От спорти бўйича Жаҳон кубоги финал босқичига Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда

12:52 06 Сентябр 2018 Спорт
187 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Саид Раҳмонов, “Халқ сўзи Online". “Аллюр“ от спорти мажмуасида От спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Жаҳон кубоги финал босқичи бошланди. Мазкур нуфузли мусобақанинг якуний босқичи Осиё давлатлари орасида биринчи бор Ўзбекистонда ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси мутасаддиларининг айтишича, йирик мусобақага мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш осон кечгани йўқ. Чунки Португалия ва Эквадор давлатлари ҳам шундай ташаббус билан чиққан эдилар. Халқаро от спорти федерацияси мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар билан яқиндан танишиб, йирик мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш учун етарли шарт-шароитлар мавжудлиги тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, Жаҳон кубогининг финалига мезбонлик қилишга муваффақ бўлдик.

Айтиш жоизки, нуфузли мусобақанинг Тошкент баҳсларида жаҳоннинг ўттиздан ортиқ давлатларидан келган маҳоратли чавандозлар ва от спорти усталари иштирок этмоқда. Улар орасида икки нафар ҳамюртимиз борлиги қувонарлидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

-Ҳозиргина от танлаш маросими якунланди, - дейди ўзбекистонлик чавандоз Саидамирхон Турғунбоев. - Қуръа натижаларига кўра, “Амбассадор“ лақабли тулпорда иштирок этадиган бўлдим. Бу от билан яқинда бўлиб ўтган мусобақада совринли ўринни қўлга киритганим учун бугунги баҳслардан умидим катта. Қолаверса, мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Германия ва Голландия давлатларида малака ошириб қайтдик. Ниятимиз юртимиз мезбонлик қилаётган йирик мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори ўринларни қўлга киритишдир.

Айни пайтда чавандозлар ўзларига бириктирилган тулпорларда спорт ишқибозлари учун чиқишлар қилишмоқда. Шу аснода ҳаяжонли мусобақадаги энг яқин ҳамкори ва содиқ дўсти билан ўзаро “тил топишмоқда“.

Жаҳон кубогининг асосий баҳслари эртага бошланади. Чавандозлар орасидан саралаган энг маҳоратли ва энг омадли тўққиз нафар спортчи финалга йўл оладилар.

Ғолиб ва совриндорлар эса тўққизинчи сентябрь куни аниқланиб, тантанали равишда тақдирланадилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар