“Ўзавтосаноат” автомобиль нархлари нега оширилаётгани сабабини айтди

12:34 30 Июль 2018 Иқтисодиёт
1020 0
Фото: Ўзавтосаноат

Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи ошиши фақат монополия билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов Халқаро пресс-клуб йиғилишида таъкидлаб ўтди.

“Ҳақиқатдан ҳам муаммолар кўп. Уларнинг ечимини топиш учун вақт керак. Монополизация сўзидан қочиш лозим. GM Uzbekistan томонидан Ўзбекистон бозори учун ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи ошиши фақат монополия билан боғлиқ эмас. Бу ерда кўп жиҳатлар бор. Биз нархлар нега оширилаётгани сабабини халққа етказишимиз керак.

Асака заводи бизнинг товар айланмасининг қарийб 90 фоизини ташкил қилади. Бу завод йилига 290 мингта машина ишлаб чиқариши мумкин, лекин мен келганимда бу 160-170 мингтани ташкил қилган. Қуввати деярли 50 фоизга ишлаган завод ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг таннархи юқори бўлади, ўзини оқламайди. Бу фуқаролар, харидорларнинг чўнтагига уради. Чет давлатларга экспорт қилиш салоҳиятини умуман йўққа чиқаради.

Бугунги кунда экспорт қилишимиз учун автомобиллар таннархини 30 фоизга туширишимиз керак. Бунга кўп сабаблар бор. Асосий экспорт қилинадиган давлат — Россия. Россияда санкциялар киритмаган барча давлатларнинг брендлари бор. Улар ўз бозорини сақлаш учун ҳам турли тўсиқлар қўйишяпти.

Биз нима қилдик? Машиналар бутловчи қисмлари нархини 20 фоизгача тушириш ҳақида келишиб олдик. Буни босқичма-босқич қиламиз. Сабаби буларга бирданига 30 фоизга тушир, деб буйруқ бериб бўлмайди. Улар кредитда ўтирган ташкилотлардир, бу уларни батамом ўлдиради ва автомашиналар чиқмай қолиб, бундан ҳам ёмон тақчиллик юзага келади. Буни тўғри тушуниш керак. Бу ҳолат бутловчи қисмга тушади, бутловчи қисм заводга боради, охири бунга харидор тўлайди. Бу ҳам қимматлашишига сабаблардан бири.

Шунинг учун биз йилнинг охиригача қутловчи қисмлар нархини 20 фоизгача туширамиз. Бу автомашинанинг ишлаб чиқариш нархини тўққиз фоизга тушишига олиб келади. Бундан ташқари, автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 220 мингтага, яъни йилнинг охиригача қўшимча 140 мингта машина ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.

Мен ваъда бераман: биронтаси олдимизга қўйилган бу мақсадга тўсқинлик қилиб, халақит бермайди. Яъни, бизга эҳтиёт қисмларни ўз вақтида етказиб беради, биз машиналарни ўз вақтида ишлаб чиқариб халққа етказамиз. Сунъий тақчиллик йўқ бўлганидан сўнг, автомашиналарга бўлган эҳтиёжни қондира оламиз. Таннархини ҳам шу услуб билан туширишга ҳаракат қиламиз”, - деган Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, автомобиллар нархи ошиши ҳақида хабар бериб ўтганмиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар