Ўзбек замини Дубай ёки Истанбулдек туризм марказига айланиши шубҳасиз

10:49 25 Июнь 2018 Welcome to uzbekistan
1367 0

Ушбу фикр сармоявий банкир, Бирлашган Араб Амирликларининг “Cyal Advisors DWC” консалтинг компанияси асосчиси ва бошқарувчиси Николас Ғилонийга тегишлидир. Тадбиркор яқинда юртимизда бўлиб, таассуротлари ҳамда капитал киритиш бўйича истиқболли йўналишлар ҳақидаги фикрларини ўз сайтида ўртоқлашди.

“Журналист дўстимнинг тавсиясига кўра, Ўзбекистонга отландим. Танишим бу давлатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жадал ўзгаришлар кечаётгани ҳақида кўп гапирар эди, — деб ёзади муаллиф. — 32 миллион аҳолига эга Ўзбекистон нуфус жиҳатидан Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради. Тошкентни илк кўрганимда, ҳайратланишдан бошқа чорам қолмади”.

Замонавий Ўзбекистон кўҳна ҳамда навқирон маданият ўчоғи экан. Бу ерда турли миллат ва элатлар вакиллари, жумладан, арманлар, руслар, форслар, яҳудийлар, корейслар, татарлар ўзаро аҳилликда яшайди. Ўлка табиати шундайки, Аризона ёки Нью-мексикаликлар (АҚШдаги штатлар — таҳририят изоҳи) Ўзбекистонда ўзини худди юртидагидек ҳис қилишади. “Тўрт фасл ҳамда қулай иқлим ўзбек заминига хос!”

“Илгари Ўзбекистонга бориш учун виза олиш осон бўлмаган. Аммо ҳозирги кунда ислоҳотчи Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакат ташқи дунёга ва хорижий капиталга очиқлик сиёсатини юритмоқда ҳамда қўшнилар билан муносабатларни тикламоқда”, дейилади мақолада.

Мутахассиснинг фикрича, денгизга чиқиш йўлларига эга бўлмаса ҳам, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг аҳоли кўп яшайдиган ва тарихан муҳим мамлакати сифатида ниҳоятда жадал ривожланаётир.

Капитал киритиш учун истиқболли йўналишлар сифатида ишбилармон кўчмас мулк, туризм, истеъмол товарлари, логистика, банклар ҳамда чакана савдо-сотиқни кўрсатиб ўтади. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва шарбатларни экспорт қилишда катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилади. “Ўзбекистондагидек тотли неъматлар учун жонингни берсанг арзийди”, деб ёзади Николас ўилоний.

Мақолада Ўзбекистонда кўчмас мулк соҳаси ҳам катта салоҳиятга эгалиги таъкидланади.

“Дубай тупроқ устида осмонўпар бинолар қуриб, барчани ўзига мафтун этди. Ўзбекистон ҳам буни амалга ошириши учун барча имкониятга эга”, дейди мутахассис.

Н. ўилоний мамлакатимизда бизнесни ривожлантириш ҳамда бутун дунёдан мижозларни жалб қилишда юртимиз компанияларига қатор таклифларини билдирган. Чунончи, улар глобал миқёсда фикрлаши ва истеъмолчи манфаатини ҳисобга олишни ўрганиши, ташқаридан билимли сармоявий маслаҳатчиларни (“Investment Adviser”) ёллаши, туризм ҳамда кўчмас мулк соҳасида дунё тажрибасини ўрганиш учун экспертиза ўтказишлари лозим.

Туризм жабҳаси “ниҳоятда катта истиқболга эга”лигини таъкидлар экан, Николас ўилоний агар “Ўзбекистон илғор халқаро тажрибани жорий қилса, мамлакат Дубай ёки Истанбулдек туризм марказига айланиши шубҳасиз”лигини айтади. Унинг фикрича, Австрия, Германия, Швейцария, Швеция, Россия, Қозоғистон, Форс кўрфази мамлакатлари, Эрон ва Исроил каби давлатлар фуқаролари учун ўзбек замини муҳим сайёҳлик йўналиши бўлиши мумкин.

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар