Ўзбек ипакчилиги: Пухта ҳуқуқий асос, янги ташкилий тизим ва инновацион технологиялар

18:16 04 Апрель 2018 Иқтисодиёт
1194 0

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундан бир йил муқаддам “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилгандан сўнг пиллачилик соҳасини ривожлантириш борасида ижобий қадамлар ташланиб, тармоқда ўнгланиш, ривожланиш кузатила бошланди.

Ўзбекистон — ипакчилик соҳасида бой тажриба, юксак салоҳиятга эга мамлакат. ЮНЕСКО томонидан ўзбек шойи матолари — атлас ва адрас тайёрлашнинг қадимий технологияси номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш рўйхатига киритилгани бунинг амалий тасдиғи, дунё ҳамжамиятининг юксак эътирофидир. 
Бироқ кейинги пайтда ипакчилигимиз довруғи пасайиб, аҳоли орасида ипак қурти парваришлашга иштиёқ сусайган эди. Оқибатда пилла етиштириш, уни чуқур қайта ишлаш ва экспорт қилиш кўрсаткичлари кескин тушиб кетди. Шундай пайтда Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги қарори билан таркибида 210 га яқин корхона ҳамда ташкилотларни бирлаштирган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилгач, бамисоли кўпдан буён кўмилиб қолган булоқ кўзи очилгандек бўлди.

Такрорий пилла: тасаввуримизга сиғмаган янгилик
Соҳа фидойиларининг эътирофича, 2017 йилда ўзбек пиллачилиги тарихида янги саҳифа очилди. Яъни кўпчиликнинг тасаввурига ҳам сиғмаган иш — такрорий пилла етиштириш муваффақиятли йўлга қўйилди: мамлакатимиз бўйича икки марта, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида эса ҳатто уч марта ипак қурти парваришланиб, саноатбоп пилла олинди.

— Илгари йилда бир марта ҳам мўлжалдаги ҳосил олинмаган юртимиз шароитида эришилган натижа ҳамманинг ҳавасини келтирмоқда, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. — Жорий йилда уч марта, кейинги йилларда эса тўрт мартадан ортиқ “кумуш тола” етиштирамиз. Янгиликни амалиётда қўллаш учун катта маблағ сарфланмади. Баландпарвоз гаплар, бир неча йиллар илгари ишлаб чиқилиб, амалий натижа бермаган “индекс”лардан воз кечилган ҳолда, оддий ҳамда пухта ҳисоб-китоблар асосига қурилган лойиҳалар реал ҳаётга татбиқ этилди, холос.
Шу билан бирга, хориж тажрибаси чуқур ўрганилиб, инновацион ғоя ва технологиялар кенг жорий этила бошланди. Бунда наинки ипак қурти парваришлаш жараёнига, балки озуқа етиштириш, зарур ускуна ҳамда жиҳозлар етказиб бериш, қайта ишлаш босқичларига ҳам илғор ишланмаларни татбиқ қилиш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Шу маънода, инновацион пиллахоналар янгича иш тарзимизнинг дастлабки меваси бўлди.

Шу ўринда яна бир муҳим омилни алоҳида таъкидлаш жоиз. У ҳам бўлса, пиллачилларнинг моддий манфаатдорлиги оширилиб, ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилаётганидир. Гап шундаки, уй шароитида пилла етиштирган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниб, уларнинг бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлангани пиллачилик билан шуғулланиб келаётган опа-сингилларимиз учун жуда катта рағбат бўлди. 
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг январь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида республикамиз бўйича барпо этилган 220 дан ортиқ махсус пилла етиштириш мажмуаларидан бири — Термиз туманидаги “Inter Silk Pro” қўшма корхонасига қарашли пиллахона фаолияти билан танишар экан, келгуси беш йилда бундай пиллахоналарни 
10 мингтага, экспорт ҳажмини эса йилига 1 миллиард АҚШ долларига етказиш ҳақида мутасаддиларга топшириқ берди. Шунга мувофиқ, мамлакатимизда ипакчилик саноатини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, жорий йилнинг ўзида 1000 та ана шундай объектни бунёд қилиш ишлари жадаллаштириб юборилди. Бунда республикамиздаги мавжуд 43 минг гектар тутзорлар уюшма тасарруфига ўтказилаётгани айни муддао бўлди. Унинг ҳар беш гектарида биттадан инновацион пилла етиштириш маскани барпо этилаяпти.
Таъкидлаш керакки, ушбу пиллахоналарнинг афзалликлари кўп. Уларда ипак қурти Хитой технологияси асосида плёнка остида парваришланаётгани боис озуқа сарфи 30 фоизгача камаяди. Баргнинг қотиб қолиб, беҳуда йўқотилишининг олди олинади. Ҳудудлар табиий-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда, иморати тўлиқ маҳаллий хом ашёдан қурилгани туфайли эса иқтисодий жиҳатдан тежамлидир. Яна бир муҳим томони, баҳорда иссиқ, ёзда салқин бўлиши ҳисобига энергия ресурслари сарфи ўта камдир. Энг асосийси, мазкур усулда сунъий дастадан фойдаланилиши туфайли жаҳон стандартларига мос, юқори сифатли пилла олинади.

ЭЪТИРОФ:

Ўзбекистон ипакчилик саноати салоҳияти ниҳоятда юқори. Айниқса, табиати қулай бўлиб, бир йилда 3-4 марта пилла етиштириш имконини беради. Бизнинг компаниямиз тутчиликка ихтисослаштирилган. Дастлаб Сурхондарё вилоятига 1 миллион туп ҳосилдор тут кўчати етказиб берган эдик. Улар ҳудуд иқлим шароитига мослашиб, баравж ўсаётганини кўриб, жуда қувондик. Ҳамкорлик алоқаларимиз йил сайин мустаҳкамланиб, иссиқ ва совуқ ҳаво ҳароратига чидамли, энг муҳими, юмшоқ барг берадиган тутзор барпо қилишда фаол иштирок этаяпмиз .

Су Пинг Хуа, Хитойнинг “Син Фу” компанияси раҳбари.

Қачонгача хорижга кўз тикамиз?
Уюшмадан маълум қилишларича, юртимизда бу йил уч марта ипак қурти парваришлаш белгиланган бўлиб, айни пайтда баҳорги пилла мавсуми бошланди. Иккинчиси май, учинчиси эса август ойларига мўлжалланмоқда.
Баҳорги мавсумда республикамиз бўйича жами 330 минг қути ипак қурти парваришланиб, 18 минг тонна пилла олиш режалаштирилган. Лекин кўнгилни хижил этадиган жиҳат шуки, бунинг учун зарур бўлган уруғликнинг асосий қисми, аниқроғи, 300 минг қутиси Хитойдан олиб келинди. Нега?

— Очиғи, тармоқ ривожини ортга тортаётган масалалардан бири сифатли уруғлик етарли миқдорда етказиб берилмаётгани эди, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Олимжон Жумаев. — Шу боис унинг ечими диққат-эътиборимизда турибди. Тасдиқланган “йўл харитаси”га биноан, ипак қурти уруғи етиштиришга ихтисослаштирилган мавжуд корхоналар 
2021 йилгача тубдан модернизация қилинади. Бу жараёнда нафақат хорижнинг энг илғор технологиялари, балки соҳада юқори малака ва тажрибага эга мутахассислар ҳам жалб этилаяпти. Бу эса деярли инқирозга учраган ипак қурти уруғчилиги қайта оёққа туришига мустаҳкам пойдевор бўлади.

Чиндан ҳам, ҳозирги кунда Наманган, Сурхондарё, Навоий, Қашқадарё ҳамда Самарқанд вилоятларида хорижнинг нуфузли компаниялари кўмагида бешта замонавий уруғчилик корхонаси ишга туширилиш арафасида. Улар томонидан келгуси йилнинг ўзида 100 минг қути ипак қурти уруғи етказиб берилади. Бу кўрсаткич йил сайин ортиши импорт ҳажмини босқичма-босқич камайтиришга, 2021 йилдан эътиборан ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлашга олиб келади.
Яқинда Ангор туманида хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Huashen Silkworm Pro” масъулияти чекланган жамияти ҳам ипак қурти етиштиришга ихтисослаштирилган. Унинг лойиҳавий қуввати 100 минг қути юқори сифатли уруғлик етказиб беришга мўлжалланган. Корхонанинг фойдаланишга топширилган дастлабки босқичида 11,5 минг қути ипак қурти уруғини тайёрлаш имкониятига эга бўлинди. Келгуси йилда жамият қуввати оширилиб, Сурхондарё вилоятининг ипак қурти уруғига бўлган талаби тўлиқ таъминланади.
Амалиётга татбиқ қилинган янги тизим асосида уруғчилик заводлари мутахассислари эндиликда фермер хўжаликлари ҳамда касаначилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, мавсум давомида ипак қуртларининг яшовчанлиги, уларнинг ривожланишини мунтазам мониторинг қилиб боришади. Шу тариқа йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Бу эса пиллачиларга сифатли маҳаллий зот ҳамда дурагайларни тўлиқ етказиб беришда кўл келади, албатта.

Кластер усулида даромад 4-5 баробар ортади

Ипакчилик соҳасида етакчи ҳисобланган Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар инвесторлари бугун Ўзбекистонга ишончли ҳамкор сифатида қарамоқда. Бунинг асосий сабаби, пиллачилик қисқа вақт ичида мавсумий тармоқдан доимийга айлантирилиб, қулай ишбилармонлик муҳити яратилганидир.
Гап шундаки, юртимизда таркибида камида 4-5 та корхонани бирлаштирган пиллачилик-кластерлари яратиш саъй-ҳаракатлари аллақачон бошлаб юборилди. Уларда ипак қурти озуқасини етиштиришдан тортиб, пилла олиш, ипак йигириш, мато тўқиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқич қамраб олинади.
Шу билан бирга, фойдаланишга топширилаётган пиллачилик мажмуалари қошида паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик ҳамда қуёнчиликни ривожлантириш, иккиламчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконияти пайдо бўлаяпти.
— Жаҳон тажрибасидан маълумки, пилла етиштириш ўзига хос фаолият тури бўлиб, унда муваффақиятга эришиш ишни тизимли йўлга қўйишга боғлиқ, — дейди Б. Шарипов. — Шу боис юртимизда занжирсимон усул амалиётда қўлланила бошланди. 
Чунки даромаднинг асосий қисмини тайёр маҳсулот ишлаб чиқарганлар илиб кетишади. Ўзингиз бир ҳисоблаб кўринг. Жаҳон бозорида бир килограмм ипакнинг баҳоси 38 — 40 АҚШ долларига тенг. Агар у калава қилинса, нархи 55 долларгача ортади. Ундан мато тўқиб, кийим-кечак тикиб сотилса, даромад 3 баробар кўпаяди. Ваҳолонки, ипак калавасининг ҳар бир килограммидан 11 метргача мато тўқилади.
Худди шунингдек, гиламчиликни ривожлантириш ҳам кони фойда. Масалан, битта гилам тўқиш учун ўртача 10 килограмм ипак калаваси керак, холос. Шу ҳисобда, ипак ип учун 500 — 600 доллар атрофида маблағ сарфланади. Гилам тайёр бўлгач, унинг баҳоси 10 маротаба ошиб кетади!

ЭЪТИРОФ:

Ўзбекистоннинг бу қадар ривожланган, обод юрт эканини билмаган эдим. Халқларимиз ўртасида ўхшашликлар ҳам кўп экан: бошқаларга ҳурмат кўрсатувчи, самимий. Биз юртингиз ишбилармонлари билан ипакчилик ҳамда сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истагидамиз. Энг аввало, ипак сайёҳлигини йўлга қўйиб, тутзорлар яратишда қатнашмоқчимиз. Тут шохларидан эса биргаликда мебелсозлик саноати учун керакли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ниятимиз бор. 

Бергит Невала, Финляндия ҳалқаро бизнес ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти директории.

Тут баргидан чой, ғумбакдан эса ёғ
Тармоқда юз бераётган янгиланишлар, яратилаётган қулай шарт-шароитлар инновацион лойиҳалар ижросига ҳам кенг йўл очиб, ноанъанавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда рағбатлантирувчи омилга айланган. Негаки, илгари пиллачиликда фақат тола олинган бўлса, бугун ипак момиғи тайёрланаяпти. Тут баргидан шифобахш чой, ипак қурти ғумбагидан эса антиқа ёғ ишлаб чиқарилиш арафасида эканлиги таҳсинга лойиқ.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бир литр ғумбак ёғи жаҳон бозорида 200 доллар атрофида баҳоланади. Бироқ шу пайтгача ғумбакнинг ҳар килограмми паррандачилик, балиқчилик саноати корхоналарига озуқа сифатида 3-4 минг сўмга сотилган, холос.
Фармакология ва косметология саноатининг муҳим хом ашёси саналган ғумбак ёғига ташқи бозорда талаб ғоят юқори. У хушрўйлаштирувчи совун ҳамда шампунлар, шунингдек, малҳам ва суртмалар ишлаб чиқаришда асосий хом ашё ҳисобланади. Бундай воситалар жарроҳликдан кейин қолган чандиқларни йўқотиш, соч тўкилишининг олдини олиш хусусиятига эгалиги билан алоҳида қадрланади.
Бугунги кунда ғумбак ёғи корхонаси учун зарур ускуналар Хитой компаниялари билан эришилган келишувга кўра, юртимизга келтирилмоқда.
Бухорода фаолият бошлайдиган яна бир корхонада эса тут баргидан экологик тоза чой ишлаб чиқарилади. Илгари бундай маҳсулотлар Хитойдан келтирилган бўлса, ҳадемай, Ўзбекистон уни экспорт қилувчилар сафидан жой олади.
Мамлакатимизда тутчой ишлаб чиқариш табиий имконияти ниҳоятда катта. Чунки тутзорларнинг ҳар гектаридан 52,5 тоннадан тут барги йиғиб олиш мумкин. Шу боис жорий йилда фойдаланишга топшириладиган заводнинг ўзида 218 тонна чой ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Натижада 1500 та мавсумий ва 50 доимий иш ўрни яратилиб, шу йилнинг ўзида 1,4 миллион долларлик чой экспорт қилинади.
Келгусида бундай корхоналар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам барпо этилади. Улар учун хом ашёнинг асосий қисми кузда жамғарилади. Бу пайтда баҳорги мавсумдагидан 7 марта кам ипак қурти парваришланишини инобатга оладиган бўлсак, барг танқислиги асло юзага келмайди. Қолаверса, тутчиликда инновация қўлланилиб, ўрма тутзорлар барпо этилаяптики, улар йилига уч-тўрт марта барг беради. Шунинг ҳисобига юртимизда такрорий пилла етиштирувчи касаначилару қайта ишловчилар барг билан барқарор таъминланади.

