Оролбўйидаги ёрдамга муҳтож мингта оилага ҳомийлик ёрдами кўрсатилади

12:13 28 Апрель 2020 Жамият
342 0

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида қорақалпоғистонлик ёшлар фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Нукус шаҳридаги 300 дан кўп хонадон, ёрдамга муҳтож кекса одамларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши фаоллари ҳамда тадбиркорлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, кўчатлар етказиб берилди.

Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали талабалари Рустам Мадраимов ва ЖақсилиқДаулетназаров қуёш панеллари ёрдамида ёнилғисиз ишлаган ҳолда саксовул уруғи экадиган ускуна ихтиро қилишди. Эътиборли жиҳати, ундан фақат саксовул экишда эмас, ғўза қатор ораларига ишлов беришда ҳамда полиз экинлари ҳашоратларига қарши курашишда ҳам фойдаланиш мумкин, дейди ёш ихтирочилар.

Карантин даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоқларида эълон қилинган танловларда, бир-биридан қизиқарли лойиҳаларда минглаб ёшлар иштирок этмоқда.

Хусусан, «Ёшлар-келажагимиз» жамғармаси эълон қилган «Уйда қол, фойда ол» челленжида қорақалпоғистонлик қирқ нафар ёш тадбиркор ва ҳунарманд ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни намойиш этди.

Ана шулардан бири Тахиатош тумани «Саройкўл» овул фуқаролар йиғинидан гилам тўқувчи Жерен Келова ғолиб сифатида 1 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Шу тумандаги “Кенегес” овул фуқаролар йиғинидан Ўғилой Шомуродова эса қўзиқорин етиштириб, яхши даромад топмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгашига кўра, умумхалқ ҳаракати давомида Оролбўйидаги ёрдамга муҳтож мингта оилага ҳомийлик ёрдами кўрсатилади.

Ҳидоят АҲМЕДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?