Ўсмаси бор ҳовлидан совчи узилмайди

16:40 28 Февраль 2019 Жамият
437 0

Иллюстратив фото

Ҳовлининг бир четида ўсма ўстириш момоларимиздан қолган удум. Қўни-қўшни қиз-жувонлар йиғилиб ўсма қўйиш тадбирини ўтказганликлари ҳам бор гап. Яъни бу ўзбекона пардоз суртмасини тайёрлаган хонадон бекалари қошларига ўсма тортиш учун қўшни хотин-қизларни ҳам чақириб туришган. Таъбир жоиз бўлса, ана шу илинишда ҳам халқимизнинг такрорланмас фазилати – меҳр-оқибат мужассам...

Бутун Сирдарё аҳли қатори хотин–қизларимиз ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалар, хусусан томорқалардан фойдаланиш маданиятини ва самарадорлигини оширишга оид топшириқлари ижросига фаол киришишганини кўриб, ўзбек хонадонининг ўзига хос ана шундай манзараларидан бири кўз олдимдан ўтди.

Бинобарин, ҳовлисида райҳону жамбиллар ўсмаю номозшомгуллар барқ уриб ўсиб турган уйдан файзу барака ифори аримайди. Унда шу хонадон бекаси, қизу жувонларининг аёллик нафосати, латофати, меҳнатсеварлиги ҳам акс этиб туради. Гулзордан сал наридаги сабзавот ва бошқа зироатлар эса оила қозонига масаллиқ бўлиши билан бирга қўшимча даромад ҳам келтиради.Тартиб билан экилган мевали дарахту токлар дастурхонини безайди. Остонадаги бу гулшану боғу роғдан, саранжом –саришталикдан олинган завқ совчиларда-да илк ижобий таассурот уйғотади.

Зеро, қизга келган совчилар авваламбор, у яшаётган хонадон ҳовлисининг озодалиги, саришталиги, чаманзорлигини кўздан кечирадилар. Бир парча ерга ўсма уруғи сочилганми, буни ҳам эътиборга оладилар. Чунки, халқимизда, қайнона-келин ўсма қўйишни ёқтирса, бир-бирига меҳрли-эътиборли бўлади, дейишади. Ўсма нафақат қайнона-келин, балки гап аввалида келтирганимиздек, қўни-қўшниларнинг ҳам муносабатини яхшилайди. Тасаввур қилинг, ўсма сиқилиб, қошларга тортилгач, албатта, қўшни аёл ёки келин эсга тушади. Ўсма қўйишга чақирилади. Ўсма баҳона бир оғиз суҳбат асносида кимнинг гулзорида қанақа гули бор, томорқасида нима экилгану пишган... Шундай ахборотлар натижасида томорқадан фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашишади. Яъни”Қовун қовундан ранг олади”, дейди доно халқимиз.

Бунинг устига, уй бекаси бўлган аёлларимиз бир парча ерда нимадир етиштириб, томорқани обод қилишса, рўзғор юкини тортаётган эрнинг ҳам кўнгли чароғон бўлади. Ишдан уйга қайтганда обод ҳовлисини, барқ уриб очилган гулзорни кўриб кайфияти кўтарилади, аёлига,оиласига, ҳаётга бўлган меҳри янада ошади,энг муҳими, хонадонида хотиржамлик муҳити мустаҳкам қарор топади.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек томорқа маданиятини шакллантириш хотин-қизлар маънавиятини оширишда катта аҳамият касб этади. Шу кунларда “Томорқадан фойдаланиш бўйича зарбдор 20 кунлик” шиори остида вилоятимизда олиб борилаётган ишлар замирида ҳам ана шу мақсад устувордир. Мазкур тадбир доирасида нафақат томорқадан фойдаланиш юзасидан тушунтириш–тарғибот ишлари, балки бу борада зарур амалий ёрдам ҳам берилмоқда. Ўйайманки, бугунги ғайрат-шижоат ва иштиёқ ҳадемай вилоятимизнинг барча хонадонларидаги саховатга тўла, гуллаб-яшнаган томорқаларида ўз натижасини кўрсатади.

Дилфуза ЎРОЛОВА, Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019