Камалак тусли матолар жилоси
Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ипакчилиги кўп асрлик тарихга эга. Бугун азалий анъаналар янада сайқалланиб, миллий ифтихоримизга айланган матолар саноат усулида ишлаб чиқарилаётир. Ахир хом ашёнинг сероблиги қайта ишлаш қувватларини оширишни тақозо қилаяпти. Кейинги пайтда ипак йигириш ва мато тўқишга ихтисослаштирилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганининг боиси шунда.
Дарҳақиқат, айни пайтда Андижон, Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида ана шундай корхоналар барпо этилмоқда. “Андижон силк” шулардан бири бўлиб, бу ерда жорий йилнинг май ойида дастлабки маҳсулот тайёрланади. Мингдан ортиқ иш ўринлари яратиладиган мазкур хўжалик юритувчи субъект тасарруфида махсус қуртхона, қуруқ пиллани қайта ишлаш, ипак ўраш, йигирув ҳамда тикув цехлари фаолият кўрсатади. Бунинг эвазига ипакли матолардан кийим-кечаклар, шунингдек, ипак момиғидан кўрпа, ёстиқ, тўшаклар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилиниши кўзда тутилган. Яъни биринчи йил 3,5 миллион, иккинчи йилда эса 12 миллион долларлик халқ истеъмоли моллари ташқи бозорга жўнатилади.
Янги қувватларни барпо этишда “Бухоро бриллиант силк” корхонаси тажриба майдони вазифасини ўтаётгани билан аҳамиятлидир. Негаки, ташқи бозордан мустаҳкам жой эгаллаган мазкур корхона ўзбек ипакчилиги шуҳратини ёйишда катта роль ўйнаяпти. Ўтган йили Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Вьетнам ва бошқа мамлакатларга 2,5 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилингани, жорий йилда бу кўрсаткич 3,5 миллион долларга етказилиши мўлжалланаётгани бунга асос бўла олади.
Корхонанинг “Юлдузлар”, “Баҳор”, “Бинафша”, “Настарин”, “Атиргул”, “Ёмғир”, “Камалак” дея номланган табиий матолари эса ички бозорда ҳам харидоргир. Улар рангининг ёрқинлиги, сув ҳамда қуёш нурига чидамлилиги, ҳар қандай иқлимга мослиги билан барчага манзур бўлмоқда. 

15 миллион долларлик инвестиция жалб этилади
Ўзбекистон ипакчилик соҳасида қўлга киритаётган шу каби ютуқлар халқаро ҳамжамиятнинг қизиқишини оширмоқда. Жорий йил 9 — 13 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Осиё — Европа ипакчилик форуми мезбони сифатида ҳунарманду косиблар юрти ҳисобланган Бухоро шаҳри танлангани фикримиз тасдиғидир.
Италия ипак ассоциацияси билан ҳамкорликда юртимизда биринчи марта ташкил этилаётган мазкур нуфузли анжуман 2017 йил декабрь ойида Вена шаҳри (Австрия)да ўтказилган Ўзбекистон — Европа халқаро ипакчилик форумининг мантиқий давоми эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Италия ипак ассоциацияси раҳбари Стефана Витали раҳбарлигида ишбилармон доиралар вакиллари, чет эллик инвесторлар, салоҳиятли тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари масъул ходимлари қатнашиши кутилаяпти.
Форум доирасида мамлакатимиз пиллачилик тармоғига 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ва 15 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратиш юзасидан меморандум-келишувлар имзоланиши режалаштирилган.
Айтиш жоизки, шу пайтга қадар соҳада Хитой, Вьетнам каби қирқдан ортиқ давлатлар сармояси иштирокида қўшма корхоналар ташкил қилинган бўлса, энди Италия, Франция, Германия каби Европа давлатлари билан ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда. Бинобарин, жалб этилаётган инвестицияларнинг салмоқли қисми Ўзбекистонда тажриба лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган Европа саноат парки ижросига йўналтирилади.
Кўриниб турибдики, янгича иш тутуми, соҳага инновацион ёндашув таназзул ёқасига келиб қолган пиллачилик тармоғини қайта тиклабгина қолмасдан, балки унинг тараққиёт сари юз буришига кенг йўл очиб берди. Зотан, юртимизда олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу — қайси соҳа бўлмасин, уни одамлар учун муҳим даромад манбаига, иқтисодиётимиз таянчига айлантириш.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар