Ўз халқига ва ватанига фидойи фарзанд

15:24 30 Апрель 2019 Жамият
2021 0

Архив фото

Шароф Рашидов номини ўзбек халқининг тарихидан, ­ҳаётидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шароф Рашидов ўз халқига ва Ватанига фидойи фарзанд эди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Бугунги кунда табаррук 90 ёшини қаршилаган таниқли ­адабиётшунос олим, моҳир таржимон, меҳрибон устоз Асил ­Рашидов хонадонида ижод табиати, адабиёт ва санъат ҳақида бошланган суҳбат умр мазмуни, яшашдан мақсад каби ижтимоий аҳамиятга молик мавзуларга туташиб кетди‑ю, домланинг кўзлари ­чарақлаб, беихтиёр туғишган акаси Шароф Рашидов ҳақида сўз очди ва “мен учун акам ҳамиша ибрат бўлиб келган эдилар”, деб қолди. Ҳақиқатан ҳам, инсоннинг ўзи қай маҳал бўлмасин, бу фоний дунёни тарк этгудек бўлса, эзгу ишлари, яхшиликлари, инсоний фазилатлари мангу қолаверар экан. ­Шароф Рашидов эса ўзи ва ҳаёти мисолида ўйлашга, ­фикрлашга, хулосалар чиқаришга, тўғри йўлни танлашга руҳан ҳамиша ­эҳтиёж сездириб турадиган, шубҳасиз, ўз халқининг қалбида мангу ҳайкал тиклаган буюк инсон, катта Шахс ва Ижодкор, камдан‑кам учрайдиган ноёб феномен эди. Шу маънода, ҳақгўй ва адолатли акага муносиб бўлишга ­интилиб, оиласи бошида айланган “қора булутлару” изтиробли лаҳзаларда ҳам касбу корига, севган машғулотига, яқинларига суяниб, ҳақиқатнинг бир кунмас‑бир кун қарор топишига ишончи туфайли ўзини йўқотмай, иродасини букмай келаётган уканинг хотиралари шахсий туйғулар қобиғидан чиқиб, ижтимоийлашади ва халқимиз маънавий меросининг буюк уммонига қўшилган қатралар янглиғ аҳамият касб этади.

Гўзал фазилатлар бешиги

Халқимизда кетма‑кет туғиладиган фарзандлар исмини тўнғичиникига мослаб, унга оҳангдош тарзда қўйиб бориш қадимдан расм бўлган. Ўтган аср бошларида Жиззахда ҳамма қатори ўз меҳнати билан кун кўриб, ҳалол хизмати билан рўзғорини тебратиб келган Рашид Халилов ва Қўйсиной Халилова оиласида дунёга келган тўнғич фарзанд исмини дину диёнат, илму урфон камоли йўлида элу улуснинг корига ярасин деб, яхши ният билан Камолиддин қўйишган эди. Камолиддиндан кейин бу қутлуғ оилада яна беш ўғлон дунёга келди. Уларга ҳам наинки оҳангдош, балки маъноси ҳам бир‑бирига уйқаш, замирида имонга даъват этувчи исмлар қўйилди. Энди Камолиддиндан кейин бу оилада Шарофиддин, Саҳобиддин, Исомиддин, Аслиддин, Насриддин деганлар ҳам бор эди. Кейинчалик “сув келса симириб, тош келса кемириб” деганларидек, турли соҳаларда уларнинг катта ишлар қилиши пешоналарига ёзилган, аммо бирининг манглайида қуёш балққан эди. Ҳа, бир‑биридан меҳрибон, жасур, ҳақгўй ака‑укаларнинг иккинчиси, Шарофиддиннинг пешонасига ўз халқини улуғ йўлларга бошлаш, юртини обод қилиш, миллатни кўтариш қисмати битилган эди. Бу осон бўлмаслиги, олдинда не‑не машаққатлар кутиб тургани унинг ўйчан нигоҳларида акс этаётгандек бўларди.

Оила бошлиғи Рашид ота оддий меҳнаткаш инсон бўлиб, ўз қўлининг кучи билан ҳалол топилган ризқ ҳаром луқмадан минг чандон устун эканлигини яхши билар, фарзандларига ҳам бу ҳақда бот‑бот уқтиришни унутмасди. У кейинчалик жамоа хўжалиги раиси бўлганида ҳам бошқаларга кетмон чопишу ўроқ ўриш қанақа бўлишини ўзи кўрсатиб бера оладиган миришкор деҳқон эди. Қўйсиной опанинг эса Ҳамид Олимжоннинг онаси Камола опа билан уруғ‑қаёшлиги бўлиб, бот‑бот учрашиб, суҳбатлашиб туришарди. Қўйсиной опа яхшигина илмга эга, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида саводхонликни ошириш бўйича хотин‑қизларга янги очилган мактабларда дарс берар, фарзандларининг ҳам зиёли инсонлар бўлиб етишишини назардан қочирмасди. Шарофиддиннинг иқтидори, одоби уни қаноатлантирганидан, бошқаларга намуна қилиб кўрсатар эди. Онанинг савқи табиий туйғуси нечоғли тўғри экани ўзини оқлади, олтовлон фарзандларидан иккинчиси Шарофиддин ҳаётнинг барча оғир чиғириқларидан ўтиб, Шароф Рашидов бўлиб етти иқлимга донғи чиқди.

Биз — болаликнинг фарзандларимиз

Дунёда шундай эзгу, олижаноб касбкорлар борки, уларсиз юрт тақдирини тасаввур этиб бўлмайди. Шундай касблардан бири ўқитувчилик бўлса, иккинчиси журналистликдир. Ўқитувчи ўз сўзини мурғак қалбларга жойлаб, келажак дардида яшаса, журналист қаерда адолатсизликка, ҳақсизликка дуч келса, унга муносабат билдириб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун курашади. Уларнинг ҳар иккиси ҳам миллат тақдири учун масъул, ташвишлардан ҳаловат топиб яшайдиган бахтли инсонлардир.

Шароф Рашидовнинг таржимаи ҳолида унинг жамоат арбоби ва ёзувчи эканлигига кўпроқ урғу берилса‑да, Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, ярадор бўлиб қайтганидан сўнг ўрта мактабда ишлаганини биров билиб, биров билмаслиги рост. “Дунёдаги энг машаққатли касб, бу — ўқитувчилик, — деган эди Шароф Рашидов. — Мен ёшлигимдан бу касбга меҳр қўйганим рост. Эзгулик, маърифатни мурғак болалар шуурига жойлаш нақадар завқли. Ёшларни турфа олам сирларидан хабардор этиш, илму маърифат ўргатиш, катта ҳаётда ўз ўринларини топиб олишлари учун кўмаклашишдан ортиқ хайрли бахт борми, бу оламда?! Мен ҳамон ўша ўқувчиларим даврасини, уларнинг шодон кулгиларини, ҳайрат тўла нигоҳларини соғинаман. Бир йилгина муддатда болалар билан бўлдим. Кейин эса ҳаётнинг турли сўқмоқлари мени ўзига чорлади. Юқори лавозимларга кўтарилдим. Аммо ўқитувчиликка бўлган меҳр қалбимнинг бир четида ҳамон машъаладек ёниб турибди”.

“Биз — болаликнинг фарзандларимиз”, деган гап бор. Ҳақиқатан ҳам, болаликдаги аламзадалик, нотўғри тарбия инсонни бир умр таъқиб этиб, унинг қисматида кўплаб фожиаларга сабаб бўлганидек тўғрилик, самимийлик, эзгулик каби олижаноб фазилатлар миллатни юксалтиришга хизмат қилади. Шу маънода, улуғ жамоат арбобининг ўқитувчилик касбига, ёшлар тарбиясига муносабати миллатпарвар, маърифатпарвар аждодларимизнинг қарашлари билан уйғунлашиб, бугунги кунда мазкур соҳада мамлакатимизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотларга ҳамоҳанглиги билан юксак аҳамият касб этади. Ўзи аввал ишлаган Самарқанд вилояти газетаси муҳаррирлигига чақириб олинган Шароф Рашидов кейинчалик ҳам мактабни, ўз ўқувчиларини унутмади. Ўзбекона одоб-ахлоқ, маънавият‑маърифат масалаларини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмади, не‑не улуғ зотларга бешик бўлган қадим заминда ўтмишда бўлгани каби адабиёт ва санъатнинг замонавий уйғониш даври юз бериши кераклигини сидқидилдан истаб, бу йўлда бор куч‑ғайратини аямади.

Газета онгу тафаккурни, дунёқарашни шакллантиради

Ўтган аср бошида юртимиз маърифатпарварлари ижтимоий ҳаётда газетанинг ўрни нечоғли юксак эканлигини эътироф этиб мақолалар, шеърлар ёзишган. Тарихчи олим Исҳоқхон Тўра Ибратнинг

Газета кўрмаган, бехабар халқлар,

Мисли ўлгандир ё ухлаган,

каби сатрлари ҳам шундан далолат ­беради.

Шароф Рашидов аввал Самарқанд вилояти, сўнгра “Қизил Ўзбекистон” газеталарига бош муҳаррир лавозимларида ишлаган чоғларида оддий хабардан лавҳа-ю танқидий мақолаларгача пишиқ-пухта, ҳаётий бўлишига катта аҳамият берарди.

— Баъзан инсоннинг иродаси, кучи нималарга қодирлиги ҳақида ўйлаганимда дарҳол кўз ўнгимда Шароф акам гавдаланади, — дея эслайди Асил Рашидов. — Акам таҳририятда улгурмаган ишларини эрталабки соат олтидан саккизгача уйда бажаришни одат қилганди. Умрларининг охиригача мана шу одатларини канда қилмай, қанчадан-қанча асарлар ёзиб, ўқувчиларга тақдим этдилар.

Айтишларича, Шароф Рашидов газета саҳифаларини бошидан охиригача уч марта ўқиб чиқиб, кейин имзо чекиб, чоп этилишига рухсат бераркан. Шу сабабли у республика раҳбари бўлиб фаолият юритган кезларида ҳам оммавий ахборот воситаларига катта аҳамият бериб, айниқса, газетада чоп қилинган танқидий мақолаларга тегишли мутасаддилар жавоб бериши лозимлигини қатъий тартиб сифатида йўлга қўйган эди. Ўз сўзига, фикр-мулоҳазасига эга бўлган журналистлар ҳаётнинг турли жабҳаларидаги асл ҳақиқатни билиб олишида раҳбарнинг суянган тоғи эди.

Оммавий ахборот воситаларининг имкониятлари замонавий технологиялар асосида эндиликда кенг миқёсда ривожланди. У маҳалларда интернет журналистикаси, ижтимоий тармоқлар ҳақида тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Бугунги кунда эса матбуотнинг халқ билан ҳокимият ўртасидаги беқиёс ўрни Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадри улуғлигига жиддий эътибор қаратиб, эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун улар ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги чуқур инсонпарварликка йўғрилган ғояларини қанчалик тўғри ва адолатли ифода этишида кўринмоқда. “Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ёшларимиз ўзимизнинг газета-журналларимизни ўқимаса, ўз миллий адабиётимиз ва санъатимизни билмаса, улар қандай қилиб ватанпарвар бўлади? Уларнинг онгу тафаккури, дунёқараши нима ҳисобидан шаклланади? — деган эди давлатимиз раҳбари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳара­катининг IV қурултойида сўзлаган нутқида. — Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, катта-кичик раҳбарларнинг барчаси бу масала бўйича шахсан масъул эканини унутишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ”.

Газета-журналлар, китоб мутолааси масалалари Шароф Рашидовнинг ҳамиша диққат марказида бўлиб келган. Аммо ўша маҳалларда идеология соҳасида собиқ марказнинг мулозимлари буюк аждодларимизнинг башарият тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси, миллий ўзлик ва қадриятлар мавзулари ҳақида сўз очилиб қолмаслигига ҳамиша ҳушёр боқиб туришгани боис улуғ жамоат арбобининг кўплаб эзгу ниятлари ичида қолиб кетган эди. Бугунги кунда бу соҳаларга давлат аҳамияти даражасида эътибор қаратилаётгани, маънавий-маърифий жабҳалардаги ўзгаришлар, ёшларимизнинг дунёнинг хоҳлаган жойида билим олиб, хоҳлаган жойида фаолият юритиши учун яратилган имкониятлар ўз орзу-умидларини амалга ошира олмай бу дунёни тарк этган миллатпарвар-маърифатпарвар улуғ аждодларимиз каби Шароф Рашидов руҳини ҳам шод қилади.

Ўзбек номи аъмоли эди

Шароф Рашидов раҳбарлик қилган давр шўро ҳокимияти ҳукмронлиги авжга чиққан паллаларга тўғри келса‑да, шоир айтганидек, “қайга бормай бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб” кезлари эди. Шароит тақозосидан келиб чиққан ҳолда, халқнинг тарихи, маънавий қадриятлари сақланиб қолишида Шароф Рашидов бор кучини аямади, дейиш мумкин.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг Тошкентда фаолият олиб бориши, ислом маданиятига доир бир қанча халқаро анжуманлар ўтказилиши ўша давр нуқтаи назаридан қараганда, анча-мунча мушкулликлар келтириб чиқарарди. 1971 йилда Тошкентда собиқ Иттифоқдаги биринчи Ислом институти — Тошкент Олий Ислом Маъҳади очилгани бугунги кунда диний йўналишда олиб борилаётган улуғвор ишларга пойдевор бўлган эди. Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўша даврда собиқ Иттифоқнинг турли бурчакларидан келиб таҳсил олганлар эндиликда МДҲ мамлакатлари ислом маданиятининг пешқадам уламолари сифатида фаолият олиб боришаётгани шундан далолат беради.

1968 йилда эса Шароф Рашидовнинг устози ва дўсти, Ўзбекистон Фанлар академияси вице‑президенти, академик Иброҳим Мўминовнинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласи чоп этилди. Ҳажман мўъжазгина бўлса‑да, бу рисола темуршуносликка қўйилган дастлабки қадам, нафсиламрини айтганда, бу борада қилинажак ишларнинг узоқ муддатга мўлжалланган пухта дастури эди. Бу китоб ўзбек ва рус тилларида чоп этилди. “Темур тузуклари” ва Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарлари ҳам ўшанда ватанпарвар фидокор олимнинг ташаббуси билан нашр этилган эди. “Шу равишда Иброҳим ака тарихни сохталаштиришга қарши биринчилардан бўлиб дадил ва ошкора бош кўтарган олим эди, — деб ёзганди тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зиёев бу ҳақда. — Амир Темур ҳақидаги юқорида кўрсатилган ишларнинг нашр этилиши бутун республика зиёли аҳлини ва умуман, жамоани тўлқинлантириб юборди. Тез кунда китоблар сотилиб кетди, аммо унга талаб зўрайиб бораверди”.

Амир Темур баҳонасида Иброҳим Мўминов билан биргаликда Шароф Рашидовга ҳам тазйиқ кучайди. Ғанимлар ҳам бегона эмас, ўзидан чиққан, халқ ибораси билан айтганда, “кўзининг ёғини ялаган” кимсалар эди. Улар гўёки Амир Темурнинг “ёвузлигини, босқинчилигини, қонхўрлигини” рўкач қилишарди, ҳар томондан пайдар-пай тошлар отишарди. Аслида бундай хатти‑ҳаракатлар босиб олинган ўлкаларга мустабид тузумнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсатининг давоми эди холос. Ўн тўққизинчи асрдаёқ М. Иванин каби рус тарихчилари бу борада ўз хулосаларини баён этишганди. Унинг ёзишича, “дунёнинг шу қисми билан ҳарбий жиҳатдан ҳам таниш бўлган кишиларни тайёрлаш мақсадида Бош штабнинг Николаев академиясида Чингизхон, Амир Темур, Нодиршоҳ ва Осиёнинг бошқа буюк лашкарбошиларининг энг асосий юришлари ҳақида сабоқ бериш ҳамда зобитларга Осиё тилларини ўргатиш” баробарида, “Амир Темур сингари доҳий чиқиб қолмаслиги умумий хавфи олдида барча бирлиги (Англия каби мухолиф ҳам)ни эътиборга олиб, Ўрта Осиёни сиёсий жиҳатдан ҳозирги аҳволида (забунликда) тутиб туриш” ҳақидаги кўрсатмаларига ўхшаш асрлар давомида ўз кучини йўқотмаган сиёсий найранглар амалда эди. Шундай экан, бутун дунё тан олган саркарданинг тарихдаги ҳаққоний ўрнини кўрсатиш кимга ҳам ёқарди?

Иброҳим Мўминов билан Шароф Рашидов соҳибқирон Амир Темур шахсиятига доир қарашлари ҳам бир‑бирига тўғри келадиган улуғ инсонлар эди. Босим кучаявергач, жасоратли олимнинг соғлиғи ёмонлашди, қанчадан‑қанча илмий орзу‑ниятларини амалга ошира олмай қолди. Аммо тарих, халқ олдида ўзининг олимлик бурчини бажариб кетди. Шу маънода, бугунги кунда 1968 йил Амир Темур шахсиятига ижобий қараш, “Амир Темур шахсиятининг оқланиши” деб Ўзбекистон тарихида белгилаб қўйилиши, муносиб нишонланиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Вақти келиб, Иброҳим Мўминов билан Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуаси барпо этилса, ёшларимиз учун буюк аждодларимиздан фахрланишнинг ибрат намунаси бўлиб хизмат қилаётган обидалар сони яна биттага кўпаяди.

Бир умрлик совға

Шароф Рашидов республика раҳбари эканлигида Асил Рашидов олий ўқув юртида мураббийлик қилиш билан бирга “Қизил Ўзбекистон” газетасида ҳам ишлаб, турли мавзуларда мақолалар ёзиб юрарди. Бир куни акаси уни йўқлаб, шундай дейди:

— Сен илмни қўйворма! — дея унинг олдига қайси йўлдан боришни қатъий белгилайди. — Энди ҳамкорлик асосида газетада ишлашингни йиғиштирсанг ҳам бўлади.

Ука акага ҳамкорлик асосидаги газетадаги фаолияти институтдаги ишига халақит бермаслигини, иккала ишхонада ҳам ўз ишларини вақтида, сидқидилдан бажариб келаётганини, бу борада муаммо бўлиши мумкин эмаслигини тушунтирмоқчи бўлиб, эндигина оғиз жуфтлаётганди, зийрак ака унинг нима демоқчи бўлганини фаҳмлаб, гапини бўлди:

— Тўғри, шундай қилса ҳам бўлади, — деди у вазминлик билан. — Аммо, гап шундаки, сен бу ишларни қанчалик қойилмақом қилиб бажарсанг ҳам, раҳбарнинг укаси сифатида ортиқча гап-сўзлар остида қолишинг мумкин. Негаки, ҳар бир одамнинг ўз фикри-зикри, қарашлари, хулосалари бўлади, раҳбарнинг ҳар қадамини турли ўлчовларда ўлчашга мойил одамлар тўқиб‑бичиб, шишириб юборишса, буни кутиб турган ғанимлар ҳам ҳар ёқдан бош кўтариб қолишади.

Ука бош ирғади. У акасининг ҳақ эканига ичида ҳам, ташида ҳам тан берган эди. Шундай акаси борлигидан кўкси тоғдек кўтарилиб, қалби қувончларга тўлиб‑тошганди. Шу лаҳзаларда ўз элу юрти, Ватани манфаатлари йўлида покиза қалб билан ҳалол яшамоқ нечоғли улуғ саодат эканлигини англаган эди. Бу туйғу бир умр аканинг укага муносиб совғаси, умр йўлларини ёритиш учун ёқиб берган нурли машъаласи бўлиб қолди.

Шойим БЎТАЕВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019