Ўрганиш натижалари, таҳлил ва назорат

10:10 30 Май 2018 Сиёсат
790 0

Аввал хабар қилинганидек, парламент аъзолари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга бевосита кўмаклашиш мақсадида жойларда фаолият олиб бордилар.

Айни пайтда ҳудудларда ушбу ўрганишлар натижалари парламент аъзолари иштирокидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинмоқда. Уларда ислоҳотлар самараси, давлат идораларининг аҳоли мурожаатларини ҳал этишдаги фаолияти, парламент аъзолари томонидан туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш давомида аниқланган камчилик ва муаммолар, уларни бартараф қилиш чора-тадбирлари муфассал кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилиняпти.

Чунончи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этган халқ депутатлари Косон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш бугунги кунда устувор вазифалардан бири эканига урғу берилди.

Сессияда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан ўтказилган ўрганишларда айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш-профилактика муассасаларида 69 нафар шифокор етишмаслиги, шунингдек, тўрт қаватли марказий шифохона, икки қаватли болалар шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиника, силга қарши курашиш бўлими, тез тиббий ёрдам бўлими, марказий автоклав бўлими, 9 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда қишлоқ врачлик пункти капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланган. Соғлиқни сақлаш соҳаси масъулларига бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш ҳамда чорак якунлари бўйича унинг ижроси юзасидан бирлашма раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.

Туман ҳокими ўринбосарининг аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш тизимини ташкил қилиш бўйича Президентимизнинг тегишли Фармон ҳамда қарори ижросига бағишланган ахбороти ўрганилди. Мазкур масала бўйича ҳам соҳадаги муаммолар ва йўл қўйилган камчиликларга алоҳида тўхталиб, уларни бартараф этиш юзасидан қуйи палата депутатлари киритган таклифлар  эътиборга олинган ҳолда амалий ишлар режаси келишиб олинди.

Халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгаши сессиясида аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш соҳасида қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Таъкидланганидек, туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа мутасадди идоралар томонидан бу борада муайян ишлар амалга оширилиши баробарида, айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Сессияда зиммасидаги вазифаларни бажаришда сусткашлик билан ишлаган айрим раҳбар ходимлар фаолияти кескин танқид қилинди. Туман фаоллари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари олдига мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш натижалари халқ депутатлари Қораўзак тумани Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат ижроси юзасидан туманда секторлар фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.

— Албатта, ислоҳотлар бугун ўзининг амалий натижаларини бераяпти, лекин шу билан бирга, мавжуд муаммолардан ҳам кўз юмиб бўлмайди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жолдас Абдужамилов. — Сессия давомида ана шу масалалар ечимига амалий ёндашилди ва ижобий натижага эришилди. Бандлик масаласида қўлга киритилган натижалар, айниқса, барчамизни қувонтирди. Биргина мисол, мана шу ўрганишларимиз давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда 53 та ташкилот ҳамда корхона 500 иш ўрни билан қатнашди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу тадбир туфайли 185 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, сессияда ўрганишларда фуқаролардан ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш масалалари бўйича билдирилган мурожаатлар масъул мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди. 7 та кўчанинг 4,7 километр узунликдаги ички йўлларини таъмирлаш ва асфальт ётқизиш масаласи 2018 йил “Йўл харитаси”га киритилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 
материаллари асосида тайёрланди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019