Осиё мўъжиза дарахти Европа технологияси асосида Ўзбекистон шароитига мослаштирилади

14:03 03 Октябр 2019 Жамият
487 0

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимида Болгариянинг “Paulownia BG” компанияси менежери Жан Дуралов ва бўлим раиси Абдуразак Мирзаевлар ўртасида Ўзбекистонда биринчи павловния плантациясини яратиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Маълумки, павловниянинг тарихий ватани Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё бўлиб, Ж.Дуралов ўн йилдан ортиқ вақтдан буён мўжизавий дарахтни етиштириш билан шуғулланади. У ўзининг технологиясини ишлаб чиқиб дарахтни Болгария шароитига муваффақиятли мослаштирди. Сўнг 2017 йилда Қирғизистоннинг “Social Tree” компаниясига Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида павловния плантациясини ташкил этишга ёрдам берди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари ва етакчи олимларидан иборат делегацияси жорий йилнинг сентябрь ойи бошларида қўшни Қирғизистон республикада икки мамлакат Фанлар академиялари томонидан ташкил этилган Халқаро илмий-амалий семинарда иштирок этишган чоғида ушбу плантацияни кўришган эди.

Бўлим раиси А.Мирзаев сентябрь ойининг иккинчи ярмида яна Қирғизистонга ташриф буюриб, Ж.Дуралов билан учрашди ва унга Навоий бўлимининг “Қизилқум” илмий-тадқиқот станцияси” давлат унитар корхонаси балансидаги Нурота туманидаги 600 гектарли лалми ерларидан бир қисмида павловния плантациясини яратиш лойиҳасини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонга таклиф қилди.

Болгариядан келган меҳмоннинг сўзларига кўра, павловния — бу оддий ўсимлик, аммо уни етиштириш учун малакали парвариш талаб этилади. У қуёш нури кўп тушадиган жойларда ўсади, шунинг учун у Ўзбекистонда мукаммал илдиз отиши керак. Ўсимликнинг ривожланиши учун зарур бўлган иссиқлик миқдорини ҳамда ҳаво ва тупроқнинг ўртача кунлик ҳароратининг йиғиндиси сифатида тавсифловчи Growing Degree Days кўрсаткич Навоий вилоятида 2814 ни ташкил этади. Бу Болгарияга нисбатан 1,6 — баравар, Иссиқкўлга қараганда 2,8 — баравар кўп даражадан ошиқроқ бўлиб, доимий ва ўртача суғориш, ўғитлаш ҳам бу масалада катта аҳамиятга эгадир.

Шу аснода, учрашув қатнашчилари лойиҳани Нуротада муваффақиятли амалга ошириш тадқиқотчилар ва тажрибали фермерларнинг иштирокида дарахтни муайян шароитларга мослаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни талаб қилади деган фикрга келишдилар.

Лойиҳа тафсилотларини муҳокама қилиш жараёнида томонлар Болгария компанияси томонидан павловния кўчатлари ва Исроилда ишлаб чиқариладиган томчилатиб суғориш тизимини етказиб бериш тўғрисида келишиб олдилар. Шунингдек, “Paulownia BG” компанияси павловния плантациясини яратиш учун барча зарур маълумотларни тақдим этиши муҳокама қилинди. Ж.Дуралов дарахтларни экишда шахсан қатнашади, агар керак бўлса унинг ўсиши даврида маслаҳат беради, беш йил давомида Ўзбекистонга ҳар 15-30 кунда бир марта келади. Шу билан бирга, Марказий Осиёда мўъжиза дарахтини етиштириш бўйича тажрибага эга бўлган Қирғизистоннинг “Social Tree” компанияси вакиллари ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.

Музокаралар якунида иштирокчилар Нурота туманида Навоий бўлимининг “Қизилқум” илмий-тадқиқот станцияси” ДУК балансидаги ерларни бориб кўришди ва Ўзбекистонда биринчи павловния плантацияси учун 50 гектар ерни белгилаб олишди. Шунга кўра, етиштирилган дарахтларнинг асосий қисми ёғоч тайёрлаш учун, маълум бир қисми пеллетлар ва ҳайвонларга баргларидан озуқа олиш учун ишлатилади.

Келгусида лойиҳанинг биринчи босқичини муваффақиятли амалга ошириш учун “Павловния” Марказини тузиш режалаштирилган бўлиб, у ерда павловниядан олинадиган имкониятлар тақдимоти ўтказилади ва манфаатдор фермерлар учун маслаҳатлар берилади. Павловния плантацияси ёнида қурилиш материаллари, чорва моллари учун гранулали озуқа ва мебел ишлаб чиқариш цехлари қурилади. Булар барчаси павловния кластерини ташкил этиш учун асос бўлади.

Ж.Дуралов Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси раҳбарияти билан ҳам учрашди ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Февзи ИСТАБЛАЕВ, ФА Навоий бўлими матбуот котиби


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019