Ўзбек ёшларининг тарихий натижаси

16:29 06 Март 2018 Спорт
485 0

22 февраль — 5 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қиличбозлик бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари муваффақиятли қатнашиб, бундай нуфузли мусобақада илк бор совриндор бўлишди.

Кеча Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида музаффар ёшларимиз тантанали кутиб олинди. Карнай-сурнай садолари, олқишлар янгради. Шундан сўнг спортчиларимиз икки қаватли замонавий автобусларда пойтахт кўчалари бўйлаб “Пахтакор” стадиони томон йўл олдилар.

Бу ерда Осиё чемпионати совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими ташкил этилди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчиларнинг оила аъзолари ҳамда яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш. Исроилов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси У. Аҳмаджонов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Р. Шоабдураҳмонов ҳамда бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли ушбу соҳада қатор ютуқлар қўлга киритилаётганини таъкидлашди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда икки мингга яқин спортчилар қиличбозлик билан мунтазам шуғулланмоқда. Қиличбозлик бўйича 2015 йил пойтахтимизда кадетлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди.

Осиё чемпионатининг сабля йўналишидаги жамоавий баҳсларда қатнашган кадетларимиз чорак финалда Иордания терма жамоасини 45:23, яримфиналда кувайтлик тенгдошларини 45:44 ҳисобида мағлуб этиб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Мусобақада терма жамоамиз таркибида Чирчиқ олимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси Жалолиддин Душамбоев, Қорақалпоғистон Республикаси агро ва сув хўжалиги коллежи ўқувчиси Шерзод Мамутов, Қорақалпоғистон Республикаси 2-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Пазил Генжебаев, Тошкент шаҳридаги 34-мактаб ўқувчиси Бобир Расулов иштирок этди.

Қизлар ўртасидаги сабля йўналишида ҳамюртларимиз чорак финалда Япония терма жамоасини 45:43 ҳисобида енгиб, бронза медаль билан тақдирланди. Ватанимиз шарафини Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Зайнаб Дайибекова, пойтахтимиздаги Республика рассомлик коллежи ўқувчиси Севинч Исмоилова, Тошкент шаҳридаги 300-мактаб ўқувчиси Шаҳноза Тоғаймуродова, Чирчиқ олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Севила Худойберганова ҳимоя қилди.

— Нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг биринчи бор совриндор бўлишига ҳисса қўшганимдан беҳад мамнунман, — дейди Чирчиқ олимпия захиралари коллежи тарбияланувчиси Жалолиддин Душамбоев. — Осиё чемпионатида қўлга киритган юқори натижаларимиз мамлакатимизда биз, ёшларга қаратилаётган улкан эътибор самарасидир. Биз ҳар қадамда, ҳар қандай мусобақада ана шу меҳр ва ғамхўрликни чуқур ҳис қиламиз. Келгусида бундан-да юксак марраларни эгаллаймиз.
Қитъа чемпионатида юқори натижаларга эришган спортчиларимизга “Spark”, уларнинг мураббийларига “Cobalt” автомобиллари тантанали равишда топширилди.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар