Ов қилиш ва ов хўжаликлари фаолиятини тартибга солиш қонун билан мустаҳкамланди

13:24 09 Июль 2020 Сиёсат
253 0

Сўнгги йилларида мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган изчил ижтимоий-иқтисодий ва экологик сиёсатни амалга оширишга эътибор янада кучайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ҳамда жорий йилнинг 8 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасини тартибга солувчи энг асосий ҳуқуқий асослардан бири дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирда Ўзбекистон фаунаси таркиби 15 мингдан зиёд умуртқасиз ҳайвонлар, 709 турдаги умуртқали ҳайвонлар шу жумладан, 109 турдаги сут эмизувчилар, 470 турдаги қушлар, 64 турдаги судралиб юрувчилар, 63 турдаги балиқлар ва 3 турдаги амфибиялардан иборат бўлиб, янги нашрга тайёрланган Ўзбекистон Қизил китобига жами 206 турдаги ҳайвонлар киритилган.

Бугунги кунга қадар ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга қаратилган ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинарди. Бу ўз навбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли қарама-қаршилик ва талқинлар, мураккабликларни келтириб чиқариб келаётган эди. Боз устига соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ёввойи ҳайвонлар ҳолати устидан давлат мониторингини олиб боришнинг самарали тизими мавжуд эмас. Шунингдек, овчилар ва ов хўжаликларининг ҳуқуқи, мажбуриятлари қонун ҳужжатларида аниқ белгиланмаганлиги овланадиган ҳайвон ресурсларининг ҳолатини аниқлашга, улар популяцияси давлат мониторинги тизимининг ривожланишига, мамлакатимизда овланадиган ҳайвон турларининг сони ва овланиш ҳажмларини, уларнинг репродуктив ҳолатини ўрганишга тўсқинлик қилаётганди.

Бу ўз навбатида, мазкур йўналишда айрим муаммоларнинг келиб чиқиши ва кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимизда 2018-2019 йиллар ва 2020 йилнинг биринчи чорагида овчилик ва балиқчилик соҳасида жами 2447 та ҳуқуқбузарлик аниқланган ва 912 млн. сўмдан ортиқ жарима ундирилган.

Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири туризмни ривожлантиришда ҳам соҳа истиқболли йўналишлардан ҳисобланади. Мамлакатимизда ов туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, хусусан хорижий сайёҳларни овчилик соҳасига жалб этиш орқали давлат бюджетига валюта тушумларини ошириш, ов ҳайвонларини етиштириш, тиклаш ва кўпайтириш орқали эса, сарфланадиган харажатларни молиялаштириш имконияти юзага келади.

Юқорида таъкидланган масалаларнинг ҳуқуқий ечими ўз аксини топган 7 та боб 43 та моддадан иборат «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни нормаларида мавжуд халқаро талаблар, ҳуқуқни қўллаш амалиётида фойдаланилаётган, қонуности ҳужжатларида белгиланган ҳамда замон талабига жавоб берадиган қоидалар инобатга олинган ҳамда моддалар тўғридан-тўғри амал қилишига эътибор қаратилган.

Қонунни тайёрлаш жараёнида халқаро конвенция ва битимлар, шунингдек Германия, Франция, Япония, Россия, Беларус, Полша каби давлатларнинг соҳага оид қонунчилик амалиёти ўрганилган.

Қонунда фойдаланилган тушунча ва атамаларни турлича изоҳ этилишини истисно этиш ҳамда қонун ҳужжатида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўллаш мақсадида «ов қилиш», «овчилик хўжалиги», «овчи», «овчилик ресурслари», «ов маҳсулоти»каби тушунчалар алоҳида моддаларда очиб берилган. Шунинг билан бирга овчилик ресурслари ва ов қилиш жойларини муҳофаза қилиш йўллари, ёввойи ҳайвонларнинг сони ҳамда тутилган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олишни амалга ошириш, ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ва уларнинг сонини тартибга солиш, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота бўйича ариза бериш муддатларига оид нормалар аниқ белгилаб қўйилган.

Қонуннинг «Ов қилишни амалга ошириш» деб номланган 4-бобида ов қилиш турлари, рухсат этилган ҳамда таъқиқланган ов қилиш қуроллари ва усуллари, ов қилишнинг хавфсизлик қоидалари, ов қилиш мавсуми ва муддатлари, овчилик хўжалигига ва инсоннинг хўжалик фаолиятига зарар етказувчи ёввойи ҳайвонларни отиш ёки тутиб олиш шартлари, чет эллик фуқаролар учун ов қилишни ташкил этиш туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши, ғайриқонуний ов қилишни (браконерлик) аниқлаштирувчи моддалар баён этилган.

Эътиборлиси, Қонунда овчилик гувоҳномаси, ёввойи ҳайвонларни тутишга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олишга доир рухсатномалар, овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ким томонидан қай тартибда берилиш шартлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонуннинг «Овчилик хўжалигини юритиш» деб номланган бобида овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома ҳамда техник-иқтисодий асоснома материаллари асосида амалга оширилиши, овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқини тугатиш шартлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базасига доир нормалар белгиланган.

Шунингдек, Қонун ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш муносабатларини тартибга солишга қаратилган бўлса-да, бир қатор моддаларда ёввойи ҳайвонлар сонини уларнинг яшаш жойлари доирасида сақлаб туриш, кўпайтириш қаратилган тадбирларни ўтказиш мажбуриятлари белгиланмоқда. Жумладан, 11-моддасида ёввойи ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрор кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратиш, 12-моддасида ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш, 14-моддасида ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш ёввойи ҳайвонларнинг сонини кўпайтиришга қаратилган тадбирларни ўтказиш орқали амалга оширилиши, овчилик хўжаликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларида ёввойи ҳайвонларни табиатга мослаштириш ёки улардан бошқа мақсадда фойдаланиш учун кўпайтириш, ёввойи ҳайвонларнинг такрор кўпайтирилишини таъминлаши белгилаб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ҳужжатнинг амалиётга кенг татбиқ этилиши мамлакатимиз ҳудудларида ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишига, ёввойи ҳайвонларнинг хилма-хиллигини сақлаб қолиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва тутиш нормаларини тартибга солиш устидан давлат назоратини кучайтириш, ов туризмининг ривожлантирилишига ҳамда ов хўжаликлари ҳолатининг яхшиланишига имкон беради.

Хайрилло ҒАФФОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?