Ўзбек ва тожик халқлари — бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғи

11:20 14 Сентябр 2020 Сиёсат
355 0

Хабар берганимиздек, бугун 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида «Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, тожик-ўзбек стратегик ҳамкорлигининг янги саҳифасининг очилиши» мавзусидаги икки кунлик илмий-амалий анжумани ўз ишини бошлади.

Тожикистон Миллий Фанлар академияси ва Ўзбекистон Фанлар академияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг таниқли олим ва тадқиқотчилари, илмий-тадқиқот ва таҳлилий тузилмалар, шунингдек, олий ўқув муассасаларининг етакчи мутахассислари йиғилди.

Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, академик А.Саидов раҳбарлик қилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ушбу анжуманнинг жуда муҳим ва долзарб экани, унинг номланиши эса ўзбек-тожик ҳамкорлигининг бугунги руҳини аниқ акс эттиришини таъкидлади.

СМТИ вакилининг сўзларига кўра, дўстона муносабатлар ва мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага чиқиши, аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг сиёсий иродаси, юксак ишончи ва стратегик қарашлари натижасидир.

Президент Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақасини Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги асосий устувор йўналиш сифатида белгилаши асносида Душанбе билан муносабатларнинг тизимли равишда қайта тикланиши ҳам ушбу сиёсатнинг муваффақиятли амалга оширилаётганининг ёрқин намунасидир.

Э.Ариповнинг сўзларига кўра, юқори даражадаги мулоқот фаол ва доимий характерга эга. Хусусан, 2018 йилда икки томонлама муносабатлар тарихида биринчи марта ўзаро давлат ташрифлари бўлиб ўтди. Умуман олганда, 2016 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари турли хил саммитлар доирасида тахминан 15 марта учрашишди.

Қисқа вақт ичида мамлакатлар деярли барча соҳаларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришдилар.

Хусусан, 2015 йилдан бери ўзаро савдо ҳажми деярли 3 бараварга ошди. Пандемия давом этаётганига қарамай, жорий йилнинг 7 ойида савдо ҳажми 2015 ёки 2016 йил билан солиштирганда ошди.

Шунингдек, қўшма корхоналар сони ўсиб бормоқда - 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда қўшма корхоналар сони қарийб 4 бараварга ошди. Жумладан, агар 2017 йилда Ўзбекистонда 100 % тожик капитали иштирокида 1 та корхона бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 70 тага етган, қўшма корхоналарнинг умумий сони эса 170 дан ортиқни ташкил қилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автомобиль транспорти орқали юк ташувлари ҳажми 60 фоизга ўсди. 2017 йилдан буён «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Тожикистон йўналиши бўйича юк ташувлари ҳажмини ташишни 6 бараварга оширди.

Айни вақтда, ўтган йилларда гўёки ечими бўлмаган, мураккаб ва нозик ҳисобланган чегара ва сув-энергетика соҳасидаги масалалар ҳам ўз ечимини топди.

Энг муҳими, Э.Aрипов таъкидлаганидек, бу ўзгаришларнинг барчаси оддий фуқаролар ҳаётида сезилмоқда. Зеро, кўп йиллар давомида биринчи марта улар ўз қариндошлари ва дўстлариникига тўсиқсиз ва эркин ташриф буюриш имкониятига эга бўлишди. Ҳозирда Ўзбекистон —Тожикистон чегарасини ҳар куни 20 мингга яқин киши ўтади. Уч йил олдин эса бу кўрсаткич бор-йўғи 3-3,5 мингни ташкил қилар эди.

Бундай ижобий ўзгаришлар, шубҳасиз, халқларимизнинг кўп асрлик бирдамлик ва дўстона яшаш тарихига асосланган юқори даражадаги ишончли сиёсий мулоқотни ташкил этиш туфайли амалга ошди.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев адолатли равишда таъкидлаганидек: “Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг иккита шохига, битта дарёнинг иккита ирмоғига ўхшайди. Биз халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва ҳимоя қилишимиз керак".

Э.Aриповнинг фикрича, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар, икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни яратишнинг «намунавий модели» бўлиб хизмат қилиши учун барча асослар етарли.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўткир муаммолар ва қарама-қаршиликлар тўсиқлар эмас, балки мулоқот ва музокаралар учун мавзу бўлиши мумкинлигини амалда кўрсатишди. Бу минтақадаги бошқа давлатлар томонидан муҳим формула сифатида қўлланиши мумкин. Зеро, якунда Марказий Осиёдаги барқарорлик ва фаровонлик — минтақадаги барча давлатлар ўртасидаги ишончли алоқаларга асосланади ва ривожланади.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги барқарорликни биз фақатгина барча кескин зиддиятларни ҳал қилиш орқали мустаҳкамлай оламиз, минтақада инфратузилма, энергетика, транспорт соҳаларида ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун шароит яратамиз. Ўз навбатида, бундай лойиҳалар мамлакатларимиз ривожланишининг драйвери бўлиши ҳамда хорижий инвесторлар учун жозибадорлик ошишига хизмат қилиш мумкин, дея қўшимча қилди СМТИ вакили.

Якунда Э.Aрипов ўзбек — тожик муносабатлари учун юқори даражадаги ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини сақлаш минтақанинг бошқа давлатлари учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг намунаси бўлиб қолиш муҳимлигини таъкидлади.

Конференция давом этмоқда, пленар мажлислардан ташқари, секцияларда ҳам учрашувлар кўзда тутилган бўлиб, унда икки мамлакат олимлари ва мутахассислари ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг қатор масалаларини муҳокама қиладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?