Орсизнинг ори бўлмайди... Асло бўлмас одамий...

23:42 10 Август 2020 Жамият
368 0

Ҳар сонияда ижтимоий тармоқлар орқали дунёни ларзага солган, қанчадан қанча инсонлар умрига зомин, гўдаклар кўз ёши ва не-не юраклар изтиробига сабабчи бўлган «кўринмас бало», яъни, коронавирус инфекцияси ҳақидаги маълумотлар тинимсиз етиб келмоқда.

Бугун Ер-юзини жунбушга келтириб, барчани сергакликка тортган, ҳар бир миллат ўзини асраб қолиши учун жон куйдираётгани ҳам сизу бизга аён. Илло, дунё қозонида Соvid-19 сабаб барча миллат ва элат бирдек қайнамоқда. Бундан Ўзбекистон бир четда қолиб кетганича йўқ.

Сир эмас, юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони кўпайиб бораётгани ҳар биримизни эҳтиёт бўлишга ундайди. Аммо оғир пандемия шароитида ўз жонини хатарга қўйиб, фарзандлари, яқинларидан узоқда бўлиб, бу урушга қарши курашаётган шифокорларимиз, юрт ҳимоячилари борлиги бизга умид, ишонч, яшашга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотади.

Бироқ «гуруч курмаксиз», «беш қўл баробар» бўлмаганидек «дунёни сув босса ўрдакка не ғам» қабилада иш тутаётганларнинг борлиги эса нақадар аянчли.

Айниқса, ўзини «реклама» қилиб ижтимоий тармоқларни тўлдириб турган ёшларимиз аслида ватанпарварлик деган тушунчаларни қачон англар экан. Ижтимоий тармоқ орқали яна бир видео лавҳани кўриб ёқамни ушладим. Унда бир йигитча вилоятимиз марказидаги буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг табаррук ҳайкалларига боқиб «маска қани, бобой?», дея бемаъни ҳиринглаб, шайтоний қилиқларини кўз-кўз қилган. Ўзини турфа кўйга солган кимсага қараб, «шу боланинг ҳам ота-онаси бормикан, фарзандининг бу қилиқларини кўриб, уни қандай қабул қилар экан?» деб ўйлаб қоласан киши...

Хўш, бу каби ёшлар қаердан пайдо бўляпти, улар тарбия кўришяптими ўзи, нега, наҳотки ҳеч ким у кабиларнинг бўлмағур хатти-ҳаракатлари учун тартибга чақириб қўя олмайди? Аслида унинг мақсади нима эди?

Ҳозир баъзи бир ёшлар орасида урфга айланган «қай усулда бўлса ҳам фарқи йўқ, фақат тезроқ танилиш», «касаллиги»ми, ёки зерикканидан кўча айланишга чиққан саёқми?! Тўғри, бу гапимдан «Ҳамма уйда қолиш керакку», дейишингиз мумкин. Лекин тоғни урса талқон қиладиган ёшдаги бу «ўйинқароқ» ҳам қанчадан қанча кўнгилли ёшлар қаторида эзгу ишларга вақтини сарфласа бўлар эдику?! Маънавиятимиз, маданиятимизга, қадриятларимиз ва урф-одатларимизга зарар етказаётган «зараркунада»га бу сўзлар ҳайф эканлигини тушунасану, бироқ...

Беихтиёр, Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида келтирилган: «Олимлар ер юзида одамсимон маймунлар камайиб кетяпти, деб бонг урмоқда. Улар ташвишланмаса ҳам бўлади. Ер юзида маймунсимон одамлар кўпайиб бормоқда...» дея қайд этгани ёдимга тушди.

Шунда бундай тоифаларга бобомизнинг ўз асарларида қўллаган ҳилмлиги ила бир сўз дея оласан, холос:
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.
Ким, кучук бирла хутукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами.

Дилноза АБДУҲАМИДОВА,
Навоий вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?