Ўтмиш эъзоз, келажак ҳисоб сўрайди

10:07 14 Февраль 2019 Маданият
566 0

Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини тиклаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Улуғ шоҳ ва шоир шахсига бутун дунёда, хусусан, Ҳиндистонда муносабат қандай?

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон МАШРАБОВ билан суҳбатимиз шулар ҳақда бўлди.

— Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг дунё бўйлаб амалга оширган илмий экспедициялари ҳақида кўп эшитганмиз. Оммавий ахборот воситаларида сафарлар тафсилотлари батафсил ёритилган. Аммо, ҳар бир ишнинг баҳоси унинг натижаси билан ўлчанади. Шу маънода фонд томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг натижаси ва аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Фикрингизга қўшиламан. Ҳар қандай ишнинг қадрини унинг самараси белгилайди. Фонд ташкил этилгандан буён ўтган 26 йил давомида амалга оширган ишларимизда ютуқлар яққол кўзга ташланса-да, ҳали улардан кўнгил тўлган эмас. Режалаштирган ишларимиз, кўзлаган мақсад-муддаоларимиз кўп.

Лекин шуни айтишим мумкинки, илмий сафар қаерга бўлмасин, қанча муддат давом этмасин, экспедиция аъзоларини улуғ бир мақсад бирлаштирган: хаёлда на саёҳат, на тижорат юмушлари, балки боболаримиз маънавий меросини излаш, имкон қадар юртга олиб келиш мақсади устувордир.

Буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос нафақат улар яшаган юртлар, балки тарихнинг турфа синовларию, ўйинлари сабаб жумлаи жаҳон бўйлаб сочилиб кетган. Мамлакатимиз тарихига, ота-боболаримизга тааллуқли ашёлар, ноёб асарлар, қўлёзмалар Япониядан тортиб, Оврўпанинг Лондон, Париж каби шаҳарларидаги ёхуд узоқ уммон орти — Америка қитъасидаги музей ва кутубхоналардан, ҳатто шахсий архивлардан ўрин олган. Бу ҳолат бир томондан ғурурлантирса, бошқа томондан кўнгилни оғритади. Негаки, аждодларимиз томонидан яратилган бебаҳо хазиналар қай юртларда, кимларнинг қўлида қолиб кетди. Энди уларни излаб топиш, юртимизга қайтариш осон иш эмас, бироқ ҳеч бўлмаса уларнинг нусхаларини юртимизга олиб келишимиз шарт. Зеро, улар нафақат башарият мулки, балки, аввало, халқимизга тегишли ноёб бойликлардир.

Фонднинг илк сафари 1992 йил 19 май — 15 июль кунлари Туркманистон, Эрон, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Покистон, Афғонистон давлатларида кечган эди. Ушбу юртлардаги Қуръон музейларидан Бобур хатида битилган Қуръонни излаганмиз. Ўтган йиллар мобайнида фонд томонидан дунёнинг турли ҳудудларига амалга оширилган 25 дан зиёд илмий экспедициялар жараёнида 700 дан ортиқ асарлар, қимматли қўлёзмалар ва бошқа ноёб ёдгорликлар қўлга киритилди. Улар бугунги кунда Андижонда фаолият юритаётган “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида сақланмоқда. Сафарларимиз ва уларда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида 50 дан ортиқ илмий-бадиий китоблар чоп этилди. Кўплаб видео ҳамда ҳужжатли фильмлар яратилиб, халқимизга марказий, маҳаллий телевидениелар орқали намойиш қилинди.

Мирзо Бобур ижоди маҳсули бўлган бебаҳо асарлар, ҳаёти билан боғлиқ ноёб экспонатларни ҳам Ўзбекистонга олиб келдик. Масалан, Ҳайдарободдаги Саларжанг музейида сақланаётган қадимий ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома”нинг асл нусхасининг иккинчи кўчирма нусхасини олиб келишга мушарраф бўлдик. Шунингдек, “Куллиёти Бобур” танланган асарларини Эрондан келтирдик. Буюк бобокалонимиз “Хати Бобурий” номи билан машҳур Қуръони Каримни кўчириб, Мадинаи Мунавварага юборган. Экспедициямиз 10 йил давомида бу улуғ меросни излаб топди ва Эрон давлати билан келишилган ҳолда ушбу асарнинг нусхасини ҳам музейимизга олиб келдик. Олимларимиз топилмаларимиздан баҳоли-қудрат фойдаланишаяпти.

— Тарихга оид баъзи манбаларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур яратган империяга “буюк мўғуллар империяси” деган янглиш атамани учратамиз. Бу қараш қайси даврда ва қандай қинғир мақсадни кўзлаб шакллантирилгани бошқа бир алоҳида мавзу. Бироқ буюк шоҳ ва шоирнинг аждодимиз, ўзбек миллатининг фарзанди эканини ҳар жиҳатдан илмий асослаб бериш, бунга доир тарихий манбаларни топиш ҳамда дунё жамоатчилигига кенг намойиш этиш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир. Фонд томонидан бу борадаги эзгу ишларга қандай ҳисса қўшиляпти?

— Дарҳақиқат, тарихий адолатни тиклаш улуғ аждодимиз олдидаги энг катта қарзимиздир. Бобур ва бобурийларни “буюк мўғуллар”га нисбат қилиш айрим тарихий асарлардаги чалкашликлар мевасидир. Бу хатоликни тўғрилаш, улуғ боболаримизга ёпилган пардаларни кўтариш — тарихга асл қиёфасини намоён этиши учун мадад бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, бу масъулиятли, айни дамда шарафли вазифани бугун адо этмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Бунинг учун келгуси авлод олдида ҳисоб беришимизга тўғри келади.

Фондимиз томонидан бобурийларнинг асл мақомини тиклаш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Бу йўлда дунёнинг турли нуқталарида истиқомат қилаётган бобуршунос олимларни ижодий ҳамкорлик йўлида бирлаштиришга интиляпмиз. Олиб борилаётган хайрли ишлар ва эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш мақсадида “Бобур ва дунё” журнали таъсис этилди. Жаҳоннинг турли ҳудудларида ўтказилаётган халқаро конференцияларда иштирок этиб, ўз тадқиқотларимиз натижаларини эълон қилиб келяпмиз. Бобурийларнинг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини тарғиб қилишга бағишлаб мамлакатимизда ҳам халқаро анжуманлар ташкил этилмоқда. Жумладан, 2017 йили “Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу анжуманда дунё ва мамлакатимизнинг кўплаб таниқли бобуршунослари томонидан жаҳон бобуршунослигининг маркази Европадан Ўзбекистонга, пойтахт Тошкентга кўчганлиги ҳақли эътироф этилди. Ҳозиргача жаҳон илмий-адабий жараёнида Бобур ва бобурийларга нисбатан хато қўлланилиб келинаётган “Буюк мўғул” атамасини қўлламаслик ҳамда Бобур ижод қилган тилга нисбатан янглиш равишда ишлатилаётган “чиғатой тили” атамаси ўрнига, “туркий тил (эски ўзбек тили)”ни илмий истеъмолга киритиш маъқулланди.

Бугунги кунда фондимизнинг Деҳли шаҳридаги Ҳиндистон бўлими фаолият олиб бормоқда. Мирзо Бобур авлодлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Рамазон ва Қурбон ҳайитларида, Наврўз байрамида табрикномалар, мактублар алмашиляпти. Бобурийларнинг давомчилари бир неча бор ота-боболарининг киндик қони тўкилган юртга — Ўзбекистонга келиб-кетдилар. Мамлакатимизда улуғ аждодимизга кўрсатилаётган эъзозу эътиборни кўриб, фахр-ифтихор туйдилар.

— Ҳинд диёрида улуғ аждодимиз ва уларнинг авлодларига муносабат қандай? Ҳиндистонда бир неча бор бўлган, бобурийларга оид илмий манбаларни тадқиқ қилган, халқнинг фикрини ўрганган олим сифатида бу борадаги фикрингиз барчамизга қизиқ.

— Сизга ўтган йили Ҳиндистонга сафаримиз давомида кўрганларимни баён этсам: Деҳли шаҳрида жойлашган Бобур мирзо бобомизнинг тўнғич фарзанди Ҳумоюн мирзо мақбарасини, кейин Хисрав Деҳлавий, Мирзо Ғолиб, Мирзо Абдулқодир Бедил қабрларини зиёрат қилдик. Ушбу қадамжолардаги ободлик ва оройишдан қалбимизда ажиб ёруғлик, фахр ва ғурур туйғулари жўш урди. Дунёнинг турли нуқталаридан бу ерга келган минг-минглаб сайёҳлар ва ҳиндистонликларнинг мазкур тарихий обидаларга маҳлиё бўлиб кетишаётганига гувоҳ бўлдик.

Бобурнинг валиаҳд фарзанди Ҳумоюн мирзонинг мақбара-оромгоҳи Нью-Деҳлининг қоқ марказида жойлашган. Бугунги кунда энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган зиёратгоҳлардан. Маълумотларга қараганда, мақбара Акбар подшоҳ томонидан қурдирилган. Обида ҳайратланарли тарзда чиройли, маҳобатли. Бу мақбарани темурийлар хилхонаси деб ҳам атайдилар. Бу ерда яна бошқа кўплаб бобурий шаҳзода ва маликаларнинг ҳам қабри бор.

Аграда бўлганимизда бу ердаги инсонлар Тожмаҳални “Муҳаббат қасри” сифатида юксак эҳтиром билан тилга олишди. Мўъжизакор ушбу обида яқинида ўрта асрлар ўзбек ҳарбийси тимсолида қўлда найза тутганча савлат тўкиб турган йигитларнинг кўзларида чексиз ғурур балқ урганига гувоҳ бўлдик. Ушбу тарихий масканларни зиёрат қилиш, албатта, пуллик бўлиб, мамлакат ғазнасини тўлдиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Ижодий гуруҳ ўз ташрифи давомида ҳиндистонлик машҳур бобуршунос олимлар ва адиблар билан мулоқотда бўлди. Таниқли давлат арбоби ва адиб Салмон Хуршид ва адабиётшунос олим Саид Муҳаммад Азизиддин Ҳусайн билан суҳбат қилдик. Салмон Хуршид ижодий гуруҳимизга ўзининг “Бобур ва унинг авлодлари” асарининг инглиз ва араб тилларида чоп этилган нусхаларини совға қилди. Ушбу асарни фондимиз раёсати келгусида ўзбек тилига таржима қилиб, халқимизга туҳфа этишни режалаштирган. Профессор Азизиддин Хусайн ўзи нашрга тайёрлаган Бобурнинг “Девони Бобур” ва доктор Абдуссалом Желоний нашрга тайёрлаган Шайх Ҳомид бинни Фазлуллоҳ Жамолийнинг “Девони қасоиди Жамолий” (Жамолий қасидалари девони) китобларини ҳадя этди. Ҳинд зиёлилари бундай нодир асарларнинг қадрини чуқур ҳис этишларидан чексиз қувондик.

Кўриб турганингиздек, ҳиндистонликлар бобурийларнинг ҳинд халқи маданиятини бойитишдаги хизматларини юксак баҳолайди ва уларнинг бебаҳо маданий меросини кўз қорачиғидай асраб-авайлашга интилади. Тўғри, Жамна дарёси соҳилидаги Мирзо Бобур ва унинг оила аъзолари яшаган уйлар бугун бироз қаровсиз қолган. Аммо уларни ҳам бошқа қадамжолар қатори таъмирлаб қўйишга ҳукуматнинг имконият ва эътибори етади, деб ўйлаймиз.

  • Фонд томонидан келгусида яна қандай ишлар амалга оширилади?

— Ташкилотимиз ўз олдига нафақат Бобур ва бобурийлар сулоласига оид, балки халқимизга тегишли бошқа маданий-маънавий мерос сарчашмаларини ҳам ўрганиш, жаҳон бўйлаб улуғ аждодларимизнинг тарихий қадамжоларини топиш ҳамда обод қилиш вазифаларини қўйган. Бу борадаги ишларни аллақачон бошлаб юборганмиз. Жумладан, Афғонистонда ҳазрат Алишер Навоийнинг, Мавлоно Лутфийнинг, Камолиддин Беҳзоднинг қабрларини таъмирлаб, зиёратгоҳга айлантирдик. Бундай хайрли ишлар изчил давом этмоқда.

Яна қиладиган асосий ишларимиздан бири улуғ қомусий олимларимиз энциклопедияларини яратишдир. Бу ишнинг ғоятда машаққатли эканини Бобур энциклопедиясини нашр этиш жараёнида англадик.

Фондимиз олдида яна бир муҳим вазифа турибди: “Бобурнома”нинг йўқолган қисмини излаб топишимиз лозим. Бобур уни 1494 йили тахтга ўтирган кунидан бошлаб ёза бошлаган. Асар муаллифнинг вафотига қадар, яъни 1530 йилгача ёзилган. Демак, “Бобурнома” 36 йиллик тарихий ҳодисаларни қамраб олган бўлиши керак. Бироқ бизга етиб келган асарда 18 йил давомида юз берган воқеалар ўрин олган. Бундан келиб чиқадики, ушбу мемуар асарнинг қолган қисми қаердадир маънавий хазина изловчиларни кутмоқда. Бобур ҳазратларининг “Ҳарб иши”, “Мусиқа сирлари”, “Қофия илми” каби асарлари ҳам ҳалигача топилмаган. Уларни ҳам излаб топиш ва Ватанимизга олиб келиш энг муҳим мақсад-муддаоларимиздан биридир.

“Халқ сўзи” мухбири
Дилшод КАРИМОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019