ОТМга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар фаолияти фош бўлди

12:32 16 Сентябр 2020 Жамият
341 0

Департамент органлари томонидан олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарларнинг фаолияти фош этилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бошпрокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Олтинкўл тумани ихтисослаштирилган мактаб интернати жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ғ.Д. ОТМларига бўлаётган имтиҳон жараёнларида абитуриентларнинг ишончига кириб, уларни ўқишга киритиб қўйишга ишонтириш орқали даромад орттириб қолиш мақсадида, фуқаро Г.М.ни Андижон давлат университетининг “Жисмоний тарбия ва спорт” факультетига университет раҳбарияти орқали ўқишга киритиб қўйишга ишонтириб, эвазига ундан 4 300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Бувайда туман бўлими ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, тумандаги умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси И.М. фуқаро М.Б. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро А.нинг қизини танишлари орқали Наманган давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.

Департаментнинг Уйчи туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, Наманган Давлат Университети ўқитувчиси А.С., фуқаро Р.ни университетнинг “Педагогика ва психология” йўналиши бўйича танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 800 АҚШ доллари беришни талаб қилиб, олдиндан “Бўнак” сифатида 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?