Оқлов ҳукми чиққан фуқаро нега қайта судга тортилмоқда, ёки инсон тақдири шунчалик “ўйинчоқ”ми?

10:57 20 Февраль 2020 Жамият
797 0

Таҳририятга Қарши туманидаги Боғобод МФЙ Тўқманғит қишлоғида яшовчи фуқаро Обид Амирқуловдан ариза келиб тушди. Унда айтилишича муаллиф Қашқадарё вилоят Косон тумани ИИБ ЖҚваЎЖҚКБ (Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси) катта тезкор вакили бўлиб ишлаган пайтда 2011 йилнинг 15 октябрида ЎзР.ЖКнинг бир неча моддалари билан айбланиб, қамоққа олинган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2012 йил 12 мартдаги ҳукмига кўра 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Шундан бери ўтган 8 йиллик сарсон саргардонликлардан кейин ниҳоят 2019 йилнинг 1- августида Ҳарбий суди аппеляция судлов ҳайъатининг қарори билан ушбу жиноят ишининг Обид Амирқуловга тегишли қисми кўриб чиқилиб, тўлиқ оқлов ҳукми эълон қилинган.

Аммо О. Амирқуловнинг қувончи узоққа бормади. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг оқлов ҳукми Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан билдирилган назорат тартибидаги протести асосида чақириб олиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 23 январдаги ажрими билан бекор қилинган ва жиноят ишининг шу қисми янгидан аппеляция тартибида бошқа таркибда кўриб чиқиш учун юборилсин, деган ажрим чиқарилган. Лекин кимга юбориш ажримда келтирилмаган.

Хат муаллифи таъкидлаганидек, 8 йиллик тинимсиз мурожаатлар, ота- онаси ва ўзининг соғлигини йўқотиб, чеккан азоблари эвазига эндигина оқловга эришганида яна бу ишлар қайтадан бошланадиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг оқлов ҳукмига назар ташласак, биринчи инстанция судининг айбланувчига нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 205- моддаси 2-қисми, “а,в” бандлари, 206- моддаси 2-қисми, “а,в” бандлари, 210-моддаси 3- қисми “б” банди, 241- прим 1 моддаси, 276- моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган айблов хулосаларида далилларнинг етарли эмаслиги ва бу айбловлар ўз исботини топмаганлиги, ушбу моддаларда назарда тутилган жиноятлар таркиби бўлмаганлиги сабабли ушбу ҳукмнинг Обид Амирқуловга оид қисми бекор қилиниб, ЎзР ЖПК нинг 83- моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, оқлансин ҳамда жиноят ишининг унга оид қисми тугатилсин, дейилади.

Аммо ушбу жиноят иши бўйича ҳеч қандай эътироз билдирилмаган, ариза ёки шикоят тушмаган бўлсада, республика прокуратураси томонидан негадир қайта текширилади ва чақириб олинади. Бунинг сабабини эса муаллиф қуйидагича изоҳлайди.

-Мен моддий зарарни ва ишимга тиклашни сўраганимдан кейин шу гаплар бошланди, -дейди у. — Ҳарбий суд 2020 йил 9 январ куни моддий ва маънавий зарар бўйича ҳал қилув қарорини чиқарди. 23 январда эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди республика прокуратурасининг протестига асосан мени оқлаш ҳақидаги ажримни бекор қилди. Оқлов ҳукмида ҳамма ҳолат батафсил очиб берилган. Суд айбим йўқлигини, жиноят ишида мавжуд эмаслигини далиллар билан юз фоиз исботлаган. Лекин 2019 йил 18 декабр куни республика прокуратураси ҳеч қандай ариза ёки бошқа асоссиз жиноят ишини назорат тартибида чақириб олди. Беш ой танишди.

Ахир, Президентимиз яқиндаги Мурожаатномасида эски тузумдан қолган суднинг чиқарган қонуний қарорларини прокуратура томонидан назорат тартибида чақириб олиб, бекор қилиш амалиётини тўхтатиш керак, дедилар. Булар эса тескарисини қилмоқда.

Фикримча менга 100 миллион сўмдан ортиқ моддий ва 40 миллион сўм маънавий зарарни тўламаслик, аввалги ишимга қайта тикламаслик мақсадида бу ишлар қилинмоқда. Агар тиклаш нияти бўлганида мен оқлов қарори бўйича 2019 йил 25 октябр куни ўз ишимга қайта тикланишим керак эди.

Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозим. Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин”, дея таъкидлаган эдилар.

