«Ўзавтосаноат» йил ярмигача импортни 5 фоизгача қисқартиради. 26та янги лойиҳа амалга оширилади

15:11 11 Июнь 2018 Иқтисодиёт
449 0
Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти тизимида импорт ҳажми 5 фоиз қисқариши кутиляпти.  Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Умид Салимовга таяниб “Халқ сўзи” мухбири Саид Раҳмонов хабар берди. 

Салимовнинг айтишича, бу паст кўрсаткич бўлиб, йил охиригача импортни 10 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Шу боис таркибида 75 та ишлаб чиқариш корхонасини бирлаштирган мазкур жамият томонидан кооперация алоқаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда, импорт ўрнини босувчи автомобиль эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриляпти.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Таъкидлаш керакки, Асакадаги автомобиль заводи фаолиятини бошлаган пайтда тўртта маҳаллий корхона томонидан атиги 12 хилдаги бутловчи қисмлар етказиб берилган, холос. Бугунги кунда таъминотчи корхоналар сони 100 дан, улар томонидан етказиб берилаётган маҳсулотлар тури эса 2,5 мингдан ошди. Шундай бўлса-да, импорт ҳали айтарли даражада камайгани йўқ. Масалан, штампланган деталлар четдан энг кўп олиб келинадиган бутловчи қасмлар сирасига киради. Хориждан йилига ўртача 47 миллион АҚШ долларилик 482 хилдаги шундай деталлар келтирилади. Худди шунингдек, пластик ва резина деталлар, ўқлар, узатмалар қутиси ричаги, тормоз ва рул бошқарув тизимлари, ҳатто, хавфсизлик камарлари ҳам импорт қилинмоқда.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / "Халқ сўзи"

Табиий савол туғилади: шу каби талаб катта бўлган, муҳими, маҳаллийлаштириш имконияти мавжуд деталь ва бутловчи буюмлар қачон ўзимизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади?

“GM Uzbekistan”да талаб катта эҳтиёт қисм ва бутловчи буюмларни маҳаллий хом ашё асосида тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича 26 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Уларда тўлиқ импорт қилинаётган деталлларни маҳаллийлаштириш белгилаб олинди. Биргина  штампланган деталларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қиймати 70,1 миллион АҚШ долларилик лойиҳа тайёрланди”, — дейди “Ўзавтосаноат” АЖ Маҳаллийлаштириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Алимов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар