Ота-оналар томонидан ўз фарзандларига уй шароитида диний таълим бериш ҳуқуқи белгиланади

16:34 17 Сентябр 2020 Сиёсат
278 0

Мустақилликдан кейин мамлакатимизда виждон ва дин эркинлигини таъминлаш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни яратиш ва доимий такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Лойиҳада қатор имтиёзлар қатъий белгиланди. Масалан, унда жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш мақсадида диний соҳани давлат идоралари томонидан тартибга солиниши лозим бўлган сабаблар батафсил тушунтирилган.

Сайловолди учрашувларимизда шу йўналишдаги саволларга ҳам кўп дуч келганмиз. Хусусан, бир мулоқотимизда диний таълим муассасаларида фарзандларининг профессионал таълим олишлари юзасидан қандай имкониятлар борлиги хусусида сўрашган эди. Очиғини айтаман, ўша вақтда айтарли ижобий жавоб беролмагандим. Қўлимда асос йўқлиги панд берганди.

Бугун эса ўша саволга ушбу қонун лойиҳасида батафсил банд белгиланди. Яъни, ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди.

Тан олиш лозим, илгари бундай таълим олишда катта ҳадик турарди, «кимнингдир» билиб қолишидан чўчиганлар сони саноқсиз эди. Ҳатто уйда ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини тушунтиришга ҳам қўрқадиганлар йўқ эмасди. Мана, эндиликда қонуний асос билан мазкур қўрқувларга чек қўйилди.

Яна бир муҳим жиҳат борки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ авваллари диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт эди. Аммо мазкур талаб қонун лойиҳасида қатъий бекор қилинди.

Шунингдек, меъёрий ҳужжатнинг мақсадларидан бири ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасида жамиятда динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш бўйича муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олган. Ушбу омилларни инобатга олмаган ҳолда мамлакатимизда яшовчи миллатлар ва элатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турли диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлашнинг имкони мавжуд эмас.

Умидахон ЗОКИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?