Ўзбек ипаги: илғор лойиҳалар ва амалий тажриба

10:56 20 Апрель 2018 Иқтисодиёт
460 0
Фото: do.ngs.ru

Илгари фақат аслзодаю киборлар либоси саналган ипакли кийим-кечаклар бугун дунё аҳолисининг барча қатлами орасида урфга кирмоқда. Сабаби, ипакли матолар табиийлиги, киши танасига хуш ёқувчи майинлиги, энг асосийси, жозибали ранги билан харидорларни мафтун этади. Қолаверса, эндиликда унинг баҳоси ҳам у қадар қиммат эмас. Айни шу жиҳатлар ипакчилик саноатида бой тажрибага эга Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талабни тобора кучайтирмоқда.

Чиндан ҳам, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасидан маълум қилишларича, юртимизда 2018 йилнинг биринчи чорагида 165 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 19,7 миллиард сўмлик халқ истеъмоли моллари, 683,3 тонна хом ипак, 1034 минг погон метр ипакли газлама ишлаб чиқарилди. Шу даврда режадагига нисбатан 2,3 марта кўп, яъни 9,6 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиётлари бажарилди.

Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбек ипаги: янги ислоҳотлар давридаги муҳим вазифалар ижроси” мавзуидаги анжуманида тизимда қўлга киритилаётган шу каби ютуқлар, учраётган муаммолар, истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

— Мамлакатимизда пиллачилик ва у билан боғлиқ тармоқларни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани туфайли ўтган бир йил ичида мазкур соҳа қайта оёққа туриб, ривожланишнинг инновацион йўлига ўтди, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Олимжон Жумаев. — 2017 йилда икки марта, жорий йилда эса уч марта ипак қурти парваришланиши чет эллик ҳамкорларимизда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки пилла етиштириш ҳажми ортиб, қайта ишлаш корхоналарининг хом ашёга бўлган эҳтиёжини таъминлаш суръати тобора ортмоқда.

Таъкидлаш керакки, уюшма ташкил этилгунга қадар тизимдаги корхоналарни пилла билан таъминлаш даражаси 17 фоизга тушиб қолган эди. 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, ушбу кўрсаткич 54 фоизга чиқарилгани қувонарли ҳол, албатта. Бундан ташқари, шу пайтгача пиллакашлик субъектларида фақатгина хом ипак ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда унинг қаторига ипак момиғи, тайёр мато ҳам қўшилди. Тез орада фойдаланишга топшириладиган янги қувватларда тут баргидан чой, ипак қурти ғумбагидан мой ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Умуман олганда, 2021 йилгача ипакдан камида 6 турдаги рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспортга йўналтирилади.

— Мода йўналишида ипакли газламалар билан ишлаш жуда осон, — дейди БМТ Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО)нинг Марказий Осиё бўйича менежери Анита Траваини. — Чунки унинг ёрқин ранглари, нафислиги ва ўта пишиқлиги ҳар қандай мавсумга мос либослар коллекциясини яратиш имконини беради. Шу боис кейинги пайтда Европада ипакли газламаларга бўлган талаб ортмоқда. Биз Ўзбекистонга келиб, унинг ушбу соҳада юксак салоҳиятга эга эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Соҳани ривожлантириш йўлида ҳамкорлик қилиш, бунинг учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этишга тайёрмиз.

Ўзбекистон 2017 йилда БМТнинг Халқаро ипакчилик комиссиясига аъзо бўлиб киргани халқаро муносабатларга янгича маъно-мазмун бағишлади. Ҳозирги пайтда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси АҚШ, Австралия, Канада, Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Жанубий Корея, Италия, Швейцария, Буюк Британия, Австрия, Венгрия, Словакия каби давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик алоқалари ўрнатган бўлиб, биргаликда йирик лойиҳалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Улар орасида, айниқса, Италия катта қизиқиш билдирмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ипакка энг катта қўшимча қиймат ушбу давлатда қўшилади. Жаҳон бозорига етказиб берилаётган ипакли маҳсулотларнинг салмоқли қисми ҳам унинг ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили экспорт ҳажми 1 миллиард евродан ошгани фикримиз тасдиғидир. Қизиқ жиҳати шундаки, бунинг учун зарур хом ашё Хитойдан олиб келинади.

— Бугун янги бозорларга кириш, ишончли ҳамкорлар топиш ҳаракатидамиз, — дейди Италиянинг “Ongetta” компанияси ижрочи директори Франческо Онжетта. — Ўзбекистон улар орасида етакчи бўлиши мумкин. Бу ерда ипакчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор савдо-сармоявий алоқаларни йўлга қўйишга ундамоқда. Биз юқори сифатли ўзбек ипагини харид қилиш, биргаликда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан манфаатдормиз.

Халқаро синтетик ва ипак толалар саноати уюшмасининг президенти Гуидо Теттамантининг айтишича, бугун халқаро ҳамжамият ўзбек ипакчиларига катта ишонч билан қарашмоқда. Охирги йилда соҳада рўй берган ўзгаришлар, қўлга киритилган ютуқлар ипакчилик компанияларини ҳамкорликни йўлга қўйишга ундамоқда. Бу эса катта масъулият юклайди. Амалиётга инновацион ишланмалар, ноу-хауларни изчил татбиқ қилиб, фақат юқори сифатли маҳсулот етказиб беришни тақозо этади.

Айтиб ўтилганидек, Бухоро шаҳрида уюштирилган Ўзбекистон — Европа ипакчилик форуми ҳам ипакчилик жабҳасида халқаро муносабатларни мустаҳкамлашда айни муддао бўлди.

Анжуман иштирокчиларига унинг доирасида асос солинган Европа ва Ўрта Осиё ипакчилик ассоциацияси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) билан ҳамкорликда амалга ошириладиган “Ўзбекистон Республикаси ипакчилик секторида қўшилган қийматлар занжирини такомиллаштириш ва экспорт салоҳиятини кучайтириш: қишлоқ жойларда юқори қўшилган қиймат, янги иш ўринлари ва даромад манбаини яратиш” лойиҳаси ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Якунда таъкидланганидек, ушбу жабҳада эришилаётган натижалар, тўпланган амалий тажрибалар яқин қўшни ҳамда иқтисодий ҳамкор давлатларга татбиқ қилиниши мўлжалланаётгани диққатга сазовор.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар