Оёқ остида топталаётган тафаккур дурдоналари

18:13 19 Июль 2019 Жамият
428 0

Сўз — муқаддас. У акс этган ҳар қандай қоғоз хоҳ китоб, хоҳ газета шаклида бўлсин азиз ва муқаддас. Тўғри сўзнинг ҳалоли бор, эгрисиям... Қадимул айёмдан халқимиз нонни қандай улуғ тутган бўлса, ҳарфлар бирикмасида ҳосил бўлган жумлаларни, улардан вожиб бўлган ҳикмату ҳикоятларни ўзида мужассам этган варақларни, улардан ташкил топган китобларни шу даражада авайлаб-асрагани ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, илм, маърифат-маънавиятнинг хос макону манзили китоб, бугунги кунда босма нашрларни, хусусан, газета ва журналларни шу қаторга қўшса мутлақо тўғри бўлади...

Бугун чинакам маънода маънавий юксалиш сари йўлга тушдик. Давлатимиз раҳбари ҳам китобхонликни устувор айлаб, мана шу эзгу матлабда собит туришга даъват этмоқдалар. Қанчадан-қанча хайрли ташаббуслар рўёбини кўрмоқдалар. Кўпчилигимиз бундан мамнун эканлигимизни сўз билан изоҳлашимиз мушкул. Таассуфки, айримлар борки, қилмишидан ёқа ушлайсан. Уларга ачинасан...

Яқинда Андижон бозорида бир нохуш ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Газетага ўралган гўштлар, ўпқон (варёнка) қилинган китоб варақларидаги пистаю қурутларни кўриб, тафаккур дурдоналарининг қадр-қимматига ачиндим... Афсуски бугун бундай салбий манзараларни исталган бозорларда учратамиз. Гул дўконларида, айниқса, байрам кунлари газеталардан дасталар ясаш учун фойдаланадилар. Ҳатто айрим такси ҳайдовчиларимиз қор-ёмғир кунлари машиналарига супа каби тўшаб қўйишларига ҳам гувоҳ бўлганлар бор...

Маънавият хоссаларига бундай ҳурматсизларча муносабат қачон пайдо бўлди? Эртага қандай салбий оқибатларга дуч келишимиз мумкин? Шу каби саволлар билан айрим юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутдик.

Абдулаҳад ҲАФИЗОВ, Шайҳонтоҳур тумани, “Фирдавс” жоме масжиди имом ноиби:

— Исрофгарчилик ҳатто муқаддас китобимиз бўлмиш Қуръони каримда ҳам қораланган. “...Иннаху ла юхиббул мусрифин”, яъни “У (Аллоҳ) исроф қилгувчиларни севмайди”, деб ёзилади унда. Шундай экан, Худонинг розилигига эришмоқчи бўлсак, Унинг буйруқларини сўзсиз бажаришимиз даркор. Қолаверса, тафаккуримизни бойитувчи китобу рўзномаларни ўқиш, асраб-авайлаб, янги авлодга етказиш ҳам савоб ҳисобланади. Зеро, қадим-қадимдан илм улашувчиларни халқимиз улуғлаган.

Нодир ЖОНУЗОҚ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари:

 Авваллари хонадонларда турли газета ва журналларнинг кўп йиллик тахламларига кўзимиз тушарди. Юртдошларимиз ўзлари обуна бўлган газеталарни йиғиб, авайлаб-асрашарди. Ҳозирги кунда ҳам шундайми? Бу саволга жавоб беришда бугун ўйланиб қолаётганимиз ачинарли. Ахир, тўпланган сара материаллар кун келиб ноёб хазинага айланиши, шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, турли ҳикматлару, мўътабар инсонларнинг суратлари туширилган газета-журналларни, китобларни топтаётганлар ўзларининг маънавиятсизлигини, фаросатсизлигини шу орқали намойиш этаётганлардир.

Бобоёр ТЎРАЕВ, психолог:

— Умуман олганда, мутолаа манбаига эътиборсизлик давом этса, одамлар руҳиятида салбий тарафга ўзгариш содир бўлиши мумкин. Психологияда ҳам бу борада турли исботлар келтирилган. “Қовун қовундан ранг олади”, дейди халқимиз. Жумладан, оилада китобга беписандларча муносабатни кўрган боладан яхши ўқиб, билим олишни талаб қилиш қийин. Ҳар эрталаб отаси ёки онасининг газета варақлаб, кунни бошлаганини кўрган ёшдан ҳам келажакда матбуотга ҳурмат асосидаги муносабатни кутиш мумкин.

Юсуфбек ҲАБИБУЛЛАЕВ, Олмазор туманидаги гул дўкони сотувчиси:

— Тан олиш керак, кўпчилик гулчилар газеталардан ўқиш учун фойдаланишмайди. Шахсан мен ҳам гулларни ўраш учун катта ҳажмли газеталар саҳифаларини ишлатаман. Сабаби газетага ўралган гуллар зарқоғозга ўралганига нисбатан узоқроқ муддат тетик туради, сўлиб қолмайди. Қолаверса, газета ўқишга унчалик қизиқмайман, қизиқарли материал камлиги учундир балки. Авваллари гоҳ-гоҳ “Даракчи”ни ўқиб турар эдим. Бугун шуни ҳам ўқимай қўйдим, қизиқишим қолмади.

Мавзуга доир фикрларимизни машҳур ёзувчи Рей Бредберининг “Фаренгейт 451 даража” асарида қайд этилган воқеа асосида якунламоқчимиз. Ушбу асар бош қаҳрамони Гайнинг вазифаси давр талаби боис ўт ўчирувчи эмас, қарангки, ўт ёқувчи бўлади. Яна китобларни ёқувчи! У жуда кўп тафаккур дурдоналарининг кулини кўкка совуради. Бир куни кекса бир аёлнинг шахсий кутубхонаси ҳақида хабар топади ва дарҳол бориб унга ўт қўяди. Китоблари ёнаётганига чидолмаган қария эса ўзини алангага отиб, жонига қасд қилади. Асар қаҳрамони уни кўриб, жуда қаттиқ таъсирланади ва бу воқеадан сўнг ўзи ҳам китоб ўқий бошлайди.

Хулоса ўзингиздан...

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019