази чиқади. Демак, ҳар бир истеъмолчи хонадонида электр энергиядан оқилона фойдаланса, ҳам табиий неъматларни тежашга, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ўз улушини қўшган бўлади. Шунингдек, истеъмолчини ортиқча маблағ сарфлашдан ҳам асрайди. Иқтисод қилинган маблағ жамғариб борилса, рўзғорнинг қанча кам-кўстини тўлдириш мумкин”, – дейди “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев.

Мамлакатимизда жорий йил 20 ноябрдан 20 декабргача ўтказилаётган “Электр энергияси тежамкорлиги ойлиги”дан кутилган мақсад ҳам жамиятимизда бу борада ечимини кутаётган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш, халқимиз орасида электр энергиядан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтиришдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019