«Орол»да маданият маркази иш бошлади

11:18 07 Сентябр 2020 Маданият
232 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида Андижон вилоятида ҳам бир қанча ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Андижон тумани ҳокимлиги маданият бўлимига қарашли «Орол» маданият маркази қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

— Бу бинонинг фойдаланиши биринчидан, ҳудуддаги истеъдод эгаларини кашф этиб, уларнинг санъатини ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчидан, аҳолининг маданий хордиқ олишлари учун имконият яратади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Матлубахон Ғаниева. — Қолаверса, фарзандларимиз ўзларининг бўш вақтларида бу ерда яратилган шароитлардан унумли фойдаланишлари мумкин.

Марказда 200 ўринли томоша зали, 5 та тўгарак хонаси, 1 та кутубхона мавжуд бўлиб, ҳозирда «Ниҳол» болалар фольклор ансамбли, 2 та «Ашула» тўгараги фаолият кўрсатмоқда. 40 нафардан ортиқ ҳаваскорни қамраб олган марказда келгусида «Рассомчилик», «Ашула», «Рубоб», «Доира», «Рақс», «Заковат клуби» каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида машғулот иштирокчиларининг сони 400 нафарга етиши кўзда тутилган.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?