Озарбайжон халқ артисти С. Иманова: Ўзбекистон туфайли дунёга танилдим

15:23 08 Июнь 2018 Маданият
627 0

Мақом ижрочиси, хушовоз хонанда Симара Иманова билан Озарбайжон маданият ва санъат университетида учрашдик.

У бизнинг Ўзбекистондан эканлигимизни эшитгач, ҳаяжон ва самимият билан шундай деди: “Юртингиз мен учун ўз Ватанимдек азиз. Зеро, Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали сабаб дунёга танилдим. 1997 йилда, 19 ёшимда ушбу санъат анжуманида қатнашиб, Гран-при олганимни ҳеч қачон унутмайман”.

Озарлар ҳар икки гапининг бирида “Жоним сизга қурбон бўлсин” дея лутф этишади. Қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, Низомийдан, Фузулийдан, Воқифдан байтлар айтишади. Санъатимиз, маданиятимиз, адабиётимиз бир эканлигини эътироф этишиб, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Фурқат каби бобокалонларимиз мисраларини ёддан ўқишадики, бундай ҳолатларга кўп гувоҳ бўлиб, ҳайратлангандан ҳайратландик. Халқимизга бўлган эҳтиромни ўзида мужассам этган бу сингари муносабатлардан хурсанд бўлдик. Симара эса бармоқлари билан олдидаги столни чертганча Навоий ғазалига басталанган “Қаро кўзим” ашуласини шунчалик берилиб ижро этдики, биз, меҳмонларга қўшилиб мезбонлар ҳам “Тасанно, офарин” дея хонандани олқишлади.

— “Шарқ тароналари” биринчи халқаро мусиқа фестивалига таклиф этилганимда, жуда ҳаяжонланган эдим, — дейди у. — Негаки, ёш ва тажрибасиз эдим. Қолаверса, бундай нуфузли анжуманда ўша йили 40 га яқин мамлакатдан мана-ман деган санъаткорлар қатнашиш истагини билдирган. Орадан 21 йил ўтган бўлса ҳам ўша лаҳзаларни худди ҳозиргидек эслайман. Чиқиш навбати менга етгач, сухандон: “Симара Иманова, Озарбайжон Республикаси” деб эълон қилди. Афсонавий Регистон майдонига йиғилганлар гулдурос олқишлар билан мени кутиб олишди. Бу илк далда бўлди. Тезда ҳаяжонимни босиб, қўшиқни бошладим. Биласизми, мени яна нима ҳаяжонлантирди? Регистонда ҳар бир оҳанг, овоз ўзгача жаранглар экан, бундан қаттиқ таъсирландим, илҳом олдим. Қўшиқни айтиб бўлганимдан сўнг тингловчилар роса қарсак чалишди. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Муножат Йўлчиева ва бошқалар ижром ҳақида самимий фикрларни билдирди. Очиғи, мен ўзбекларнинг бунчалик санъатни севиши, қадрлаши, қўшиқни берилиб тинглашини кўриб, лол қолдим. Бугун эса Ўзбекистонда санъат ва маданият соҳасини ривожлантиришга бўлган эътибор янада юксалганидан ҳавасдаман. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда Ўзбекистонда “Мақом” санъати бўйича халқаро мусиқа фестиваль ўтказилишини эшитиб хурсанд бўлдим. Биласиз, Озарбайжонда ҳам бундай фестиваль бор. Ўйлайманки, ҳар икки мамлакатда уюштириладиган санъат анжуманлари ўнлаб, юзлаб истеъдод эгаларини кашф этиш, икки томонлама ўрнатилган дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Озарбайжон халқ артисти Симара Иманова айни пайтда университет доценти. У ёшларга мусиқа ва анъанавий ижрочилик йўналишида сабоқ беради. Санъатнинг беқиёс кучи ҳамда инсон онгига таъсири ҳақида фикр билдирар экан, жумладан, шундай деди:

— Мусиқа санъати инсонни ҳамиша эзгуликка чорлайдиган, ҳар қайси одамнинг қалбидаги энг нозик, энг гўзал туйғуларни уйғотадиган буюк илоҳий куч. Турли миллат, тил ва эътиқодга мансуб одамларни, элу элатларни ҳеч қандай таржимонсиз бир-бирига боғлайдиган, муштарак мақсадлар йўлида бирлаштирадиган мусиқа санъати каби қудратли воситани топишнинг ўзи қийин. Бунинг исботи 2015 йилда — “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига меҳмон сифатида таклиф этилганимда ҳам яққол кўзга ташланди. Зеро, фестиваль давомида хорижлик санъаткорлар нафақат Самарқанд шаҳрида, шу билан бирга, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё туманларида ҳам ўз чиқишларини намойиш этишди. Уларнинг куй-қўшиқларига маҳаллий аҳоли вакилларининг жўр бўлиши меҳмонларга янада илҳом бағишлади. Жумладан, ана шундай учрашувларнинг бирида Филиппин ҳамда Жанубий африкалик созанда ва хонандаларнинг бадиий дастурлари мезбонларга қанчалик завқ улашган бўлса, маҳаллий хонандаларнинг қўшиқлари Ер юзининг олис нуқталаридан келган меҳмонлар ҳавасини уйғотди. Чунки куй-қўшиқ, тароналар тили, миллати бошқа-бошқа бўлган давлат вакилларини ягона мақсад — Тинчликни мадҳ этишга ундаган эди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бугунги шиддатли даврда жаҳонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, гўзал ҳаётни қадрлаш, олис ва яқин мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаб, турли халқларнинг маданий бойликларидан бир-бирини кўпроқ баҳраманд этишга оид ташаббуслари беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис бу инсонга бўлган ҳурматимни намойиш этишдан чарчамайман. Тилагим, Президентингиз соғ-омон бўлсин. Қилаётган хайрли ишларини давом эттиришида Аллоҳ куч-қувват ато этсин.

Симара Иманова билан хайрлашар чоғимизда, у жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида концерт дастури намойиш этганини айтгач, барибир энг катта орзуси ушалмаганини ҳам билдирди. Қандай орзу экан, дея қизиққан эдик, жавоб шундай бўлди: “Ўзбекистонда, Регистон майдонида яккахон чиқишим билан юртингиздаги санъат мухлисларини хушнуд қилсам, армоним қолмайди!”
Машҳур озар хонандасига “Ниятингизга етинг” дедик.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
“Халқ сўзи” махсус мухбири.
Боку, Озарбайжон Республикаси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар