Ўзбек олимлари яратган коронавирусни 5-6 соатда аниқловчи тест тизими оммавий ишлаб чиқарилмоқда

21:51 27 Июль 2020 Жамият
825 0

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида 100 минг дона тест тизимини ўз ичига олган навбатдаги партия тайёрланди. Улардан 40 минг донаси Жиззах, Андижон ва Тошкент шаҳри санитария-эпидемиологик осойишталик агентлик лабораторияларига ҳамда Республика санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топширилди. Қолган 60 мингтаси ҳам бошқа вилоятларга чиқарилади.

COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 коронавируси 227 мамлакатга тарқалган бўлиб, коронавирусни аниқловчи тест системаларига кун сайин талаб ортиб бормоқда. Коронавирусни ўз вақтида аниқлаш даволаш муолажаларини эрта йўлга қўйиш, касаллик олиб келадиган асоратларни бартараф этиш, касалликнинг тарқалишини олдини олиш имкониятини яратади. Ҳозирги кунда SARS-CoV-2 коронавирусни аниқловчи экспресс, ИФА, ПЗР тестлари мавжуд бўлиб, ПЗР (полимер занжир реакцияси) тести аналогларига нисбатан юқори сезгирликка эга. Шу кунгача республикамизга ПЗР тести импорт қилиниб келинмоқда ва борган сари унга бўлган талаб ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунга келиб республикамизда кунига 20 000 тест ўтказилишга талаб мавжуд. Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан яратилган тест системаси Марказнинг стартапларидан бири бўлган “Biotest- LAB” МЧЖ томонидан оммавий ишлаб чиқаришга қўйилди. Стартап ҳар ҳафта 100 мингтагача тест-системаси ишлаб чиқариш қувватига эга.

«Biotest- SARS-CoV-2» реагентлар тўплами ўткир респиратор синдром COVID-19 ни қўзғатувчи SARS-CoV-2 коронавирусининг РНКсини «реал вақт» режимида ПЗР усулида бурун-ҳалқум шиллиқ пардасида аниқлаш учун ишлаб чиқилган. Ушбу тўплам янги коронавирус геномининг икки соҳасида - RdRP ва N генларида COVID-19 ўткир респираторли инфекцияни клиник ва диагностик текшириш учун мўлжалланган, тест натижалари қўшимча тасдиқлашни талаб қилмайди. Маҳаллий ПЗР тест системасига реакцияларнинг сифатини текширувчи кўрсаткичлар ҳам киритилган. Бу экспресс-тест эмас, балки тўлақонли тест бўлиб, натижалар 5-6 соатдан кейин аниқ бўлади ҳамда фақат махсус лабораторияларда қўллаш мумкин.

«Biotest - SARS-CoV-2» реагентлар тўплами Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида 2020 йил 7 майда рўйхатга олинган (рўйхатга олиш тўғрисидаги TB/IVI 00395/05/2CЮ-сонли гувоҳнома). Бугунги кунда мазкур Агентликда рўйхатга олинган ягона тест-системасидир.

Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг бир гуруҳ олимлари томонидан март ойи бошида ҳукумат топшириғига кўра вируснинг бутун дунё бўйлаб тарқалаётгани, вируснинг Ўзбекистонга ҳам кириб келиш хавфи мавжудлигини инобатга олган ҳолда тест системасини ишлаб чиқиш устида иш бошлашди. Ўшанда олимлар икки ой давомида тест-система устида ишлаб, апрель охиригача 50 минг дона тест системасини топширишни режалаштирилган эди. Ҳақиқатан ҳам тадқиқотчиларимиз COVID-19 вируси геномининг икки участкасининг ПЗР усулидаги таҳлилга асосланган тест системасини ишлаб чиқишди. Мазкур тест системаси барча клиник синовлардан муваффақиятли ўтиб, ваъда қилинганидек, апрель охиригача барча синовлардан ўтган 50 минг дона тест системаси Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?