“Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлик китоби нашр қилинмоқда

16:21 25 Декабрь 2018 Маданият
2381 0

Архив фото

“Халқ сўзи Online”. Дилмурод Содиқов. Мамлакатимизда халқ ижодиётининг бу улкан меросини асраб-авайлаш ва унинг энг яхши намуналарини кенг тарғиб этиш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010 — 2020 йилларга мўлжалланган номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори халқимиз бадиий тафаккурининг тарихий-тадрижий ривожи ва тараққиёт қонуниятларини ўзида акс эттирган бу муҳташам маънавий қадриятлар силсиласини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришда муҳим омил бўлмоқда.

Олимлар томонидан ҳозирги кунга қадар мазкур юз жилдликнинг 50 дан ортиқ жилди нашрга тайёрланди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2015 — 2018 йилларда унинг дастлабки 13 жилди чоп этилди.

Жорий йилда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигининг етти жилди ва жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбекларнинг эртакларидан тузилган “Донишанд Искандар” номли 50-жилди нашрга тайёрланди.

Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида “Номоддий маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш борасида белгиланган чора-тадбирлар” мавзуида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда атрофлича маълумот берилди.

Бу жараёнда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигининг навбатдаги жилдларини академик нашрга тайёрлаш устувор йўналиш ҳисобланади. Мазкур Давлат дастури асосида “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлик китоби устида иш олиб борилмоқда. Мазкур 100 жилдлик ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди асарларининг энг мукаммал намуналарини қамраб олади. Ушбу нашрнинг 59 жилди достонлар, 10 жилди халқ қўшиқлари, 12 жилди эртаклар, қолган жилдлар эса терма, афсона, ривоят, нақл, мақол, топишмоқ, аския, лоф, латифа, оғзаки драма, болалар фольклори ва бошқа жанрлардан иборат бўлади.

Тадқиқот натижаларига кўра, ўзбек фольклоршунослиги тарихида яна ўнлаб достонлар илк бор нашрга тайёрланди. Бу ишлар яна давом эттирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?