Ўтмиш ва келажак ўртасидаги кўприк

11:38 18 Май 2018 Маданият
723 0

Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвонсаройида Халқаро музейлар кунига бағишлаб ўтказилган археологик буюмлар кўргазмасига шундай таъриф бериш мумкин.

“Ўтмиш ва келажак” деб номланган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, музейшунослар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, маданият, санъат ихлосмандлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Кўргазманинг очилишида юртимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, жумладан, уларни қадим тарихимиз ҳақида ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар билан янада бойитиш, халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Халқаро маданият карвонсаройи Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда “Амалий санъат асарларини таъмирлаш” факультети талабаларининг амалий машғулотларда иштирокини кенг йўлга қўйган. Кўргазмада ушбу машғулотлар жараёнида йигит-қизлар томонидан таъмирланган сопол буюмлар, турли нақшлари қайта тикланган уй анжомлари ва бошқа кўп асрлик тарихга эга топилмалар, ашёлар ҳам намойиш қилинди.

Қайд этиш жоизки, мазкур топилмалар Тошкент вилояти ҳудудидаги Қонқа ва Сурхондарё вилоятининг Кампиртепа, Дабилқўрғон ҳамда Мунчоқтепа тарихий ёдгорликларидан қазиб олинган.

Кўргазма доирасида ташкил этилган давра суҳбатида олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан археология ва реставрация жараёнининг муҳим масалалари муҳокама қилинди. Талаба-ёшлар йиғилганларга ўз реставрация ишлари ҳақида маълумот берди. Бундай тадбирлар ўтмиш ва келажак ўртасида кўприк бўлиб, ёш авлоднинг ўз Ватани тарихи билан фахрланиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш туйғуларини янада кучайтиради.

Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар