Оролбўйида ОТБ иштирокида янги лойиҳа амалиётга татбиқ этилади

09:50 23 Август 2019 Жамият
69 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Осиё тараққиёт банки иштирокида Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Унда Президентимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш“ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Нукус ва Мўйноқ туманларидаги аҳолини ва хўжалик юритувчи субъектларнинг сифатли ичимлик суви таъминотини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси сув таъминоти оғир бўлган ҳудуд. Бугунги кунда жами 1,8 миллион аҳолининг 972 минг ёки 52,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, узоқ ҳудудларда жойлашган ҳудудларда яшовчи 4,3 фоиз аҳолига ичимлик суви махсус транспортлар орқали етказиб берилади. Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Нукус ва Мўйноқ туманларида эса ичимлик суви таъминоти 36,6 фоизни ташкил этади.

– Қорақалпоғистон Республикаси аҳоли пунктлари ичимлик суви таъминоти “Туямўйин – Нукус – Чимбой – Тахтакўпир” минтақалараро сув қувури, “Тахиатош – Қўнғирот” сув қувурлари ва ер ости сув манбалари орқали таъминланади, – деди Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров. – Мазкур ҳолатларни бартараф этиш ҳамда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида чет эл инвестициялари, яъни Осиё тараққиёт банки кредити жалб қилинишига эришилди. Олиб борилган музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида лойиҳани тайёрлаш ва амалга ошириш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Шу тариқа, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларидан экспертиза ва келишувдан ўтказилди ва ушбу ҳужжат давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 9 апрелдаги қарори билан тасдиқланди. Лойиҳадан кўзланган мақсад Қорақалпоғистон Республикасининг олтита тумани қишлоқ аҳоли пунктларида яшайдиган аҳолини доимий ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш, уларнинг соғлиғини ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 145,0 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, у Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредити эвазига амалга оширилади. Бу жараёнда “Тахиатош” сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва қувватини суткасига 120,0 минг метр кубга етказиш орқали кенгайтирилади. 6 янги сув тақсимлаш иншоотини барпо этиш ва 21 тасини реконструкция қилиш, диаметри 76-450 миллиметргача бўлган умумий узунлиги 292,58 километр бўлган сув тақсимлаш иншоотига келувчи магистраль сув тармоқлари ҳамда туман марказлари ва қишлоқ ҳудудларида умумий узунлиги 921 километр бўлган турли диаметрдаги сув тақсимлаш тармоқларини қуриш каби ишлар шулар жумласидан.

Тадбирда иштирокчиларга бу ҳақда маълумот берилар экан, лойиҳанинг амалий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ва объектларни фойдаланишга топширилиши 2023 йилга мўлжалланган. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида лойиҳа ҳудудларида истиқомат қилувчи 390 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиши ва 200 мингга яқин аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб берилиши кутилмоқда. Натижада ҳудудда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 90 фоизга етказилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019