Ўз тўшагида жон таслим қилган бирдан – бир жадид. У ким эди?

09:27 15 Апрель 2020 Маданият
878 0

Иллюстратив фото

Жадидчилик ҳаракати юртимиз мустақиллиги йўлидаги курашлар силсиласида алоҳида ўрин тутади. Жадидларнинг миллатпарварлик, юртпарварлик, халқни илму маърифатга чорловчи ғоялари ҳали – ҳануз ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Зеро, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, “...жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Қуйида биз шу ҳаракатнинг ёрқин вакилларидан бири ҳақида сўз юритамиз.

Диний ва дунёвий билимлар соҳиби

— Қори Йўлдош Пўлатов 1890 йилда Бухоро амирлигига қарашли Карки (ҳозир Туркманистон Республикаси ҳудуди)да туғилган, — дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. — Отаси ўзига тўқ, маърифатли инсон эди. Шу боисдан ҳам бошланғич мусулмон мактабида ўқитиш билан кифояланмай, унга махсус муаллим ёллаган ҳолда рус тилини ўрганиши учун ҳам шароит яратади.

Йўлдош вояга етиб, Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олади. Кейин она-шаҳрига қайтиб, 1920 йилга қадар ёшларга дунёвий ва диний илмдан сабоқ беради. Шу даврда унинг исмига “Қори” сўзини қўшиб айта бошлашади. Одатга кўра, Қуръони карим оятларини қиёмига келтириб қироат қиладиганлар шундай эъзозга муносиб кўрилган.

Биласиз, ўтган асрнинг 20-йиллари юртимиз тарихидаги энг зиддиятли даврлардан саналади. Табиатан элпарвар, тараққиёт тарафдори бўлган, жамиятни маҳдудлик ботқоғидан чиқаришнинг йўлини илму маърифатда кўрган Қори Йўлдош жадидчилик ҳаракатига қўшилади.

Ишга пиёда борган вазир

1920 йилда Файзулла Хўжаев ва бошқа миллатпарварлар томонидан Бухоро Республикаси тузилганида янги ҳукуматда халқ маорифи нозири лавозимини эгаллаган Қори Йўлдош Пўлатов замонавий русумдаги мактаблар очиш, одамларни саводли қилиш, қобилиятли ёшларни Германия, Туркия каби давлатларга ўқишга юбориш каби долзарб юмушларда жонбозлик кўрсатади.

— Бу фидойи инсон 1920 йилдаёқ ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, “Мактаблар ҳақидаги умумий қоидалар”ни ишлаб чиққанди, — дейди БухДУ доценти, тарих фанлари номзоди Камол Раҳмонов. —​Ҳайратланарлиси шундаки, бу қоидалардаги кўпгина йўналишлар ҳозирги таълим тўғрисидаги дастурлар руҳига мос келади.Бу унинг тафаккур дунёси жуда бой бўлганидан дарак беради, албатта.

Қори Йўлдош Пўлатов қисқа муддат оралиғида бир қатор масъулиятли вазифаларда ишлайди. У Ўзбекистон ССР ташкил топганидан сўнг аввалига молия вазири, кейин эса Халқ Комиссарлар Совети раиси вазифасини бажарган. Ҳатто хизмат машинаси пулини молия соҳаси учун мутахассислар тайёрлашга сарфлаб, ўзи вазир бўлишига қарамай ишга пиёда бориб келган.

Бухорога илк цинтография қандай келтирилганди?

—​ Қори Йўлдош Пўлатов 1922 йилнинг сентябридан то 1923 йилнинг октябригача роппа-роса бир йил “Бухоро ахбори” (ҳозирги “Бухоронома”) газетасининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган, —​ дейди Ш. Ҳайитов. —​“Билимли, зукко, дунёқараши кенг муҳаррир нималарга эътибор қаратган?”, деган савол туғилиши мумкин. Қори Йўлдош Пўлатов газетани халқ минбарига айлантиришга ҳаракат қилган. Бу даврда эл ишончини қозонган кўплаб инсонларнинг халқни илму маърифатга чорловчи, жамият ҳаётидаги иллатларни қораловчи кўплаб мақолалари чоп этилган. Муҳаррир газетанинг қиёфасини ўзгартиш йўлида ҳам катта иш қилган. У Бухорога илк цинтография яъни аксилхона олиб келган маърифатпарвардир. Ўша пайтда замонавий саналган ёзув машинкаларини келтиришга ҳам бош – қош бўлган.

Гап шундаки, у 1922 йилнинг декабрида бир гуруҳ маорифчилар билан Москва ва Санкт-Петербургда бўлиб, маданият, халқ таълими, матбаачилик каби йўналишлардаги илғор тажрибаларни ўрганган. Сафардан қайтишда турли ўқув қуроллари қаторида шу цинтографияни ҳам олиб келган.

Бу ускуна шарофати билан газета ҳар хил расм ва фотосуратлар билан чиқа бошлаган. Муҳаррир уни ишлатиш йўлини биладиган мутахассислар тайёрлаш ҳақида ҳам қайғурган. Сафар хотираларини эса “Бухоро ахбори”нинг бир неча сонида эълон қилдирган.

Яна бир қизиқ маълумот. Ёш тадқиқотчи Ихтиёр Камоловнинг ёзишича, Бухородаги биринчи музей ташаббускори ҳам Йўлдош Пўлатов саналади. Бу музей 1922 йилда очилган.Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда у камтарлик билан “Биз бу йўлда ғоят оз ишлаб, кичик бир нарсани майдонга келтирдик. Халқимизнинг бой ўтмиши, ота – боболардан қолғон маданий мерос ўнлаб музейга сиғмайди”, деган таъсирчан сўзларни айтган.

Тириклар қабристонида

Биласиз, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Файзулла Хўжаев сингари ўнлаб юртпарварлар қатағон қурбонига айланишган. Улар бошига тушган кун Қори Йўлдош Пўлатовни ҳам четлаб ўтмади. 1937 йилда ҳибсга олинди.

Хабаровск ўлкасидаги сиёсий маҳбуслар лагерида “Халқ душмани” сифатида умрининг ўн йилини ўтказган қаҳрамонимиз тақдирнинг инояти билан соғ-омон қолди. 1947 йилда юртга қайтди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай уни яна суд қилишиб, Красноярск ўлкасининг Игарька шаҳрига сургун қилдилар. 1956 йилда, ниҳоят, тутқунликдан халос бўлди. 1957 йилда оқланди. Икки йил ўтгач, айбсиз деб топилди. Давлат аҳамиятига молик пенсия тайинланди. Аммо қамоқхоналарда тортган азоб-уқубатлар ўрнини нима боса олар эди? ”Халқ душмани” тамғаси босилгач, таниш-билишлари ва ҳатто ёр-биродарлари ундан юз ўгиргани ортидан келган руҳий зарбаларни айтмайсизми?! Оғир дардга чалинган Қори Йўлдош Пўлатов 1965 йилда ҳаёт билан видолашади.

Шу тариқа у ўз тўшагида жон таслим қилган ягона жадид сифатида ҳам тарихда қолди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?