ОТБ Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғига 198 миллион доллар маблағ ажратди

16:36 18 Июнь 2018 Иқтисодиёт
723 0
Фото: Najot.info

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида мева-сабзавотчилик соҳасида ишлаб чиқариш-сотиш занжирини ривожлантириш учун 198 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги кредит ажратади.

Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди. ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё минтақавий департаментининг табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги бўйича бош иқтисодчиси Буи Мингх Жиапнинг айтишича, мева-сабзавотчилик билан шуғулланадиган фермерлар ва соҳада ишлаб чиқариш-сотиш занжирига жалб этилган корхоналар узоқ муддатли молиялаштиришдан фойдаланиши мумкин.

Мазкур кредит бу борада 2016 йил бошланган лойиҳанинг давоми ҳисобланади. Ўшанда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 154 миллион доллар йўналтирилган эди. Ушбу маблағ ҳукумат томонидан банкларга йўналтирилган ва улар эса фермер ҳамда корхоналарга субкредит шаклида берилганди.

Жорий лойиҳа еттита (“Асака”, “Давр банк” “Ипак йўли”, “Ипотека-банк”, Миллий банк, “Туронбанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” ) банкни қамраб олади.

Капитал уруғлик ва кўчатлар, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ҳамда сақлаш учун асбоб-ускуналар, техник қурилмалар сотиб олишга сарфланади. Бундан ташқари, соҳа вакилларига экспорт бозорига чиқиш учун зарур бўладиган бизнес режалаштириш, агротехник методлар ҳамда йиғим-теримдан кейинги тадбирлар ва кўникмаларни ўзлаштиришда кўмак беради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар