Ўзбек шифокорлари Германияда энг мураккаб амалиётларни ўтказишда иштирок этмоқда

15:41 22 Февраль 2019 Жамият
483 0

фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “Ўзбекистонда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш” лойиҳаси доирасида Германияда бўлиб туришибди.

Делегация аъзолари Германиянинг Гамбург шаҳридаги Албертиний клиникаси шифокорлари билан ҳамкорликда хирургия, урология, гинекология ва онкология йўналишларида роботлаштирилган технологиялар ёрдамидаги мураккаб амалиётларда фаол иштирок этишди. Бундан ташқари, маҳорат дарсларида қатнашиб, роботлаштирилган технологияларда ишлаш кўникмаларини ҳам ҳосил қилишмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида замонавий ускуна ва технологияларни ишлаб чиқарувчи “Philips”, “Dräger”, “Heinemann”, “Weinmann”, “Fresenius”, “Siemens” каби компанияларда бўлишиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди. Бундан ташқари, мамлакатимизда қўлланилаётган замонавий технологияларга хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш ва фаолиятини кенгайтириш борасида музокаралар ўтказилмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Чунончи, “Dräger” компанияси беморларни сунъий нафас олдириш аппаратлари ҳамда бемор ҳолатини мониторинг қилиш мосламалари билан дунёга машҳур. Ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган тиббий ускуналар мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктларида ҳам мавжуд. Шу боис ушбу компаниялар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиб, юртимизда ўқув хоналарини очиш ва кенгайтириш, мутахассисларимизнинг замонавий технологияларда ишлаш ҳамда сервис хизматларини кўрсатиш кўникмаларини ошириш борасида келишувларга эришилмоқда.

Қайд этиш жоизки, ушбу давлат билан тиббиёт соҳасида қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда OPASCA German Oncology Solutions GmbH томонидан 50 миллион евро қийматидаги энг сўнгги технология ва жиҳозлар билан таъминланган, замонавий клиника бунёд этиш ҳамда Германиянинг нуфузли Мангейм университети клиникаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.

Бундан ташқари, германиялик ҳамкорлар билан пойтахтимиздаги Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида кўп тармоқли клиника бунёд этиш юзасидан келишув имзоланди. Лойиҳага 100 миллион евро миқдоридаги инвестиция жалб этилади. Қувонарлиси, кейинчалик вилоятларда ҳам немис технологияси асосида ишлайдиган шундай кўп тармоқли клиникалар очилиши режалаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019