Ўтган йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси қанча ошди?

22:27 16 Март 2019 Иқтисодиёт
259 0

Иллюстратив фото

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашуви арафасида кеча Тошкент шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон Республикаларининг расмий ҳукумат делегациялари иштирокида биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ташкил этилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR-маркази хабар берди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Марказий Осиё иқтисодий форумини ташкиллаштириш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг ноябрида Марказий Осиё бўйича Самарқанд конференциясида илгари сурилган эди.

Марказий Осиё давлатлари бош вазир ўринбосарлари ўртасидаги беш томонлама учрашувларнинг мақсади минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация мажмуаси имкониятларини ўрганиш, ўзаро савдо ҳажми ҳамда туризм жозибадорлигини ошириш масалаларини муҳокама этишдан иборат.

Марказий Осиё давлатлари нафақат умумий чегараларни, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларини, географик жойлашувини, шунингдек, мамлакатлар миллий иқтисодиётини акс эттирувчи экспорт тузилмасининг ўхшашлигини ҳисобга олган ҳолда, бир қатор хусусиятларни бирлаштиради.

Иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, экспортни диверсификация қилиш, республиканинг етакчи тармоқларида технологик ва инновацион ечимларни топиш каби долзарб масалаларни ҳал этишда Марказий Осиё минтақаси давлатларида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Ўтган икки йил мобайнида давлат раҳбарларининг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этиши алоҳида айтиб ўтилди.

Учрашувда томонлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жараёнида кузатилган ижобий динамикани мамнуният билан эътироф этдилар. Масалан, 2018 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 50 фоиздан ошиб, 4,2 миллиард долларни ташкил этди ва Марказий Осиё давлатлари капитали иштирокида Ўзбекистондаги корхоналар сони 729 тага, яъни 3 баробар кўпайди.

Тадбирда савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш, минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш ва транспорт марказларини ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар, зарур инфратузилмани яратиш зарурлиги таъкидланди.

Биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019