Мурожаатда таъкидланганидек, ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди, -деди Юртбошимиз.

Аммо, амалда ҳануз бунинг тескариси бўлмоқда. Хўш, республика прокуратураси бу ишни нега ва кимга қарши қилмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Қолаверса, айбсиз 8 йил қамоқда ўтириб чиққан инсоннинг тақдири, топталган қадри-қиммати учун ким жавоб беради?

Ариза муаллифи билан бўлган суҳбатимизда у собиқ МХХ ходимларининг қилмаган ишини бўйнига олдириш, айтмаган гапини айттириш учун қўллаган турли усуллардаги тазйиқлари, руҳий тушкунлик, умидсизликдан қадди букилиб, кўрган азоблари ҳақида гапириб берди.

-Мени сўроқ қилганда сен ўзи айбингни биласанми, деб сўрагани ҳам йўқ, -дейди суҳбатдошимиз. -Бошлиғимнинг қилган ишларини ёзиб беришимни сўради. Мен билган нарсаларимни ёздим. Лекин улар ўзлари истаган нарсасини ёзиб беришимни сўрарди.Албатта, мақсад қамаш бўлган, қамади. Мен айбсизлигимни исботлаш учун 8 йил тинимсиз ёздим. Эришганим мана шу оқлов. 18 варақли оқлов қарорида барча далиллар келтирилди. Лекин Олий суднинг ярим варақли қарори билан бу оқлов бекор қилиняпти. Бу ажримда менинг нима иш қилганим ҳам ёзилмаган. Назорат тартибида ўрганиб, асос келтиролмаган. Тафсилотларни беришмади.

Энди Президентимиз таъкидлаганидек, судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилиши, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди, деб турганимизда яна балоларга дучор қилишмоқда. 8 йиллик ота онамнинг азоби ва мана шу сочимнинг оқариши ўзи менга етарли эмасми. Оқланганимдан бери 5 ой ўтди ҳамки ишга тиклана олганим йўқ. Моддий ва маънавий зарар қопланмади. Ҳар куни ғурбат, ташвишдан бошим чиқмай қолди. Энди Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судига чақиришяпти. Энг қизиғи, республика миқёсидаги ҳарбий суд раисининг имзоси билан мен оқланяпманда, шаҳар миқёсидаги судя менинг оқловимни муҳокама қилар экан?! Ўша пайтдаги сўроқ қилинган одамлар яна сўроқ қилинадими? Улардан бири эса вафот этган. Мен яна ё айбдор бўлишим керак, ёки оқланишим керак. Хўш бу ишлар нима учун керак. Бу яна оворагарчиликлар, сарсонгарчиликдан бошқа нарса эмас. Агар айбдор бўлсам Олий суднинг ўзида оқловни бекор қилиш қарорига қўшимча ажрим қилиб, мени қайта ҳибсга олиши мумкин эдику. Лекин бу ишни яна шаҳар судига юбориб, қўпол қилиб айтганда бир инсонни бу даражада “копток” қилиб бир бирига тепишнинг нима кераги бор. Инсон тақдири уларга шунчалик “ўйинчоқми”?.

Ариза муаллифининг таъкидлашича ЎзР жиноят процессуал кодексининг 510 прим 1 моддасининг 1 қисми 2 бандида ЎзР Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими устидан ЎзР Олий суди Раёсатига шикоят қилиш ҳуқуқига эга. 30 январ куни шикоят тақдим этилган. Унда ҳар бир ҳолат келтирилган. Лекин иш Раёсатда кўрилмади. Аслида бу иш Раёсатда кўрилиб, апелляция инстанциясида кўриш ёки бекор қилиш ҳақида ажрим чиқарилиши керак. Яъни, Раёсатга юборилган хатга икки хил жавоб келиши мумкин, – ажрим ёки қарор.

Ушбу аризада келтирилган воқеалар юзасидан бир неча саволлар пайдо бўлиши табиий. Аввало, суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб қайта текшириш амалиёти нега ҳануз барҳам топмаяпти? Ариза муаллифи каби фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини сўраб Олий суд Раёсатига қилинган мурожаатлар нега Раёсат томонидан кўрилмаяпти? Фуқароларни ноқонуний жавобгарликка тортгани учун нега тергов органлари ва судялар жавоб беришмайди? Бундай ҳолатлар халқимизнинг судларга бўлган ишончига путур етказмайдими?

Таҳририят ушбу саволларга тегишли мутасаддилардан жавоб кутиб қолади.

Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?