От спортининг нуфузли мусобақаси якунланди

14:21 30 Апрель 2018 Спорт
417 0

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр” от спорти базасида от спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури (конкур) бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигаси саралаш баҳсларининг I босқич мусобақалари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2018 йилги оммавий спорт тадбирлари тақвим режаси, Халқаро от спорти федерацияси таклифи ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ташаббуси билан билан ташкил этилган мазкур мусобақада Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Эрон, Литва каби хорижий давлатлар спортчилари ва мутахассислари иштирок этдилар.

Тадбирнинг биринчи кунида спортчилар биринчи айланишда баландлиги 1 метру 30 см бўлган тўсиқлардан, иккинчи айланишда 1 метру 35 см бўлган баландликдан от сакратиш бўйича беллашдилар. Спортчилар иккинчи куни Миллатлараро кубок доирасида икки гит (босқич)ли мусобақалар бўйича дастлабки айланишда 1 метру 35 см, иккинчи айланишда 1 метру 45 см баландликни забт этишга ҳаракат қилишди. Учинчи куни Жаҳон кубоги ва Гран При баҳслари доирасида баландлиги 1 метру 40 см. дан 1 метру 60 см. гача бўлган тўсиқлардан ошиб ўтишди. 
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси Президенти Кубоги баҳслари ҳам бўлиб, унда спортчилар 1 метру 30 см бўлган баландликни забт этишди. 

Қайд этиш керак, мазкур мусобақада мамалкатимиз шарафини 25 нафар спортчи арғумоқ ва 15 нафар чавандоз ҳимоя қилишди. Уларнинг орасида халқаро мусобақаларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Умид Комилов, Нуржон Туёқбоев, Ғайрат Назаров, Аъзам Толиббоев, Хуршид Олимжонов каби тажрибали чавандозлар бор. 

Мусобақаларида  спортчиларимиз яхши тайёргарлик ва юқори маҳоратга эга эканликларини амалда намоён этдилар. Миллатлараро кубок баҳсларида Ўзбекистон жамоаси ғолибликни қўлга киритгани бунинг яққол тасдиғидир. 

Биринчи гид давомида спортчиларимиз катта бўлмаган жарима очколари билан олдинга чиқиб олишди. Иккинчи гид вақтида эса барча спортчилар чиқишлари тугашидан аввал ғалаба кимга насиб этиши аниқ бўлиб қолди. 

Миллатлараро кубок натижалари қуйидагича: 

1-ўрин — Ўзбекистон жамоаси — 8 жарима очкоси 
2-ўрин — Қирғизистон жамоаси — 12 жарима очкоси 
3-ўрин — Қозоғистон жамоаси — 36 жарима очкоси 

130 сантиметр баландликка от сакратиш бўйича мусобақалар натижалари:

 1-ўрин — Камил Сабитов — Quintendro — Қирғизистон 
2-ўрин — Александр Тишков — Lord Loksli — Қозоғистон 
3-ўрин — Владимир Шмелев — First Choice — Ўзбекистон 

130-135 сантиметр баландликка от сакратиш бўйича мусобақалар натижалари:

1-ўрин — Камил Сабитов — Carmen — Қирғизистон 
2-ўрин — Нуржан Туякбаев — King Cornet L — Ўзбекистон 
3-ўрин — Оқил Собиржонов — Giatris — Ўзбекистон 

Максимал баллар бўйича конкур натижалари, энг юқори баландлик — 145 сантиметр:

1-ўрин — Камил Сабитов — Carmen — Қирғизистон 
2-ўрин — Аъзам Талиббаев — Camita — Ўзбекистон 
3-ўрин — Ринат Галимов — Lady-sunshine — Қирғизистон 

Конкур бўйича Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси I босқичи Гран-при мусобақалари натижалари: 

1-ўрин — Камил Сабитов - Quintendro - Қирғизистон, 0 жарима бали
2-ўрин — Камил Сабитов - Carmen - Қирғизистон, 7 жарима бали
3-ўрин — Оқил Собиржонов - Demilion - Ўзбекистон, 15 жарима бали

Шунингдек, “Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси Президенти Кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди. Бу турнирда қуйидаги спортчилар юксак тайёргарлик ва маҳоратлари билан ажралиб туришди: 

1-ўрин — Абдушукур Собиржонов — Samira — Ўзбекистон 
2-ўрин — Садир Мамытов — Charivari — Қирғизистон 
3-ўрин — Владимир Шмелев — First Choice — Ўзбекистон 
Ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирландилар.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар