Ўзбек маданиятини тарғиб этаётган ёшлар

14:53 12 Май 2018 Маданият
343 0

Франциянинг “Сосьете женераль”, “Ив Роше”, “Шнайдер электрик” каби нуфузли компания ҳамда ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ўзбек ёшлари бир вақтнинг ўзида ушбу мамлакатнинг Сорбонна, Тиллар ва цивилизациялар миллий институти сингари етакчи таълим муассасаларида таҳсил ҳам олишади.

Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда хорижда ўқиб ишлаётган ёшларимизга диний-маърифий соҳаларда юртимизда бугун кечаётган ислоҳотлар, қўшни мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан манфаатли ҳамкорлик, сайёҳликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида мукаммал маълумот берилди. 

Шуниси қувонарлики, ёшларимиз, гарчи Ватандан олисда бўлса-да, юрт меҳри, қадим тарихимизга эҳтиром руҳида фаолият олиб боришаётир. Хусусан, Фаррух Йўлдошев томонидан асос солинган “Мерос” фонди ўзбек маданияти тарғиботи билан шуғулланади. Бу эса француз ёшларини мумтоз адабиётимиз билан таништиришда қўл келаётир. 

— Элчихонамиз кўмагида Парижда навоийхонлик тадбирини ўтказганимиз кўнгилдаги иш бўлди, —  дейди Фаррух мамнунлик билан. — Эндиликда қадимий тарихимиз ва мумтоз адабиётимиз шайдоларини  миллий қадриятларимиздан хабардор этиб, ўзбек тили тўгарагини ташкил қилишни режалаштираяпмиз.

Учрашувда ЮНЕСКОнинг Швейцариядаги ваколатхонаси раҳбари Бобур Тўхтабоев  она-Ватанимиз олдида қарздорлик ҳисси ҳақида тўлқинланиб сўзлаган бўлса, Сорбонна университети битирувчиси Феруза Каримова Лувр музейида олиб бораётган фаолияти ҳақида гапириб берди. Ҳар йили 8 миллиондан зиёд одамлар ташриф буюрадиган Луврда Феруза қизиқувчиларни Ўзбекистоннинг мафтункор ва бой маданияти билан таништириб боради.

Шойим БЎТАЕВ
тайёрлади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар