ОТБ Қорақалпоғистонда сув таъминотини яхшилаш учун 145 млн доллар ажратади

10:38 22 Май 2018 Жамият
377 0
Фото: Kruz.uz

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий қисми бўлган Қорақалпоғистон Республикасидаги сув таъминоти ва санитария хизматларини яхшилаш мақсадида 145 миллион доллар миқдорида заём ажратадиган бўлди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар тарқатди.

Манбада қайд этилишича, лойиҳа ярми аёллар ва болалардан иборат бўлган 388 минг нафар аҳолининг сув таъминоти ва санитария хизматларини қамраб олиши кўзда тутилган. 

«Қорақалпоғистон Республикаси учун сув таъминоти шароитларини яхшилаш жуда муҳим. Сув таъминоти ва санитария тизимларини модернизациялаш одамлар, хусусан 178 минг нафар аёл ва болаларнинг турмуш тарзи сифатини ошириш имконини беради, улар узлуксиз равишда марказлаштирилган сув таъминоти тизимига эга бўлишади», - деган ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё шаҳарсозлик бўйича департаменти бош мутахассиси Хао Жанг.

Маълумотларга кўра, айни вақтда ҳудуддаги аҳолининг 37 фоизи марказлаштирилган сув таъминоти тизимидан фойдаланади, шу билан бирга аҳолининг 40 фоизи эса ҳафтасига 6 соатдан камроқ сув хизматларидан фойдаланиш имконига эга. 

Мазкур лойиҳа доирасида уч сув тозаловчи станция қурилиши, қайта тикланиши ва кенгайтирилиши; 300 км сув қувурлари магистраллари қурилиши ва қайта тикланиши; 28 сув тақсимловчи марказ қурилиши ва реабилитацияси; 900 км'га яқин сув тақсимлаш тармоғи қурилиши ва қайта тикланиши ва сув истеъмолини ўлчовчи ҳисоблагичлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Лойиҳани 2024 йилнинг июлига қадар амалга ошириш режалаштирилмоқда. Унинг умумий қиймати Ўзбекистон ҳукуматининг 27,3 миллион долларлик маблағларини қўшганда 172,3 миллион долларни ташкил қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар