От спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Жаҳон кубогининг финал босқичининг энг ҳаяжонли баҳслари бошланди

18:13 09 Сентябр 2018 Спорт
261 0
Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи".

Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ушбу мусобақада дунёнинг ўнта географик минтақасидан энг сара чавандозлар баҳслашмоқда.

Мутахассислар фикрича, Жаҳон кубоги мусобақалари қоидалари жуда осон ва қизиқарли. Унинг дастлабки босқичлари дунё бўйлаб ўнта минтақада миллий от спорти федерациялари ўртасида ўтказилиб, дунёнинг энг юқори рейтингли конкурчиларини аниқланади. Ана шундай юқори маҳоратга эга қарийб 20 нафар чавандоз Тошкентда беллашиб, улар орасидан энг кучли ўн нафари финалга чиқди. Шу боис ҳал қилувчи баҳслар ўта ҳаяжонли, ўта қизиқарли кечмоқда.

Қувонарли томони шундаки, ушбу мусобақада ҳамюртларимиз Абдушукур Собиржонов ҳамда Саидамирхон Турғунбоев Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаяпти.

Айни пайтда Жаҳон кубоги финал босқичи биринчи конкури бўлиб ўтмоқда. Ҳеч муболағасиз, дунёнинг энг сара чавандозлари чиқишини юқори малакали ҳакамлар ҳайъати ва от спорти соҳаси соҳасидаги экспертлар диққат-эътибор билан кузатишмоқда.

Уларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли қатнашмоқда. Айниқса, Абдушукур Собиржонов “Rejana“ лақабли тулпорда тўсиқларни жарима очколарсиз ошиб ўтди.

Бироздан сўнг чавандозлар иккинчи конкурга чиқишади. Унинг натижаларига кўра, ғолиб ва совриндорлар номи аниқланади.

Умид қиламизки, чавандозларимиз ҳал қилувчи баҳсларда юқори натижаларни қўлга киритишади.

Бинобарин, ушбу Жаҳон кубоги Ўзбекистон от спорти соҳаси учун ўта аҳамиятли бўлиб, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, хорижий экспертлар билан тармоқни ривожлантириш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи“ мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар