Оққўрғондаги мактаб-интернатнинг тарбияланувчилари нега тери-таносил касалликларига чалинди?

12:26 07 Май 2018 Жамият
1335 0

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бинобарин, жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан етилиб улгурмаган ва аҳолининг энг ҳимояланмаган қатлами саналган вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари республикамизда давлат муҳофазасига олинган.

Тошкент вилояти прокуратураси органлари томонидан мазкур йўналишда амалга ошириладиган назорат фаолияти вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг соғлигини сақлаш ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш соҳаларида қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, шу жумладан ижтимоий хавфли ҳолатда бўлган болалар, кам таъминланган ва кўп болали оилалар фарзандлари, ногирон ва ота-она ғамхўрлигисиз қолган болаларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишга қаратилган.

Юқоридаги вазифаларни ижро қилиш доирасида вилоят прокуратураси томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти ўрганилиб, текширилганда ўта қўпол қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилди.

Текширишда аниқланишича, мактаб-интернат мансабдор шахслари узоқ йиллар давомида “кўзбўямачиликка” йўл қўйиб, юқори турувчи инстанцияларга таълим-тарбия муассасасидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида нотўғри маълумот бериб келишган.

Хусусан, текшириш вақтида мактаб-интернатда санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя қилинмаганлиги маълум бўлди.
Масалан, мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида ётоқхоналар ташкил этилмагани, ётоқхонада яшовчи болаларга ювиниш учун шароитлар яратилмагани, ҳаттоки таълим муассасасининг 33 нафар ходимлари тиббий кўрикдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келишаётганлиги соҳа раҳбарлари масъулиятни мутлақо унутиб қўйишганидан далолат беради.

Ачинарлиси, кўп йиллардан буён мактаб-интернат ётоқхонасида мавжуд ҳожатхона носоз ҳолда бўлиб, болалар ундан санитария-гигиена талабларига зид равишда фойдаланиб келаётганлиги ҳамда зарарсизлантирувчи эритмалар таъминоти йўқлиги натижасида бир қанча тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалинганлиги барчани ташвишга солиши лозим.
Таълим муассасасининг мансабдор шахслари томонидан ушбу касалликларни эрта аниқлаш ва болалар касалланишининг олдини олиш чоралари кўрилмасдан, аксинча, нотўғри даволаш ишлари ўтказилиб, тиббий меъёрларга мос бўлмаган муолажалар олиб борилган.

Бундан ташқари, муассасада таълим-тарбия ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида номаълум шахслар томонидан таълим муассасасининг 16 ёшга тўлмаган тарбияланувчилари ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилинган.

Шунингдек, муассаса раҳбариятининг бепарволиги оқибатида таълим муассасасининг 16 ёшли бошқа бир тарбияланувчиси И.Соколовнинг бир ярим ойдан буён дарс машғулотларига қатнашмасдан, бедарак йўқолганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар берилмаган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан мактаб-интернат мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки тергов давомида аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига қонуний баҳо берилиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва айбдор шахсларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш чоралари таъминланади, дейилади Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тарқатилган ахборотда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019