Ўрмон хўжалиги: миллиардлаб даромад топиш имкониятидан қачон фойдаланамиз?

16:22 09 Сентябр 2020 Сиёсат
213 0

Ўрмон хўжалигини ривожлантиришнинг ижобий томонлари кўп. Ўрмон – бу аввало, яшиллик олами, экологияга ижобий таъсир демакдир. Табиатнинг бу бебаҳо неъмати неча минг йиллардан бери инсониятга ҳамроҳ бўлиб, хизмат қилиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам ўрмонларнинг аҳамияти янада ошди. Иқтисодиётнинг ресурс базасини кенгайтириш, доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлашда ўрмонларнинг муҳим ўрни бор. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу соҳага эътибор янада кучайди. Ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан шу масалада ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланди, келгусидаги устувор вазифалар белгиланди. Хусусан, Президентимиз бир қатор вилоятлар жумладан, бу йўналишда Сурхондарё вилоятида ҳам катта имкониятлар борлиги, уларни халқимизнинг обод турмуши учун сафарбар қилиш мумкинлигини кўрсатиб ўтди. Ҳақиқатан ҳам, Сурхон воҳасида ўрмон хўжалигини янада ривожлантириш учун табиат инъом этган неъматлар бисёр.

Биргина мисол, вилоятда Бойсун, Сурхондарё, Боботоғ, Узун ва Қизириқ давлат ўрмон хўжаликлари ҳамда Ҳисор ихтисослашган ўрмон хўжалигининг умумий ер майдони 376 минг 73 гектарни ташкил этади. 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида воҳада 122 гектар майдонда иҳота ўрмонзорлари барпо этилди, 633 гектар ер майдони ўзлаштирилди.

Видеоселектор йиғилишида ўрмон фонди ерларини ўзлаштиришга ҳам субсидия ва имтиёзлар жорий этиш, хусусан, суғориш насослари харид қилиш, қудуқлар қазиш ишларини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари, кўп жойларда, шулар қатори Узун, Бойсун туманларида ўрмон хўжалиги резервларидан фойдаланиш ишлари етарлича ташкил этилмаганини танқид қилди. Албатта, бундан тўғри хулоса чиқаришимиз керак.

Бугун соҳани янада ривожлантириш масаласи кун тартибига чиқди. Яқинда вилоят ўрмон хўжаликларининг 27 минг 500 гектар майдонида 1100 гектар писта плантациялари барпо этилади. Шу билан бирга, 2021-2020 йилларда 2 минг гектар ҳудудда ёнғоқ ва пистазорлар ташкил этилади. 70 гектар майдонда тезўсар ва серёғоч павловния дарахтлари экилади.

Имкониятлардан унумли фойдаланилса, Узун тумани Боботоғ ҳудудида етиштириладиган 27 минг гектардаги пистазорнинг ўзидан келадиган даромад 25 миллиард сўмдан ошиб кетиши мумкин. Ёки Коврак доривор ўсимлиги экспортининг ўзи 10 миллион долларлик даромад келтириши мумкин. Вилоятимизда етиштирилаётган ва ўзининг илк ҳосили нишоналарини кўрсатаётган заъфарон ўсимлигидан келадиган даромаднинг ҳам тадбиркорлар чўғини баланд кўришмоқда.

Ўрмонлар – юрт бойлигидир. Табиатнинг шифобахш неъматларини асраб-авайлаш, ўрмон хўжалигини ривожлантириш фаровонлик ошишига, янги иш ўринлари кўпайишига кенг йўл очади. Зеро, бой заминнинг халқи ҳам бой бўлиши керак.

Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?