Оқсилга бой соя ҳосили

18:32 24 Сентябр 2019 Жамият
316 0

Бугун Янгийўл туманидаги “Янги ҳаёт” ҳудудида жойлашган “Агробиохолдинг” МЧЖнинг дала майдонида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16-январдаги ПҚ-4118-сонли қарори ижросини таъминлаш, етиштирилган соя ҳосилини ўриб-йиғиб олиш технологиясини оммалаштириш - бугунги куннинг асосий вазифаси мавзусида илмий–амалий семинар ўтказилди.

Унда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб-чиқариш маркази, Тошкент давлат аграр университетининг олимлари ва масъул ходимлари ҳамда мойли экинлар етиштирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари, ёғ-мой корхоналари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган ушбу семинарда таъкидланишича, дунё аҳолисининг сони ортган сайин, истеъмол ёғлари ва озиқ-овқатлар хавфсизлигини таъминлаш муаммоси асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Кишиларда соя ёғини истъемол қилишга талаб кучаяётир. Чунки, соя таркиби оқсилга ниҳоятда бой бўлиб, инсон саломатлиги учун муҳим манба ҳисобланмоқда.

Қолаверса, соядаги оқсил гўштдагига нисбатан 3-5 маротаба арзон. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, соя ўсимлигининг дони ва оқсилидан юз хилдан зиёд маҳсулотлар тайёрланади. Шу боис, бутун дунёда соя етиштириш ҳар йили 4-5 фоизга ортиб бораётир. Унинг дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи мавжуд. Шроти ва пояси чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантиришда асосий озуқа базаси ҳисобланади.

Бугунги кунда соя етиштиришга ихтисослаштирилган хўжаликлардаги ер майдонларининг мелиоратив ҳолати тубдан яхшиланмоқда. Чунки, соя экилган 1 гектар ерда 120-150 килограмм соф ҳолдаги азот тўпланади. Бу тупроқ таркибини яхшилаб, биологик жараёнлар фаоллигини оширади. Ана шуларни эътиборга олган ҳолда бугунги кунда республикамизда 16,2 минг гектар майдонда соя етиштирилмоқда. Бу албатта, ёғ-мой ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг барқарор ишлашига олиб келмоқда. Жумладан Самарқанд вилоятидаги Оқдарё туманида жойлашган “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи, дунёдаги етакчи компанияларнинг илғор технологиялари билан жиҳозланган “Юнусжон аҳли” МЧЖни олайлик. Бу ерда соя уни, оқсил изоляти ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Йилига 30 минг тонна соя донини қайта ишлаш қувватига эга бўлган бу корхона Ўрта Осиёдаги ягона саноат объекти ҳисобланади.

Бугунги семинарда на шу каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мавжуд майдонларда етиштирилган соя ҳосилини ўриб-йиғиб олиш технологияси борасида қўлга киритилган мавжуд ютуқлар ва иш тажрибаларини оммалаштириш зарурлиги қайд этилди. Шу масалага йўналтирилган ўқув-амалий машғулотлари ўтказилди. Соҳа олимлари ва мутахассисларнинг маърузалар тингланди.

Шодиёр Мутаҳаров, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019