Ўтган йилда Омбудсман томонидан 18 та жазони ижро этиш муассасасида мониторинг олиб борилган

11:09 01 Март 2019 Жамият
332 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

“Халқ сўзи ONLINE”/ Мунисхон Каримова. Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисининг иккинчи куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳамда адлия вазирининг ҳисоботини эшитиш билан бошланди.

Омбудсман ўз ҳисоботида қатор факт ва рақамлар, долзарб муаммоларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, ўтган йил давомида Омбудсман томонидан 18 та жазони ижро этиш муассасасида мониторинг олиб борилди. Мониторинг гуруҳларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, жамоат ташкилотлари ва “Хьюман Райтс Вотч” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Тадбирлар доирасида маҳкумларни сақлаш шароитлари ва улар билан муомалада бўлиш тартиби, тиббий хизмат кўрсатиш, овқатлантириш, меҳнат, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш самарадорлиги ўрганилди, маҳкумлар билан жамоавий (2 500 киши) ва якка тартибдаги (127 киши) учрашувлар ўтказилди.

Мамлакат Президенти Ш.М. Мирзиёев раҳбарлиги остида суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинаётган қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари, шунингдек, Омбудсманнинг ушбу жараёндаги роли тўғрисидаги ахборот жамоавий учрашувларда маҳкумларга етказилди.

Муассасаларда халқаро стандартларга мувофиқ маҳкумлар ҳаёти ва фаолияти учун мақбул шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, Омбудсманнинг мониторинг гуруҳи маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари, шу жумладан, қуйидаги ҳуқуқлари амалга оширилаётганига узил-кесил ишонч ҳосил қилди:

Биринчидан, ёритиладиган, иситиладиган ва шамоллатиладиган турар жойларда яшаш, алоҳида ётоқ жойларига, очиқ ҳавода сайр қилиш учун вақт ва шароитларга эга бўлиш, даврий нашрлар, теле ва радиоэфир билан танишиш, маданий ва жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш ҳуқуқи;

Иккинчидан, 3 маҳал бепул иссиқ (шу жумладан парҳез) овқат, вақти-вақти билан янгилаб туриладиган кўрпа-тўшак, кийим, пойабзал ва шахсий гигиена воситалари олиш, стационар ва амбулатория тиббий хизматларидан фойдаланиш, дори воситалари олиш ҳуқуқи;

Тўртинчидан, соғлиғи ва қобилиятини ҳисобга олиб, ҳақ тўланадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, қисқа муддатли учрашиш, телефон орқали сўзлашиш ва қариндошлари билан узоқ вақт давомида учрашиш, хат ва телеграммалар олиш ва жўнатиш ҳуқуқи.

Мониторинг натижалари таҳлили қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлигига таъсир кўрсатадиган бир қатор масалаларни аниқлаш имконини берди. Жумладан:

- қамоқда сақланаётган шахс ҳаёти ва соғлиғига жисмоний куч ёки махсус воситалар ишлатиш натижасида зарар етказилганлиги тўғрисида муассаса маъмурияти прокурорни хабардор қилиши шарт бўлган муддат қонун ҳужжатларида аниқ белгиланмаган. Бундан ташқари, тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли расмийлаштириш масалаларида муассасалар тиббий ходимларининг касбий тайёргарлиги паст даражада экани қайд этилмоқда. Муассасаларда ишловчи тиббий кадрлар малакасини ошириш тизимининг йўқлиги мазкур соҳанинг жиддий камчилигидир;

- муассасалардаги маърифий ишлар жамоатчилик таъсирининг ва маҳкумлар ўзини ўзи тарбиялашининг салоҳиятини тўлиқ ҳисобга олмайди. Гарчи қонун ҳужжатларида бундай ҳамкорлик назарда тутилган бўлса-да, амалиётда у асосан диний экстремизмга мойиллиги бўлган шахсларга йўналтирилган ва бошқа тоифадаги маҳкумларни қамраб олмайди.

- шахсни китоб ўқишга қизиқтириш унинг ўзини қонунга итоаткор тутиши ва маънавий-ахлоқий камол топишида муҳим омил ҳисобланади. Муассасалар кутубхона жамғармаси номенклатурасини таҳлил қилиш у асосан рус тилида чоп этилган асарлардан ташкил топганини кўрсатди. Шунингдек бунда ҳуқуқий, бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларга бўлган эҳтиёж тўлиқ ҳисобга олинмаяпти.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий кафолатларини таъминлаш, қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш, шунингдек муассасаларда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш мақсадида “Қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларига риоя этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” (2018 йил август) ва “Айрим жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташриф якунлари тўғрисида” (2018 йил декабрь) ахборот-таҳлилий хатлар ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис палаталарига, шунингдек манфаатдор давлат органларига киритилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019