Органик қишлоқ хўжалиги тизим муаммоларини бартараф этади

04:03 23 Май 2020 Сиёсат
282 0

Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи соҳаларидан бири бўлгани боис уни изчил ривожлантириш доимий эътиборда турибди. Хусусан, аграр тармоқ имкониятларидан кенг фойдаланиш, айниқса, экспорт салоҳиятини ошириш иқтисодий тараққиёт кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланган, десак муболаға эмас.

Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам айни мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятли. Шу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш юзасидан тегишли “йўл харитаси” тасдиқланди.

Унда қайд этилганидек, мамлакатимизда интенсив хўжалик юритиш усуллари натижасида қишлоқ хўжалиги экинларининг йиллик ялпи ишлаб чиқариш ҳажми ошишига эришилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида 2018 йил якунларига кўра, аҳолининг сабзавот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш даражаси 243, картошка – 157, полиз – 241, мева – 107, узум – 269, гўшт – 111, сут – 225 ва тухум – 106 фоизни ташкил этди.

Ушбу йўналишдаги ҳосилдорлик кўрсаткичлари яхши, бироқ бундай натижаларга асосан кўп миқдорда минерал ўғитлар ва кимёвий препаратлардан фойдаланиш орқали эришилмоқда. Боз устига, бу жараёнда кўпроқ сифатга эмас, миқдорга эътибор қаратиляпти, экология ҳам зарар кўрмоқда. Ташқи ресурслардан фойдаланиш эмас, балки экотизимни бошқаришга асосланувчи органик қишлоқ хўжалиги тизими эса айнан шу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Бунда аграр тармоқдаги жараёнларнинг экология ва инсон саломатлигига таъсири ҳисобга олинади. Хусусан, зарарли пестицидлар, синтетик ўғитлар, ветеринар дори воситалари, генетик модификацияланган уруғлар, консервантларнинг ўрнига тупроқ унумдорлигини сақлайдиган ва оширадиган, зараркунандалар ва касалликлар кўпайишининг олдини оладиган усул ва амалиёт киритилади.

Шу жиҳатдан Концепцияда органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, транспортда ташиш, сақлаш, тамғалаш, реализация қилишни тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базани яратиш назарда тутилган. Бу жуда муҳим масала, чунки аҳолини хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва шу билан бир қаторда, табиий муҳит уйғунлигини сақлаш масалалари барча тараққий топган мамлакатларда долзарб масалага айланган. Шу боисдан юртимизда ушбу соҳа бир текисда ривожланиши учун ундаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик негизини шакллантириш зарур.

Шунингдек, Концепцияда сертификатлаш, аккредитация ва назорат тизимларини шакллантириш ҳам назарда тутилган. Бу ҳам мазкур соҳани ривожлантиришда муҳим ҳисобланади. Дўконлардан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаётганингизда эътибор берган бўлсангиз, айрим маҳсулотларда “экологик тоза”, “хавфсиз” ёки “органик” деган ёзувлар туширилган. Фермерлар ўз товарларига бундай ёзув тушириш ҳуқуқини қўлга киритиши учун органик қишлоқ хўжалиги соҳасидаги махсус сертификатлар ва тегишли ҳужжатларни олишлари керак. Айнан шундан ҳужжатларини қўлга киритган миришкорларимиз бемалол тотли маҳсулотлари билан жаҳон бозорларига йўл олишлари мумкин.

Концепцияда органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш учун малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакаларини ошириш, миллий ишлаб чиқарувчилар учун ички бозорларни ривожлантириш ва экспорт географиясини кенгайтириш, органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш доирасидаги илмий-тадқиқотларни кенгайтириш каби йўналишлардаги муҳим чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.

Умуман, бу Фармон аграр тармоқ имкониятларидан кенг фойдаланиш, аҳолини хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Баҳодир ТОЖИЕВ, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?